Болажонлар учун билим ва тарбия маскани

08:59 15 Июль 2024 Жамият
372 0

Ғайрат Отажонов/«Халқ сўзи». Мамлакатимизда болалар соғлиғини мустаҳкамлаш ва тиклаш, мактаб таътиллари даврида уларнинг ижодий салоҳиятини ривожлантиришда ҳудудлардаги болалар соғломлаштириш оромгоҳларининг ўзига хос ўрни бор. Юртимизда болалар оромгоҳлари фаолиятини тўғри ва самарали ташкил этишга оид бир қатор қарорлар қабул этилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 29 майдаги «Болалар соғломлаштириш оромгоҳларида дам оладиган болалар қамровини кенгайтиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида болаларни соғломлаштириш оромгоҳлари билан қамраб олиш даражасини ошириш, мактаб таътиллари даврида бўш пайтларини мазмунли ўтказишини ташкил этиш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва соғломлаштириш ишларининг самарадорлигини оширишга қаратилган бир қатор вазифалар белгиланган.

Мазкур қарорда мамлакатимиздаги бир қатор болалар оромгоҳлари билан бирга Қорақалпоғистон Республикасининг Тахиатош туманидаги «Айдин жол» болалар оромгоҳи капитал таъмирлаш, Нукус шаҳридаги «Жеткиншек» болалар оромгоҳи реконструкция қилиш масалалари назарда тутилган.

— Жорий йилда Қорақалпоғистон Республикасидаги 11 та стационар оромгоҳларда жорий ёз мавсумида 6 сменада жами 7 минг 535 нафар болалар дам олиши режалаштирилган, — дейди Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштиришини ташкил этиш Департаментнинг Қорақалпоғистон бошқармаси бошлиғи Сатбай Отеўлиев. — Шундан 2 минг 625 нафар бола Касаба уюшмалари ҳисобидан, 3000 нафари кам таъминланган ва боқувчисини йӯқотган оила фарзандлари давлат бюджети ҳисобидан, 1910 нафари ҳокимлик ва ҳомий ташкилотлар ҳисобидан дам олишини таъминлаш белгиланган. Шунингдек, шаҳар ва туманлардаги таълим муассасаларида, болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, болалар мусиқа ва санъат мактаби, «Баркамол авлод маркази», «Ёшлар маркази»ларида ташкил этилган 69 та маданият ва спорт соғломлаштириш майдончаларида 16 минг 750 нафар болаларни ёзги мавсумда дам олишини ва соғломлаштиришни ташкил этиш режалаштирилган.

Болаларни дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти томонидан барча оромгоҳларга тақдим этилган 12 кунлик намунавий дастур асосида маданий-маърифий ва спорт тадбирлари, болалар ўртасида турли кўнгилочар кечалар ташкил этилиб, фаол иштирокчилар диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланиб борилмоқда.

Жумладан, «Салом оромгоҳ» фестивали, «Заковат» интеллектуал ўйини, «Санъат ва истеъдод кун», «Ҳарбий Ватанпарварлик куни» «Она табиатни асраш куни», «Моҳир қўллар куни», «Спорт», «Туризм», «Халқлар дўстлиги» куни каби тадбирларда болалар санъат ходимлари, ҳарбийлар, ҳунармандлар ва бошқа санага алоқадор ходимлар билан учрашувлар ташкил этилади. Мазкур тадбирлар болаларнинг мазмунли дам олишини таъминлаш билан бирга Ватанга, айрим касбларга муҳаббатини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Шунингдек, 15-22 июнь кунлари Болалар соғломлаштириш оромгоҳларида дам олаётган болалар ўртасида «Ёз ўтмоқда соз!» шиори остида маданий танловнинг ҳудудий босқичи ўтказилиб, ғолиблар республика босқичига йўлланмалар олди.

Бундан ташқари, «Беш ташаббус» доирасида «Иқтидорингни намоён эт» шиори остида санъат йўналишида эркин ижод танлови ўтказилмоқда. Болаларга Ватанпарварлик руҳини сингдириш, улар онгида маънавий юксак қадриятларимизни шакллантириш мақсадида «Китобхонлик», «Биз янги Ўзбекистон фарзандларимиз» мавзусида савол-жавоблар викториналари ўтказилмоқда. Айниқса, ўзлари ўқиган китоблари бўйича ўтказилаётган танловлар болаларда китобхонликка бўлган қизиқишларини янада кучайтиришга хизмат қилаётир.

Сўнгги йилларда Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуси билан Мўйноқ туманида жуда кўп янги иншоотлар қад ростлади. Улардан туманнинг «Бозатау» ОФЙ ҳудудида барпо этилган «Оқ кема» номли замонавий болалар соғломлаштириш оромгоҳидир. Марказда болалар ётоқхоналари барча жиҳозлар билан таъминланган. Футбол, баскетбол, волейбол майдончалари, сузиш ҳавзаси болалар хизматида. Стол тенниси, шахмат-шашка ўйинлари учун махсус жойлар ажратилган. Маданий тадбирларни ташкил қилиш учун амфитеатр, кутубхоналар мавжуд. Тиббиёт хоналари, ошхона замонавий ускуналар билан таъминланган.

— Болажонларнинг мароқли дам олиши учун барча шароитлар яратилган, — дейди «Оқ кема» оромгоҳи тарбиячиси Гулжаҳон Исмайлова. — Болалар хавфсизлиги, саломатлиги, билим олиши учун масъул ходимлар бириктирилган. Шифокор ва педагоглар болалар саломатлигини сақлаш, билимларини ошириб бориш ишлари билан ҳар куни шуғулланадилар.

Болаларнинг овқатланиши, вақтида дам олиши, турли хил тўгаракларни ташкил қилиб болаларнинг дам олиши мароқли ўтказишга ҳаракат қилмоқдамиз.

Оромгоҳда тикиш ва тўқимачилик, компьютер, спорт, рассомчилик, мусиқа тўгараклари ишлаб турибди. Болажонлар ўзлари хоҳлаган тўгаракларда шуғулланишади якунида эса, йўналишлар бўйича танловлар ўтказилиб, фаол болалар «Фахрий ёрлиқ» билан тақдирланади.

Оромгоҳ кутубхонасида ўзбек,қорақалпоқ, рус ва бошқа чет тилларидаги адабий, эртак китоблар жуда кўп. Болажонлар бўш пайтида китоблар ўқиб, билимларини ошириб борадилар. Шу билан бирга дам олувчи болалар ўртасида «Мен севган эртак қаҳрамони«, »Билим ринг», «Заковат» ўйинларида ўтказилиб, ғолиблар тақдирланиши анъанага айланган.

Шу билан бирга оромгоҳда «Директор кубоги»спорт мусобақаси, «Оромгоҳ маликаси», «Оромгоҳ султони», «Ёз симфонияси», «Менинг жонли овозим», «Рақслар гулдастаси», «Эртаклар оламига саёҳат», «Тингла, уйла, ўйна», «Дўстлик» рақслар танлови болажонларга ўзгача завқ бағишламоқда.

Мазкур оромгоҳда Қорақалпоғистоннинг барча туманларидан ташриф буюрган болажонларни учратиш мумкин. Эътиборлиси, «Оқ кема» оромгоҳида ташкил этилаётган тадбирлар болаларни соғломлаштириш ва мароқли дам олишларини таъминлаб қолмасдан, болажонлар учун билим ва тарбия масканига айланиб улгурган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?