БМТ Қирғизистонни ўлим жазосини қайта жорий этиш режаларидан воз кечишга чақирди

11:54 22 Октябр 2025 Дунё
161 0

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолкер Тюрк Қирғизистон ҳукуматини ўлим жазосини қайта тиклаш бўйича ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга чақирди.

Қирғизистон 1998 йилда ўлим жазосини қўллашни тўхтатган, 2010 йилда эса Инсон ҳуқуқлари ва фуқаролик эркинликларига оид халқаро пактнинг Иккинчи факультатив протоколини ратификация қилган ҳолда уни қонуний равишда бекор қилган эди. Мазкур шартнома иштирокчи давлатлардан ўлим жазосини бекор қилиш учун зарур бўлган барча чораларни кўришни талаб қилади.

Сентябрь ойининг охирида содир бўлган вояга етмаган қизнинг зўрланиши ва ўлдирилиши билан боғлиқ воқеалардан сўнг Қирғизистон ҳукумати конституцияга ўзгартириш киритиш таклифини илгари сурди. Таклифга кўра, бола зўрланиши ёки бола ва катталарнинг зўрланиб ўлдирилиши учун ўлим жазоси қайта жорий этилиши ҳамда мамлакат протоколдан чиқиши мумкин. Ушбу таклифлар яқин ҳафталарда референдумга қўйилиши, агар маъқулланса, парламентга юборилиши кутилмоқда.

— Пакт ва Иккинчи факультатив протокол билан кафолатланган ҳуқуқлар, улар бирор давлат томонидан эътироф этилгач, бу давлат ҳудудида яшовчи фуқароларга тегишли бўлади ва ҳеч қандай ҳолатда, қандай асос билан бўлмасин, уларни бекор қилиб бўлмайди, — деди Фолкер Тюрк.

Унинг таъкидлашича, «ҳеч бир адлия тизими мукаммал эмас ва агар ўлим жазоси қайта тикланса, вақт ўтиши билан давлат томонидан бегуноҳ инсонларнинг ўлимига сабаб бўлади».

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси шуни аниқ билдирдики, Пакт ва Иккинчи факультатив протоколда улардан воз кечиш механизми кўзда тутилмаган. Шу боис ўлим жазосининг бекор қилиниши ушбу ҳужжатни ратификация қилган давлатлар учун ҳуқуқий жиҳатдан қайтарилмас ҳисобланади. Демак, улар ўлим жазосини қайта жорий эта олмайди.

Бундан ташқари, протоколни ҳеч қандай истисносиз ратификация қилган давлат ҳатто энг оғир жиноятлар учун ҳам ўлим жазосини қўллай олмайди.

— Ҳукумат ўлим жазосини қайтариш заруратини оқлашда тилга олаётган жиноятлар, албатта, даҳшатли. Улар бўйича адолатли судлов амалга оширилиши зарур. Аммо илмий ва амалий далиллар ўлим жазоси оғир жиноятларни камайтиришга сезиларли таъсир кўрсатишини тасдиқламайди. Шунинг учун мен Қирғизистон ҳукуматини бу таклифлардан воз кечишга, бунинг ўрнига қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, одил судловга тўлиқ кириш имконини яратиш ва жабрланганларга зарарни қоплаш тизимини ривожлантиришга чақираман. Зўравонлик, жумладан жинсий зўравонликка қарши курашда асосий эътибор жабрланувчилар манфаатларига йўналтирилган ва етарли ресурсларга эга ёндашув бўлиши керак, — деди БМТ Олий комиссари Фолкер Тюрк.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?