БМТ Тараққиёт Дастури ва Европа Иттифоқи томонидан Зангиота агротехнологиялар техникумида Ёшлар инновацион маркази очилди
Жорий йилнинг 26 июнь куни Тошкент вилояти, Зангиота туманида жойлашган Зангиота агротехнологиялар техникумида Ёшлар инновация марказининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ушбу марказ Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган, БМТ Тараққиёт Дастури (БМТТД) ва Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамкорлигида амалга оширилаётган «Агроозиқ-овқат секторида яшил иқтисодиётга инклюзив ўтишни қўллаб-қувватлаш ва иқлимга мослашган қишлоқ хўжалиги билим ва инновация тизимини ривожлантириш» (EU-AGRIN) лойиҳаси доирасида ташкил этилган.

Марказ ёшлар учун замонавий шароитлар ва илҳомлантирувчи муҳит яратиб, уларни қуйидаги соҳаларда амалий тажрибага эга бўлишга йўналтириши кўзда тутилган:
- Инновацион ва иқлимга мослашган қишлоқ хўжалиги технологиялари;
- Агро-технологиялар ва рақамли ечимлар;
- Барқарор ветеринария амалиётлари;
- Арго-бизнес ва ёшлар тадбиркорлиги.
Мазкур тадбирнинг очилиш маросимида БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакиласи Акико Фужии хоним нутқ сўзлади.
«Ёшлар — Ўзбекистоннинг барқарор ва иқлимга чидамли келажагининг асосий ҳаракатлантирувчи кучидир. Зангиотадаги Ёшлар инновация маркази уларга нафақат билим ва кўникма, балки имконият, илҳом ва амалиёт майдони ҳам тақдим этади. БМТТД сифатида биз ёшларнинг иқлимбоп инновациялар, рақамли технологиялар ва агро-татбиқотлар орқали келажакни яратишига ишонамиз ва бу жараёнда уларни қўллаб-қувватлашда давом этамиз», — дейди Акико Фужии хоним.

Бундан ташқари, Ўзбекистондаги Европа Иттифоқи Делегацияси ваколатхонасининг Қишлоқ хўжалиги дастурлари менежери Роберто Апариcио ҳам ўз фикрларини билдириб ўтди.
«Ёшларнинг ижодий фикрлаши ва илмий изланиш олиб бориш қобилиятини ривожлантириш муҳимдир — бу уларга қишлоқ хўжалиги ва ветеринария соҳасидаги муаммоларга ўз қарашлари билан самарали ечимлар таклиф этиш имконини беради. Асосий бойлик — бу ускуналар эмас, балки марказнинг талабалари ва ўқитувчиларидан иборат инсон капиталидир. Европа Иттифоқи ушбу марказни ташкил этишда кўрсатган ёрдамидан мамнун ва унинг инновацион фаолиятини давом эттириш учун барқарор молиявий манбаларни излашни тавсия этади», — дейди Роберто Апариcио.
Ёшлар инновацион маркази иштирокчилари EU-AGRIN лойиҳаси доирасида Тошкент, Фарғона ва Қашқадарё вилоятларида ташкил этилган 18 та инновацион гуруҳ аъзолари билан ҳамкорлик қилиш, шунингдек уларнинг фаолиятидаги муҳим жараёнларда иштирок этиш имкониятига эга бўлиб, ёшлар учун амалиёт, тажриба алмашинуви ва ҳудудлараро инновацион ҳамкорликни кенгайтириш имконини яратиши кутилмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Сизни ажаблантирадиган анъаналар. Дунё бўйлаб янги йил қандай нишонланади?
- Ўзбекистон Президенти ва халқига Янги йил байрами муносабати билан самимий қутловлар келмоқда
- Хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан Янги йилдан кейин амалда бўладиган қиймати эълон қилинди
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига Янги йил табриги
- Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентдаги “Шарқ баҳори” турар жой мажмуасининг қурилиш майдонига ташриф буюрди
- Ўзбекистоннинг Ғазодаги вазиятга нисбатан ҳозирги аниқ позицияси қандайлиги айтилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг