БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори билан самарали мулоқот

18:14 10 Октябр 2025 Жамият
323 0

Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабине Махл хоним ҳамда БМТ тизимидаги агентликлар вакилларини қабул қилди.

Учрашувда вилоят ҳокими Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида илгари сурилган қатор ташаббусларнинг амалга оширилиши юзасидан Навоий вилоятида муҳим вазифалар белгилаб олинганини таъкидлади ҳамда бу йўналишдаги ишлар самараси ҳақида маълумот берди.

Таъкидланганидек, мазкур мулоқот ҳам БМТ ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги самарали ҳамкорликнинг ёрқин ифодаси бўлиб хизмат қилмоқда.

— Навоий вилоятида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти агентликлари билан қатор илғор ташаббуслар амалга оширилмоқда, — деди Нормат Турсунов. — Хусусан, “Inclusive Education Concept 2020–2025” доирасида ногиронлиги бўлган болаларни умумтаълим мактабларига жалб этиш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Жорий йилнинг ўзида вилоятдаги 135 та мактабда 300 дан зиёд ногирон болалар таълим олиши учун зарур шарт-шароитлар яратилди.

Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури ҳамда Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамкорлигида “Эҳтиёжманд аҳолини аниқлаш жамғармаси” орқали “Ўзбекистонда иқлим таълими орқали ёшларнинг етакчилик қобилиятларини кучайтириш ва ривожлантириш” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ушбу ташаббус доирасида ёшлар билан учрашувлар ташкил этилмоқда.

Бу тадбирлар ёшларнинг экологик билимларини ошириш, етакчилик салоҳиятини ривожлантириш ҳамда “яшил” келажак учун уларнинг фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Учрашув якунида таълим, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ва экология соҳаларида янги инновацион лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда барқарор ривожланиш йўлида қўшма ҳаракатларни давом эттириш юзасидан келишувга эришилди.

Темур ЭШБОЕВ,

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?