Бобосини дўппослаган 50 ёшли невара озодликдан маҳрум этилди

17:34 02 Апрель 2024 Дунё
562 0

Иллюстратив фото

Истам Иброҳимов/“Халқ сўзи”. Ҳаммаси Ўринбойнинг (исм-шарифлар ўзгартирилган) бобоси Зариф ота хонадонига маст ҳолда кириб келишидан бошланди. Отахоннинг келини Моҳирахон меҳмон ҳурмати учун дастурхон ёзди. Овқатга уннади.

Ўринбой номинг ўчгур ароқни ўзи билан олиб келган экан. Ҳе йўқ, бе йўқ, ичишга чоғланди.

— Болам, ёшинг элликка қараб кетяпти, — насиҳат қилди кексалик сабаб куч-қувватдан қолган Зариф ота. — Ичишни бас қил. Сен ҳам бундоқ одамларга ўхшаб яшасанг бўлмайдими? Тенгқурларинг ўғил уйлантириб, қиз узатишяпти, ахир.

Отахоннинг куйинганича бор. Ўринбой оилали эди. Ажрашди. Ўртада бир бола тирик етим қолди. Ишининг ҳам тайини йўқ. Ўзи Навоий шаҳрида рўйхатда туради. Аммо Бухоро вилояти Қоракўл туманида яшайди.

— Нуқул ичкиликбозлик қилаверганингдан маҳаллада ҳам бош кўтариб юролмай қолдик, — давом этди отахон. — Бирор бир иш этагидан тутсанг ҳаётинг ҳам изга тушиб кетармиди...

Аммо жон куйдириб айтилаётган бу сўзлар ширакайф Ўринбойнинг қулоғига кирмасди. Унинг ўй-хаёли бобосининг ўлимлигимга деб йиққан уч-тўрт сўм пулида эди.

— Уй юмушларини қилдим, кейин эса қайнотамдан хабар олгани бораётиб, қайнакамнинг чиқиб кетаётганини кўрдим, — дея гувоҳлик беради кейинчалик судда Моҳирахон. — Хонага кирсам қайнотам қонга беланиб ётибди. Қўрққанимдан бақириб юбордим. Кейин шоша-пиша у кишидан нима бўлганини сўрадим.

“Ўринбой пул сўради. Менда пул йўқлигини айтгандим, аямай урди”, деди оғриқдан инграган кўйи қайнотам. Дарҳол турмуш ўртоғимга қўнғироқ қилдим.

Шундан сўнг Қоракўлнинг “Човли” маҳалласидаги бу хонадонга “тез ёрдам” машинаси етиб келди. Отахонга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилди. Воқеадан ички ишлар бўлими ходимлари воқиф қилинди.

Судга оид тиббиёт экспертизасининг тегишли хулосасига кўра, жабрланувчининг кўкрак қафас чап томон қовурғалари синган, чап ўпкаси лат еган, бош мия чайқалиши, чап кўзидан қон қуйилиши ҳолати рўй берган, бир неча қовурғаси қонталаш бўлган.

Зариф ота шифохонада даволанди. Яқинларининг айтишларича, у жуда азоб чеккан. Эҳтимол, уни баданидаги оғриқлардан ҳам қалб жароҳати кўпроқ қийнагандир. Ахир, Ўринбой дунёга келганида Зариф отачалик қувонган ким бор? Муштдек набирасини суюб-эркалаган, сулоламиз давомчиси деб уни еру кўкка ишонмаган ҳам шу отахон эмасмиди?! Оқибат шу бўлдими?

...Ўша мудҳиш воқеадан роппа-роса йигирма кун ўтгач, Зариф ота ҳаётдан кўз юмди.

— Неваранинг ўз бобосига қўл кўтаргани билан боғлиқ жиноий ишни ўрганаётиб, биз ҳам анчагача ўзимизга келолмай юрдик, — дейди жиноят ишлари бўйича Қоракўл туман суди раиси Бобораҳим Очилов. — Судда гувоҳларнинг кўрсатмалари, далилий ашёлар, чунончи, Ўринбойнинг спиртли ичимлик истеъмол қилгани ҳақидаги маълумот, ҳодиса рўй берган жойни кўздан кечириш баённомаси ва унга илова қилинган суратлар, суд тиббий экспертизасининг хулосалари билан айб ўз тасдиғини тўлиқ топди.

Суд Ўринбойни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 105-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этган, деган хулосага келди ва унга икки йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?