Бизнес учун янги имкониятлар

21:46 24 Сентябр 2025 Жамият
196 0

Фото: Даврон Эрназаров/«Халқ сўзи»

Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 11 сентябрь куни Тошкент вилоятида ўтказилган йиғилишда вилоят саноатда ҳам, қишлоқ хўжалигида ҳам энг катта салоҳиятга эга ҳудуд эканлигини таъкидлаб, бу имкониятларни тўлиқ ишга солиб, инвестиция, экспорт ва иш ўрни кўрсаткичларини ошириш лозимлигини алоҳида таъкидланди. Тошкент шаҳридаги туманлар ҳокимликлари вилоятга бириктирилиб, ўзаро биргаликда ишлаш, ҳудудда янги лойиҳаларни жорий этиш зарурлиги устувор вазифа сифатида белгиланди.

Фото: Даврон Эрназаров/«Халқ сўзи»

Президентимиз топшириқларига кўра, бугун Қибрай тумани бошланиб яна икки кун давом этадиган “Тошкент вилояти — бизнес учун чексиз имкониятлар ҳудуди” бизнес форуми тўрт юзга яқин тадбиркорлару пойтахтимиз ва Тошкент вилоятидаги барча туман ҳокимларини, бизнес ривожига алоқадор бўлган барча ташкилоту идора раҳбарларини бир жойга жамлади.

Фото: Даврон Эрназаров/«Халқ сўзи»

— Давлатимиз раҳбари бу икки ҳудуднинг ўзаро узвий ҳамкорликни йўлга қўйишига бежиз эътибор бермадилар. Шаҳар ва пойтахт вилояти мисоли эт билан тирноқ, уларни айро тасаввур этиб бўлмайди. Шу боис бугунги форум шунчаки йиғилиш эмас, жонли ва амалий мулоқот, бизнес аҳли учун том маънода оқ йўл кўрсатадиган майдон бўлиши керак, — деди форумда сўз олган Президент маслаҳатчиси Ғофиржон Мирзаев.

Фото: Даврон Эрназаров/«Халқ сўзи»

Форумда тадбиркорларга Тошкент вилоятида бизнесни ташкил этиш йўналишидаги имкониятлару ресурслар акс этган китоблар, кўргазмали воситалар тарқатилди. Унда баён этилганидек, айни чоғда Тошкент вилоятида тадбиркорликни йўлга қўйиш учун 2 минг 821 гектар бўш ер майдонлари, ҳудудларда 71 та саноат зоналари, 50 дан ортиқ давлат активлари, 70 мингдан зиёд меҳнат ресурслари, шунингдек, қулай йўл-транспорт, логистика, коммуникация инфратузилмалари ва улардаги мавжуд имкониятлар мавжуд. Буларнинг барчаси ҳудудлар ва соҳалар кесимида атрофлича ёритиб берилган.

Фото: Даврон Эрназаров/«Халқ сўзи»

Вилоят ҳокими қуйидаги рақамларга иштирокчилар эътиборини қаратди. Бугун биргина фармацевтика саноатида 58 фоиз хом ашё импорт қилинмоқда, вилоятдаги учта фармзонада эса 98 гектар бўш жой бор. Шунингдек импорт ўрнини босадиган хом ашё ҳам вилоятнинг ўзида мавжуд, фақат завод қуриш, қайта ишлашни йўлга қўйиш керак. Пойтахт ҳудудида жойлашган 75 та терини қайта ишлаш корхоналарини ҳам вилоятга кўчириш мўлжалланган. Бу тадбиркорни чўчитмаслиги керак. Чунки давлат кўчириш харажати, ер билан таъминлаш, малакали ишчиларни тайёрлаб бериш вазифасини ҳам ўз зиммасига олмоқда. Бундан ташқари шаҳар аҳолиси кейинги ўн йил ичида икки карра кўпайиб 7 ярим миллион нафардан ошиши кутилмоқда. Бу энергия ресурсларга бўлган талаб кескин ортади, унинг нархи ҳам баланд бўлади дегани. Қолаверса кунига шаҳардан вилоятга 198 минг, вилоятдан шаҳарга эса 320 минг киши қатнамоқда. Тирбандлик натижасида одамлар қимматли вақтини йўқотмоқда, уларнинг иш унумдорлиги 15-20 фоизга тушиб кетяпти. Бу пойтахтдаги корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар таннархига салбий таъсир кўрсатиши тайин. Қолаверса саноат корхоналари пойтахтнинг экологик ҳолатини ҳам буткул ёмонлаштирмоқда.

Фото: Даврон Эрназаров/«Халқ сўзи»

— Бу таклиф менга маъқул, қайтага баҳаво жой, тоза ҳаво, тезкор автобус қўйилса ишчиларим ҳам ўзларига қадрдон ишхонага бораверишади, ахир дунёнинг нариги четини кўрсатишмаяпти-ку, — дейди Миробод туманидаги 2 гектарлик жойда турк ҳамкорлари билан “Азия канди” қандолатчилик қўшма корхонасини ташкил этиб, 147 кишини иш билан таъминлаган, бу йил 6 миллион долларлик экспортни амалга оширишни кўзлаётган тадбиркор Музаффар Мирзабоев.

Фото: Даврон Эрназаров/«Халқ сўзи»

Мутасаддилар таъкидлаганидек, бугун пойтахтдаги тадбиркор ўз бизнесини вилоятдаги барча инфратузилмага эга бўлган жойга кўчирса ишлаб чиқарган маҳсулотининг таннархини камайтириш, давлат бераётган қўшимча имтиёзлардан ҳам манфаат топади. Давлат Тошкент вилояти ва пойтахт туманлари ўртасидаги йўл инфратузилмасини яхшилашга, жамоат транспорти тизимини намунали ташкил этишга кафолат бермоқда. Замонавий автобусларнинг узлуксиз қатнови йўлга қўйилади. Янги темир йўл линиялари ишга туширилади. Бу ўз навбатида сайёҳлар учун ҳам янги қулайликлар яратади. Пойтахт аҳолисининг вилоятдаги сўлим гўшаларда дам олиш учун қатнови тезлашади, қулай бўлади, умримиз йўлда ўтмайди.

Фото: Даврон Эрназаров/«Халқ сўзи»

Форумда аҳоли талаби юқори бўлган мебелсозлик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида ҳам вилоятда иш бошлаш мўмайгина фойда олиш, импорт ўрнига бутун эътиборни экспортга йўналтириш имкониятлари мавжудлиги айтиб ўтилди. Чет эллик эмас, аввало ўзимизнинг тадбиркорлар салоҳиятидан фойдаланайлик, бу адолатдан бўлади, она еримиз бегона қўлга ўтиб кетмайди, дейилди форумда.

Фото: Даврон Эрназаров/«Халқ сўзи»

— Бирорта таклиф, мурожаат эътиборсиз қолмайди. Биз шу мақсадда давлатимиз раҳбари топшириқларига кўра туну кун ишлайдиган ва тадбиркорларга лаббай, дея жавоб берадиган махсус тезкор штаб фаолияти йўлга қўйдик, — вилоят ҳокими Зоир Мирзаев.

Фото: Даврон Эрназаров/«Халқ сўзи»

Форумда Корея Республикасининг Кйонгсоннам-до провинцияси губернатори Пак Ван Су жаноблари ҳам сўз олиб шундай деди: Бугун дунёнинг бутун эътибори Нью -Йорк шаҳрида, БМТнинг тарихий 80 -сессияси доирасидаги учрашувларда. Президентингизнинг янги ташаббуслари мамлакатингизга беқиёс ютуқ келтиришини алоҳида таъкидламоқчиман. Ва яна, буни қарангки, кеча давлатларимиз раҳбарлари Америкада ўзаро мулоқот қилган эдилар. Бугун эса биз Тошкент вилояти ҳокими билан инвестицион келишувлар бўйича суҳбатлашдик, ҳамкорлик ҳужжатларини имзоладик. Бунда катта рамзий маъно бор. Эрта-индин биз — Кореядаги йирик саноат ҳудуди сифатида Тошкент вилоятидаги бизнес лойиҳаларда албатта иштирок этамиз.

Фото: Даврон Эрназаров/«Халқ сўзи»

Давлатимиз раҳбарининг бевосита раҳбарлигида сўнгги 8 йилда вилоят иқтисодиётига 10 миллиард доллар ҳудудий, 8 миллиард доллар тармоқ инвестициялари киритилган, 10 мингга яқин саноат, савдо ва сервис корхоналари ишга туширилган. Охирги 3 йилда йиллик айланмаси 10 миллиард сўмдан кўп бўлган корхоналар сони 1,8 баробар ошиб, 1,7 мингга етган. Яна айланмаси 100 миллиард сўмдан юқори корхоналар эса 137 тадан 193 тага кўпайган. Натижада шу йилнинг 8 ойи мобайнида экспорт ҳажми 1 миллиард доллардан ошди.

Фото: Даврон Эрназаров/«Халқ сўзи»

Маълумотларга кўра, вилоятда хитойлик инвесторлар томонидан 2,1 миллиард долларлик йирик саноат парклари ташкил этилмоқда. Шунингдек, вилоятни 2025-2027 йилларда жадал ривожлантириш бўйича Президент қарорлари қабул қилиниб, улар ижроси учун 40 триллион сўмдан зиёд маблағлар йўналтирилган. Буларнинг бари давлатимиз раҳбарининг Тошкент вилояти иқтисодиётини юксалтиришга беқиёс эътибор қаратаётгани мевасидир. Бу ислоҳотлар натижасида ҳудудларда ишсизлик кескин пасайди, камбағаллик салмоғи кескин қисқармоқда. Йил якунига қадар вилоятда ишсизлик ва камбағаллик даражаси 4,5 фоизга туширишнинг аниқ ҳисоб-китоби қилинган. Ва яна форумда таъкидлаб ўтилганидек, айни чоғда вилоятда фойдаланилмай турган имкониятлар жуда кўп.

Фото: Даврон Эрназаров/«Халқ сўзи»

Айни пайтда вилоятда қўшимча 2 миллиард 500 миллион долларлик инвестициявий лойиҳалар ишлаб чиқилган. Уларнинг натижасида 11 мингдан зиёд аҳоли бандлиги таъминланади, 434 миллион долларлик экспорт қуввати яратилади.

Фото: Даврон Эрназаров/«Халқ сўзи»

Юзлаб ўз бизнесини намунали йўлга қўйган, экспорт орқали дунё бозорида ўз ўрнига эга бўлиб бораётган тадбиркорлар иштирокида анжуман ўтказилаётгани, уларга бизнесни Тошкент вилояти туманларида ташкил этиш таклифи айтилаётганидан муддао ҳам шу — давлатимиз раҳбари ният қилганидек дунёда Ўзбекистон нуфузини кўтариш, халқ фаровонлигини таъминлаш, келажагимиз умиди ҳисобланган ташаббускор ёшлар, элпарвар тадбиркорлар салоҳиятини янада тўлиқроқ намоён этишдир.

Абдунаби Алиқулов,

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?