Боланинг хатоси, устознинг жазосими?

18:17 24 Ноябрь 2025 Жамият
577 0

Юртимизда педагог кадрлар тайёрлайдиган энг йирик таълим масканларидан бири – Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети. Бир пайтлар нега бу донишмандлик даргоҳи Низомий номи билан аталиши, нега Навоий эмас, деган фикр кўнглимдан ўтарди. Аммо бу саволнинг жавоби Навоийнинг ўзида экан: “Эмас осон бу майдон ичра турмоқ, Низомий панжасиға панжа урмоқ”. Демак, буюк Навоийнинг ҳам устозлари бўлган. Уларнинг бири – Низомий. Бу эса ҳар бир инсоннинг ҳаётида маънавий падари, мураббийи, йўл кўрсатувчи устози бўлишини яна бир бор тасдиқлайди.

Жорий йили мазкур олийгоҳга “Миллий университет” мақоми берилди. У пойтахтда педагог кадрлар тайёрловчи ягона давлат университетига айланди. Аммо ҳозирги кунда “ўқитувчи” деган дипломга эга ҳар бир инсон ҳақиқий педагог даражасига чиқаётгани йўқлигини ҳаётнинг ўзи намоён этмоқда. Интернетда ўқувчини ҳақоратлаётган, калтаклаётган ўқитувчилар видеолари тез-тез учраб турибди. Шу билан бирга, аксинча – ўқитувчини таҳқирлаш, қўл кўтариш, зўравонликка дучор қилиш каби ҳолатлар ҳам одамни ҳайратдан қолдирмай қўйди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган Ўрта Чирчиқ туманидаги 11-мактаб ўқитувчиси ҳақидаги видеолавҳа бутун интернетни қўзғатиб юборди. “Даҳшат! Муштдек болани икки қўллаб уришини қаранг!” деган сарлавҳалар билан ёйилган хабар бир неча ўн минглар томонидан кўрилди. Юзлаб саҳифаларга тарқатилди. Расмий муносабатга кўра, ўқитувчи ишдан бўшатилди, масъулларга ҳайфсан берилди. Шу ерда табиий савол туғилади: қачонгача фақат ўқитувчи айбдор ҳисобланади?

Албатта, болага қўл кўтариш ҳеч қачон оқланмайди. Лекин ҳар бир можаронинг фақат битта айбдори бўлиши адолатми? Сўнгги вақтларда ўқувчилар орасидаги жиноят, қўполлик, ўзаро босим, “самосуд” ҳолатларининг кўпайиши бола тарбиясига, ота-онанинг ролига, жамиятнинг умумий маънавий муҳитига жиддий эътибор талаб қилаётганини кўрсатмайдими? Бир томонлама жавобгарлик юкини фақат мактабга ва ўқитувчига юклайвериш масалани ҳал қилмайди, аксинча янада чуқурлаштиради.

Маълумки, ўқитувчи ишдан бўшатилди. Ота-она рози. Бола эса ҳеч нарса бўлмагандек дарсларга қатнаяпти. Аммо ўқитувчи-чи? У энди мактабда ишлай оладими? Бошқа соҳаларга ўтиш учун эса ўша соҳанинг дипломи ва малакаси талаб қилинади. Оқибатда жамиятда яна бир ишсиз шахс, эҳтимол яна бир кам таъминланган оила пайдо бўлади. Бу – енгил оқибат. Энг оғири – руҳий босим, ўзини айбдор ҳис этиш, оилавий муаммолар, четга иш излаб чиқиб кетиш, руҳий изтироблар ва бошқа кўринмас оқибатлар.

Тарбия масаласи тарихан ҳамма жамиятларда долзарб бўлган. Қадимги Мисрда ўқувчиларни жазолаш оддий тарбия усули сифатида қўлланилган. Сингапурда эса ҳозиргача енгил қамиш билан жазолаш қонуний ҳисобланади. Японияда 1980-йилларда ҳам жисмоний жазо деярли барча мактабларда қўлланилган. Бу мисоллар калтаклашни оқламайди, аммо тарбия фақат имо-ишора ва қўлни кўксига қўйиб мулойим гапиришдан иборат эмаслигини кўрсатади.

Макаренко ҳам жазони тарбия воситаларидан бири сифатида тилга олган, аммо унинг таъкидлашига кўра, жазо ҳеч қачон болани таҳқирлаш, руҳан ёки жисман азоб беришга айланмаслиги лозим. У жамоавий муҳокама, танбеҳ, жамоанинг фикр билдириши каби услубларни тавсия қилган. Жазо бирон кимни ҳақорат қилиш эмас, балки унинг хатосини англатиш воситаси бўлиши керак.

Ўрта Чирчиқдаги ўқитувчи эса хабарларда айтилишича, “беҳуда эмас”, балки мактабга дафтар-китобсиз келган болани жазолаган. Бола уйдан чиқишдан олдин китоб-дафтарини назорат қилмаган ота-она қайда қараб турган эди? Ота-она сўрамаса, ўқитувчи суриштирмаса, болада масъулият ҳисси қаердан пайдо бўлади? Болани тарбиялаш фақат бир кишининг – ўқитувчининг вазифаси эмас-ку. Айтмоқчи, ўқитувчи А.Л.нинг меҳнат шартномаси касаба уюшмаси томонидан кўриб чиқилдими ёки йўқми — бу ҳам очиқ қолмоқда.

Таълим тизимида энг оғир, энг масъулиятли ва энг қийин вазифа ўқитувчи елкасида. У бир кунда юзлаб бола билан ишлайди. Ҳар бирининг ўз характери, ўз дунёқараши, ўз муаммоси бор. Бир хатоси учун уни умуман инкор этиш, эътибордан чиқариш эса мураккаб тизимни янада ҳолсизлантиради. Тарбия — оила, мактаб ва жамиятнинг умумий масъулияти. Устозга муносабат эса миллатнинг ўз келажагига муносабати ҳисобланади. Шу борада Амир Темурнинг қуйидаги сўзлари бежиз эмас: “Мен дунёдан ўтганимда қабримни устозларимнинг қабрларидан ярим газ чуқурроқ ковлангларки, ётган жойимда ҳам устозларим елкамда бўлсин”.

Достонбек ШАРИПОВ,
Паркент тумани
даги 26-мактаб

ўқитувчиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер