Боливияда тўнтариш, Эроннинг АҚШдан талаби ва Покистондаги «қотил» жазирама (+видео)
Ассалому алайкум, халқаро майдонда юз бераётган воқеа ва ҳодисаларнинг қисқача шарҳи «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталарининг таҳлилий-информацион дастурида
Боливияда давлат тўнтариши
Боливияда давлат тўнтаришини амалга оширмоқчи бўлганлар Ла-Пасдаги президент саройига бостириб кирди. Ушбу ҳаракатдан бир неча соат ўтиб, мамлакат полицияси тўдабошини қўлга олган.
Давлат тўнтаришига бошчилик қилган Хуан Хосе Зуниган демократияни қайта қуриш кераклигини ҳамда ҳозирги президент Луис Арсе ҳукумати ўзгариш кераклигини айтган.
Президент эса давлат тўнтаришига уринишни қоралаб, аҳолини демократия фойдасига бирлашишга чақирди.
«Биз боливияликларнинг ҳаётига зомин бўладиган навбатдаги давлат тўнтаришига йўл қўя олмаймиз», деди мамлакат раҳбари президент саройидан қилган телемурожаатида.
Покистонда 600 га яқин одам иссиқдан вафот этди
Покистон жанубида ҳаво ҳарорати ошиб бориши сабаб ўлим сони ортиб бормоқда. Тез ёрдам хизмати ҳар куни Карачи ўликхонасига 30-40 кишини олиб боряпти. Сўнгги 6 кун ичида 568 нафар одам вафот этган.
Аҳоли орасида шифохоналарга ёрдам сўраб бораётганлар сони ошиб бормоқда. Мурожаат қилаётганларнинг кўпчилиги юқори ҳароратда ташқарида ишлаган.
Карачиликларнинг қўрқувларидан бири доимий электр узилишидир. Чунки бундай вақтда кондиционерлар ишламай қолади. «Dawn» нашрига кўра, фавқулодда хизматлар томонидан 30 га яқин одам ўлик ҳолда топилган.
«Бу ҳодисалар иқлим ўзгариши билан боғлиқ. Бу бутун дунёда ҳатто Европада содир бўлмоқда. Аммо улар бунга қарши курашяпти. Бу ерда эса ҳукумат ҳеч қандай чора кўрмагани ачинарли», — деган карачилик аҳоли.
Эрон АҚШ ва Исроилни Суриядан чиқишга ундади
Эроннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги доимий вакили Амир Саид Иравоний АҚШ ва Исроил кучларини Суриядан зудлик билан чиқиб кетишга чақирди. Унинг таъкидлашича, хорижий аралашувлар Сурия можаросини тўхтатиш ўрнига кучайтириб юборяпти.
Форс дипломатининг таъкидлашича, АҚШ қўшинларининг олиб чиқиб кетилиши Сурия тинчлиги ва барқарорлиги учун муҳим аҳамиятга эга. Иравоний, шунингдек, Исроилнинг ҳам ҳаракатларини қоралаб, яҳудий давлатини Сурия суверенитетига тажовузкорликда айблади.
Суриядаги можарода турли халқаро кучлар, жумладан, АҚШ, Исроил ва Эрон иштирок этмоқда. АҚШ Сурия шимоли-шарқидаги курдлар бошчилигидаги кучларни Эронга қарши қайраётганликда, бу эса Теҳрон – Дамашқ муносабатларини ҳам ёмонлаштиришга сабаб бўлаётгани тахмин қилинмоқда.
АҚШ Сурия ҳукуматини гуманитар саъй-ҳаракатларга тўсқинлик қилаётганликда танқид қилиб, Эронни минтақадаги барқарорликни бузаётганликда айблади. Америкалик элчи Линда Томас-Гринфилд Эрон Сурия ҳудудидан Исроилга таҳдид қилиш учун фойдаланаётганини иддао қилган.
«Hilton» меҳмонхонасидан АҚШ дипломатининг ўлиги топилди
Киевдаги «Hilton» меҳмонхонасида АҚШ элчихонаси ходими ўлик ҳолда топилди.
АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Метю Миллер ўлимни тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, ходим Киевда ишлаган ва табиий сабаблар туфайли вафот этган. Метю ҳеч қандай суиқасд белгилари йўқлигини таъкидлади.
Маълумотларга кўра, марҳумнинг холестерин даражаси юқори бўлган. Жасадда зўравонлик аломатлари йўқ, меҳмонхона хонаси ичкаридан қулфланган. АҚШ элчихонаси вазиятни тўлиқ ўз назоратига олган ва ҳеч қандай бошқа томоннинг ўрганишига йўл қўймаяпти.
Март ойида манбалар «Foreign Policy» журналига АҚШнинг Киевдаги элчихонасига қўшимча дипломатларни жойлаштириш режалари ҳақида гапирган эди. АҚШлик дипломатлар сони Украинада ҳаддан ташқари кўпайиб кетган бўлиб, ҳозирда 100 дан 200 га яқин дипломат ва ҳарбий атташелар Киевда фаолият юритмоқда.
Франция суди Башар Асадни ҳибсга олиш учун ордер берди
26 июнь куни Франция расмийлари Сурия президентини 2013 йилдаги воқеалар ортидан айбловга тортишни режалаган. Ўша йили мамлакат шимолидаги Ғута ҳудудида исёнчилар билан жангларда кенг миқёсда кимёвий қуроллар ишлатилгани айтилади. Кимёвий моддаси қўлланиши оқибатида эса кўплаб тинч аҳоли вакиллари ҳам ҳалок бўлган.
Франциянинг терроризмга қарши кураш бўйича прокурорлари Асаднинг дахлсизлик ҳуқуқига эга эканлигини айтишган.
Эслатиб ўтамиз, Сурияда 2011 йилда фуқаролар уруши бошланган эди. Дамашқ раҳбарларига мухолиф гуруҳлар мамлакат шимоли ва шимоли-шарқида мустақил идора ташкил этишга киришган. Башар Асад режими эса уларга қарши уруш очган эди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг