Божхоначилар тизимли чора-тадбирларни амалга оширмоқда
Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитасининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси жамоаси кейинги йилларда бир қатор ютуқларга эришмоқда. Жумладан, мамлакатимиз сарҳадлари дахлсизлиги, шунингдек иқтисодий хавфсизликни таъминлаш, иқтисодий суверенитет ва миллий манфаатларни ҳимоя қилиш, ташқи иқтисодий фаолиятни, жумладан экспорт ва импорт жараёнларини қўллаб-қувватлашда кенг кўламли иш олиб бормоқда. Вилоят божхоначиларининг 2025 йил якуни сарҳисоб қилинган навбатдаги брифингида шу ва бошқа масалалар хусусида гап борди.

-Бугунги кунда бошқармамиз тузилмаси 14 та божхона пости, 82 та божхона омбори, 2 та бож олинмайдиган савдо дўкони ҳамда қарийб, 6 минг нафар ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини қамраб олган,-дейди Тошкент вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Каҳрамон Умаров.-Ходимларимизга барча жараёнларда фаолият кўрсатишига етарли шароитлар яратилган. Экспорт-импорт операцияларини амалга ошириш, тадбиркорлар ва сармоядорлар билан бевосита шаффоф мулоқот олиб бориш, тегишли ҳужжатларни тезкор расмийлаштириш каби жараёнлар шулар жумласидандир.

Мамлакатимиз иқтисодий барқарорлигини таъминлаш борасида ўтган 2025 йил давомида бошқарма томонидан жами 17,3 трлн сўмлик божхона тўловлари ҳисобланди. Шундан тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 8 трлн сўмлик божхона имтиёзлари тақдим этилди, қолган 9,3 трлн сўм давлат бюджетига йўналтирилди. Имтиёз қўлланилган асосий товарлар қаторига транспорт воситалари ва уларнинг эҳтиёт қисмлари, технологик асбоб-ускуналар, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда металл хом ашёлари киради.

Ҳисобот даврида асосий савдо ҳамкорларимиз бўлган Қозоғистон, Хитой, Россия, Туркия, Афғонистон, Тожикистон ва Қирғизистон каби хорижий давлатлар бозорларига 2,4 млрд АҚШ долларидан ортиқ қийматдаги товарлар экспорт қилинди. Улар таркибида металл ва металл буюмлари, транспорт воситалари ва эҳтиёт қисмлари, озиқ-овқат ҳамда тўқимачилик маҳсулотлари, технологик асбоб-ускуналар ва кимё саноати маҳсулотлари устувор ўрин эгаллайди.

Тошкент вилояти божхона бошқармаси Матбуот хизмати томонидан бизга тақдим этилган маълумотларга кўра, ҳудуд божхоначилари амалдаги қонунчиликлар бузилишини олдини олиш, уларни аниқлаш ва чек қўйиш, контрабандага қарши курашиш бўйича ҳам тизимли ишларни амалга оширмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда гиёҳванд воситаларининг ноқонуний муомаласига қарши кураш доирасида 59 та ҳолатда жами 195,3 кг гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.

Яширин иқтисодиётга қарши курашиш доирасида 129 млрд 263 млн сўмлик товар-моддий бойликларнинг ноқонуний айланмаси фош этилди. Шунингдек, акциз маркаси билан маркаланмаган 96 та ҳолатда қиймати 2,6 млрд сўм бўлган 74 099 қути тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмаси барҳам топди. Аниқланган ҳуқуқбузарликлар бўйича 49,6 млрд сўм қўшимча божхона тўловлари ҳисобланди. Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида 891 кг.дан ортиқ кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний айланмасига ҳам чек қўйилган.

Қисқа қилиб айтганда, Тошкент вилояти божхона органлари томонидан ташқи иқтисодий фаолиятни доимий қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлар дуч келаётган тўсиқларни бартараф этиш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шодиёр МУТАҲАРОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нега биз ҳалигача ўзга сайёраликлар билан учрашмаганмиз?
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини онлайн рўйхатга олиш бошланишига 3 кун қолди
- 16 январь куни баъзи жойларда қор ёғади
- Кўрфаз араб давлатлари бозорига божсиз кириш имкони яратилади
- Рақамли Ўзбeкистон учун кибeр-ҳуқуқшунослар: Прeзидeнт Фармони юридик таълимнинг янги даврини очади
- Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатларидан иборат делегация аъзолари Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг