Болалар ҳуқуқлари ҳимоясини мустаҳкамлаш ва уларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинди

02:39 11 Ноябрь 2023 Сиёсат
711 0

Фото: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати

Ҳар йили дунё бўйлаб 1 миллиарддан ортиқ бола жисмоний, ҳиссий ёки жинсий зўравонликка дучор бўлади. Мультииндикатор кластер кузатувига кўра Ўзбекистонда 1 ёшдан 14 ёшгача бўлган 3 нафар боладан 2 нафари, яъни 62 фоизи зўравонлик билан тарбиялаш усулларини бошдан кечирган. 15-19 ёшли қизларнинг 33 фоизи эр ўз хотинини калтаклашга ҳақли деб ҳисоблайди. Бу борадаги муҳим масалалар бугун пойтахтимизда ўтказилган давра суҳбатида атрофлича муҳокама қилинди.

Давра суҳбатида Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Нарбаева, Сенат Раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев, Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А.Саидов, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори М.Оллоёров, мазкур Агентлик директорининг биринчи ўринбосари Ш.Мирзиёева, ЮНИСEФнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Регина Де Доминитсис ҳамда вазирлик ва идоралар раҳбарлари, сиёсатшунослар, ҳуқуқшунослар, фуқаролик жамияти, нуфузли халқаро ташкилотларнинг вакиллари, болалар ҳуқуқлари ҳимоячилари, шунингдек, ОАВ ходимлари иштирок этди.

Давра суҳбатида болалар ҳуқуқлари ҳимоясини мустаҳкамлаш, хусусан уларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш, бу борада қонунчилик нормаларини такомиллаштириш, айрим ҳолатлар юзасидан янги қонунларни қабул қилиш масалалари кўриб чиқилди.

Бу борада Сенат Раиси ўзининг нутқида Ўзбекистон мустақилликка эришгач халқаро ҳужжатлар ичида биринчилардан бўлиб “Бола ҳуқуқлари тўғрисида” Конвенцияни ратификация қилганини, ўтган давр мобайнида миллий қонунчилигимиз ҳам халқаро стандартларга мослаштирилаётганини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар қаторида бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимояси соҳасида ҳам туб ўзгаришлар амалга оширилганини, хусусан, Президентимизнинг қатъий сиёсий иродаси билан мамлакатимизда мажбурий меҳнатга, болалар меҳнатига буткул барҳам берилганини, бундай ҳолатларга нисбатан давлатда ҳам, жамиятда ҳам муросасиз муносабат шаклланганини айтиб ўтди.

Сенат Раисининг сўзларига кўра Глобал болалик рейтингида Ўзбекистон тобора юқорилаб бормоқда. Агар 2017 йилда ушбу рейтингда мамлакатимиз 78-ўрнини эгаллаган бўлса, 2021 йилда 62-ўринга кўтарилди.

Чиндан ҳам Миллий тараққиётимизни белгилаб берувчи стратегиялар доирасида бу борада кўплаб ишлар амалга оширилди. Болалар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда моҳиятан туб ўзгаришлар рўй берди.

Бунинг исботини янгиланган Ўзбекистон Республикаси Конституциясида бола ҳуқуқлари кафолатларига алоҳида урғу берилганлигида ҳам кўришимиз мумкин.

Шу билан бирга, давра суҳбатида иштирокчилар томонидан ҳали ҳанузгача айрим ҳолатларда болалар ҳам жисмоний, ҳам психологик тазйиқ ва зўравонликларга дуч келаётгани, уларнинг ҳуқуқлари поймол бўлаётгани, бу каби ҳолатларни тўлиқ бартараф этиш юзасидан қонунчиликда янги нормаларни жорий этишга зарурат сезилаётгани айтиб ўтилди.

Шунингдек, иштирокчилар “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида«ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлаб, қонун лойиҳасида акс эттириш лозим бўлган нормалар ҳақида ўз таклифларини билдирди.

Таъкидланганидек, зўравонликни тўхтатиш бўйича махсус қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистон Жиноят кодексига яқинда киритилган ўзгартишларга мос келади, бу эса, ўз навбатида, қизлар, ўғил болалар ва аёлларни зўравонликдан ҳуқуқий ҳимоя қилишни кучайтиради. Бундан ташқари, қонун лойиҳаси зўравонликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича кўп тармоқли хизматларни ривожлантириш ва амалга оширишни таъминлайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер