Бўлажак чемпионлар ва футбол юлдузларини тарбияловчи маскан

11:58 19 Декабрь 2024 Жамият
133 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Мамлакатимизда “миллионлар ўйини” бўлган футболни ривожлантиришга қаратилган эътибор ва рағбат туфайли ёшлар ўртасида ушбу спорт турига қизиқиш янада ортиб бораётгани қувонарлидир.

Айни пайтда Фарғона вилояти футбол академиясида 150 нафардан зиёд келажагимиз ворислари машғулотлар билан астойдил шуғулланиб, профессионал футболчи бўлишни мақсад қилган. Эътиборлиси, академияда бўлажак чемпионлар ва ўзбек футболи юлдузлари учун жаҳон андозалари даражасида шароитлар муҳайё этилган.

Ҳозирги кунда футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг навбатдаги жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритиш имконияти анча ошган бўлса, асосий жамоанинг бир неча етакчи футболчилари Италия, Франция, Туркия, Россия сингари мамлакатлар клубларида муваффақиятли ўйнаётгани ҳам ёшларга ўзига хос мотивация бериши табиий, албатта. Қолаверса, академияда тез-тез мамлакатимизнинг профессионал футбол клублари аъзоси бўлган фарғоналик машҳур футболчилар иштирокида учрашувлар, маҳорат дарслари ўтказиб турилиши ҳам яхши анъанага айланган.

— Бугун юртимизда дунёнинг машҳур клублари, миллий терма жамоалари тажрибаси асосида болалар футболига катта эътибор қаратилаётгани таҳсинга сазовордир, — дейди Фарғона вилояти футбол академияси директори Шерзод Райимжонов. — Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 25 декабрда қабул қилинган “2024 — 2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, академиямизнинг мавжуд бино ва иншоотлари мукаммал таъмирдан чиқарилди.

Янгиланиш ва ўзгаришлар жараёнида жаҳон андозалари даражасида сунъий қопламали янги футбол майдони бунёд этилиб, фойдаланишга топширилди. Маъмурий бино ва ёрдамчи иншоотлар реконструкция қилиниб, замонавий спорт жиҳозлари билан таъминланди. Ўқувчилар учун ўқув хоналари, дам олиш ва соғломлаштириш масканлари ташкил этилди.

Шу йилнинг ўзида академиянинг икки нафар тарбияланувчиси Акобир Мўминов ва Беҳруз Маҳмудов U-17 терма жамоасига таклиф этилгани бу борадаги қулайликларнинг илк самараси дейиш мумкин. Яқин келажакда академия тарбияланувчилари мамлакатимизнинг энг совринли жамоаси бўлган “Нефтчи”нинг шонли даврини қайтаришига, “Қўқон-1912”, Қувасой шаҳрининг “Цементчи” ҳамда Бағдод туманининг “Бағдодчи” жамоалари ютуқларига муносиб ҳисса қўшишига ишонамиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?