Британия Колумбияси қишлоқ хўжалиги вазири Канаданинг агробизнесдаги энг илғор тажрибасини Ўзбекистон билан баҳам кўришга тайёр

Ўзбекистоннинг Канададаги элчиси (қароргоҳи Вашингтон шаҳрида жойлашган) Жавлон Ваҳобов Канаданинг Британия Колумбияси провинцияси қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва балиқчилик вазири Лана Попхем билан учрашди.
Дипломатик ваколатхонамизнинг маълум қилишича, Л.Попхем Ўзбекистон агросаноати салоҳияти, жумладан, республикада қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳудудларнинг ўзига хослиги ва ихтисослашувини ҳисобга олган ҳолда фермерларни қўллаб-қувватлаш тизими билан танишди.
Тақдимот чоғида 2020-2030 йилларга мўлжалланган Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегияси ва Ўзбекистон сув хўжалигини ривожлантиришнинг концепциясининг устувор вазифалари ҳамда мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасига мавжуд эҳтиёжлар алоҳида таъкидланди.
Канада вазири ҳукуматимиз томонидан аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида кўрилаётган чора-тадбирларни олқишлади. Aгросаноат комплексларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашни давом эттириш, қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш, сув хўжалигига янги механизмлар ва рақамли технологияларни жорий этиш, шунингдек, ер ва сувдан фойдаланиш самарадорлиги кўрсаткичларини ошириш алоҳида қизиқиш уйғотди.
Л.Попхемнинг сўзларига кўра, КОВИД-19 пандемиясига чидамлилик Британия Колумбиясидаги фермерлар, ишлаб чиқарувчилар ва қайта ишловчиларнинг ўзига хос белгисига айланди. 2020 йилда биринчи марта даромад 16 миллиард доллардан ошди, шунингдек, 500 та янги иш ўрни яратилиб, соҳадаги бандлик 68,2 минг кишидан ошди. Вазир таъкидлашича, 2020 йил Британия Колумбияси 151 халқаро бозорга 4,8 миллиард долларлик қишлоқ хўжалиги ва денгиз маҳсулотлари экспорт қилди.
Элчихонамиз маълумотларига кўра, провинция фермерларга маҳаллий маҳсулотларни минтақавий ва халқаро бозорларда тарғиб қилишда ёрдам бериш учун «Grow BC», «Feed BC», «Buy BC» каби қатор дастурлар орқали Британия Колумбиясининг озиқ-овқат тизимини мустаҳкамлашга интилади.
Шуни таъкидлаш керакки, Британия Колумбиясидаги ҳар бир қишлоқ хўжалиги ҳудуди (жами 8 та) ўзига хос хусусиятга ва ўсиш шароитларига эга ва уларнинг ҳар бири бир қатор экинлар, чорвачилик ва қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш билан машҳур. Британия Колумбиясида 1500 дан ортиқ озиқ-овқат ва ичимликлар ишлаб чиқарувчи корхоналар мавжуд.
Шунингдек, Канада томони билан Британия Колумбияси провинциясига Ўзбекистондан вақтинчалик/мавсумий ишчиларни жалб қилиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Қайд этилишича, Британия Колумбиясига ҳар йили 12 мингга яқин мавсумий меҳнат муҳожирлари, асосан, Мексика ва бошқа Лотин Aмерикаси давлатларидан провинциянинг қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаш учун 5-6 ой муддатга келади.
Элчихона маълумотларига кўра, яқин кунларда Канада вазири мамлакатимизнинг тегишли вазирлик ва идоралари вакиллари билан онлайн учрашув ўтказиб, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик қилиш ва Ўзбекистондан Британия Колумбиясига мавсумий ишчиларни жўнатиш истиқболларини муҳокама қилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг