Боғдодлик «дала профессори»

17:01 24 Февраль 2025 Жамият
140 0

Фахриддин БОЗОРОВ/«Халқ сўзи». Боғдодлик Олимжон Холдоров янгиликка жуда ўч. Доим фикри хаёли янги ғоялар билан банд — масалан, буғдойнинг бир нечта навини даласида синовдан ўтказган. Қай бири сувсизликка чидамли, қайсиси иссиқликка бардошли — ҳаммасини яхши билади. Ишнинг кўзини билиши ва ҳеч иккиланмасдан инновацияларга пешвоз чиқиши туфайли даласи тажриба майдонига айланган. Шунинг учун одамлар уни «дала профессори» деб аташади.

Иқлим ўзгариши ва сув танқислиги сезилиб турган шу кунларда ғаллачиликда янги инновация ва стандартларни қўллашнинг аҳамияти катта. Олимжон бу ташаббусларга биринчилардан бўлиб қўшилди. Фарғона вилоятининг Боғдод туманидаги «Боғдод юксак маънавият» фермер хўжалигига раҳбарлик қилаётган Олимжон Холдоровга буғдойнинг «яровизация» усулини синовдан ўтказиш ишониб топширилди. У «Аср» элита нави уруғини айни шу усулда 60 кун давомида музлаткичда -4 ва +1 даража оралиғидаги ҳароратда тиндириб, совуққа мослаштирди ва 2 гектар ерга экди. Ҳамма агротехник жараёнларни меъёрида ўтказди. Айни пайтда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан тавсия этилган бу лойиҳани ўзининг фермер хўжалигида синовдан муваффақиятли ўтиши учун астойдил меҳнат қилмоқда.

— Янгилик менинг даламда татбиқ этилишини эшитганимда қувончим ичимга сиғмай кетди, — дейди у. — Донимиз, нонимиз мўл-кўллигига ҳисса қўшиш ҳар бир фермернинг асосий вазифаси. Мана, тиндирилган уруғ экилган ғаллазорга бир қаранг, баҳри дилингиз очилади. Ғалла етиштиришдаги бу инновациянинг самарадорлигини экиннинг чуқур томир отишидан ҳам фарқласа бўлади. Анъанавий усулда 8-10 сантиметр бўлса, инновацион усулда экин томири 18-20 сантиметр чуқурликка кетган. «Яровизация» усули экиннинг ўсиш суратларини тезлаштирар экан. Бошқа далалар билан солиштирганда бу аниқ сезилади. Мутахассислар далада ҳосилдорлик гектарига камида 100 центнердан ошишини айтишмоқда. Янги ва истиқболли лойиҳаларнинг жорий этилаётгани мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга катта ҳисса бўлиб қўшилади.

Фермернинг экиндан кўнгли тўқ. Чунки далалари яшнаб турибди. Ўтган йили 10 октябрда бирида инновацион усулда, бошқасида анъанавий усулда бир хил нав — «Аср» элита уруғи экилди. Барибир тиндирилган ҳолда экилган буғдой ўз кучини кўрсатди. Туплаши ва ривожи тез, ранги тоза. Анъанавий усулдагисидан самарали экани сезилиб турибди.

— Янги усулда экилган уруғ совуққа чидамли, — дея фикрини давом эттиради фермер хўжалиги раҳбари. — Иссиқ пайтда ҳам томирида намликни сақлаб, қурғоқчиликка дош беради. 22 гектар ғаллазор даламиз бўлса, бу йилги натижага қараб, келгусида барча майдонларга инновацион усулда ғалла экишни мўлжаллаб турибмиз.

Олимжонда ҳар қарич ернинг ҳисоб-китоби бор. Ғалла ёки пахта билан чекланиб қолмасдан 3 гектар боғ ҳам яратган. Боғида «Супер лола» навли шафтоли етиштирилади. Бу шифобахш мевага хорижда талаб ниҳоятда катта. Шу боис мевалар чет давлатларга экспорт қилинмоқда.

— Боғимизда 750 туп серҳосил шафтоли дарахтини парваришлаб, ҳар йили яхшигина ҳосил оляпмиз,— дейди О. Холдоров. — Ўтган йили 150 миллион сўмлик мева сотдик. Харидор боғнинг ўзидан маҳсулотни олиб кетмоқда. Интенсив усулда экилган мевали дарахтларимиз 9 йилдан буён ҳосил беряпти. Дарахтларни парваришлаш, шакл бериш ва ҳосилни йиғиб олишда 18 нафар доимий ишчи кучидан фойдаланамиз. Улар «Чўлюнус» ва «Амиробод» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги қишлоқлардан келиб ишлашади.

Фермер хўжалиги ҳам бир оиладай гап. 18 нафар ишчи шу ерда меҳнат қилиб, рўзғор тебратади. Ғалладан бўшаган ерларда такрорий экин — сабзи, шолғом, картошка ва бошқа сабзавотлар парваришланади. Ишчилар баъзи озиқ-овқат маҳсулотларини шу ерда қишга ғамлашади. Бундан ташқари, Олимжоннинг айтишича, ҳосилдан бўшаган майдонларга супурги уруғини сепиб, яхшигина даромад олинмоқда. Чорва моллари учун маккажўхори ва бошқа оралиқ экинлари ҳам парваришланади. Муҳими — ерни бўш қўймаслик. Барча саъй-ҳаракатлар ҳар гектар ердан олинадиган даромад миқдорини оширишга қаратилган.

Бугунги кунда фермер хўжалигида айни қиш ойларида ариқ ва зовурларни равонлаштириш, дала четларига мевали ва дарахт кўчатлари ўтқазиш каби юмушлар амалга оширилмоқда. Зеро, обод дала — баракали ҳосил калитидир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?