Бокс афсонаси 76 ёшда вафот этди

12:20 22 Март 2025 Спорт
313 0

Бокс оламидаги афсона, Олимпиада чемпиони ва жаҳон рекордчиси Жорж Форман 76 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Унинг вафоти 2025 йил 21 март куни яқинлари иштирокида рўй бергани оила аъзолари томонидан маълум қилинди. Расмий баёнотда унинг ўлими қарилик билан боғланмоқда. «Қалбимиз чирпарчин. Жорж оддий, севимли оила бошлиғи, буюк инсон эди», дейилади Форманлар оиласи мурожаатида.

Жорж Форманнинг спортдаги йўли буюк муваффақиятларга бой. У 1968 йил Мехикода ўтган Олимпия ўйинларида чемпионликни қўлга киритган. 1973 йилда эса супероғир вазн тоифасида профессионал бокс бўйича жаҳон чемпионига айланган. У ўша йилларда яна бир афсона Жо Фрэйзерни иккинчи раундда нокаутга учратган. 1974 йилда эса тарихга «Rumble in the Jungle» номи билан кирган жангида Муҳаммад Али билан тўқнаш келиб, мағлубиятга учраган ва боксдан вақтинча кетган.

Шунга қарамай, Форман ўзида куч топиб, 1987 йилда — 38 ёшида — профессионал боксга қайтади. 1994 йилда эса 45 ёшида Майкл Мурерни мағлубиятга учратиб, тарихдаги энг кекса оғир вазн чемпиони сифатида рекорд ўрнатади. Бу рекорд ҳанузгача янгиланмаган. У 1997 йилда 76 та ғалаба (68 та нокаут), 5 мағлубият билан профессионал фаолиятини якунлаган.

Боксдан кейинги ҳаётида ҳам Форман муваффақиятга эришди. У «George Foreman Grill» брендини асос солди ва тадбиркор сифатида катта обрўга эга бўлди. У беш марта уйланган, 12 нафар фарзанднинг (5 ўғил, 7 қиз) отаси бўлган. Жорж Форман нафақат спортда, балки ҳаётида ҳам ирода ва сабр-матонат намунаси бўлиб қолди. Унинг хотираси миллионлаб мухлислар қалбида сақланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?