Бизга нега истеъмол маданияти етишмайди?
Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Бу дунёда ҳаммамиз истеъмолчимиз. Боиси жамият ҳаётида фаол иштирок этарканмиз, ўз-ўзидан турли жараёнларда бевосита қатнашишга тўғри келади.
Бозор иқтисодиёти шароитида талаб ва таклиф ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бу истеъмолчилик маданияти нечоғли шакллангани билан ҳам бевосита боғлиқ. Афсуски, биз аксарият ҳолларда истеъмолчи сифатида маҳсулотнинг сифатига эмас, арзонлигига қизиқамиз. Орзуйимизни амалга ошириш учун қонуний ечим излашдан кўра, айланма йўллар орқали иш битиришга ҳаракат қиламиз. Кейин панд бериб, алдаб кетишганида жабрдийда сифатида аюҳаннос солишимиз турган гап.
Хўш, бугун юртимизда «Харидор ҳамиша ҳақ» тамойили қандай ишлаяпти?
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси ва унинг қуйи тузилмалари томонидан истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқий билими ҳамда истеъмол маданиятини ошириш борасида доимий равишда изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилади.
— Биргина жорий йилнинг ўтган даврида мурожаатларни ўрганиш натижаларига кўра, 900 миллион сўмдан зиёд маблағлар истеъмолчиларнинг фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинишига эришилди, — дейди ҳудудий бирлашма мутахассиси Ғайратжон Маматқулов. — Эътиборлиси, мурожаатларнинг салкам 75 фоизи тизим ташкилотларига тўғридан-тўғри ёзма, оғзаки ва электрон шаклларда келиб тушгани истеъмол маданияти юксалиб бораётганидан далолат.
Айтиш жоиз, жорий йилнинг ўтган даврида савдо, электр таъминоти, коммунал хўжалиги, хизмат кўрсатиш соҳаларига оид мурожаатлар сони ўсди. Хусусан, мурожаатларнинг 34 фоизи савдо соҳасига тўғри келади. Унинг салмоқли қисми маиший техника буюмлари хариди ҳамда улардаги нуқсонлар билан боғлиқ.
Замонавий тараққиёт мезонлари асосида тизимда «Истеъмолчи билан мулоқот» ҳуқуқий маслаҳатхоналари ташкил этилган. Шу йилнинг ўтган вақтида ушбу йўналишда 200 нафарга яқин ҳамюртларимизга коммунал хўжалиги, савдо, газ, электр, сув таъминоти, соғлиқни сақлаш, транспорт, алоқа ва бошқа масалаларда бепул ҳуқуқий маслаҳат ҳамда ёрдам берилди. Юзма-юз мулоқотлар давомида 160 нафар ҳамюртларимизга турли масалаларда муаммоларини ҳал қилиш учун амалий ёрдам кўрсатилди.
Таҳлилларга қараганда, вилоятда умумий овқатланиш, тиббий, маиший хизматларни кўрсатиш объектларида амалдаги қонунчилик талабларининг тўлақонли ижроси тўлиқ таъминланмаяпти. Бу борада истеъмолчиларнинг маълумот олиш ҳуқуқи тўлиқ таъминланмаслиги натижасида турли келишмовчиликлар келиб чиқади.
— Аксарият савдо нуқталари ва умумий овқатланиш шохобчаларида нархномалар кўрсатилмайди, — Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи Шамсиддин Қорабоев. — Бундай маълумотларни суриштиришни бошласангиз, тезда муомала ўзгаради, қаерда ишлашингизни суриштиришга ўтишади.
Кўпинча овқатланиб бўлгач, нақд пул тўлаганда харид чекини олиб келишни сўранг, чек бермаслик учун уларда турли баҳоналар тайёр. Энг муҳими, мижозга хизмат кўрсатувчи ходимларда муомала маданияти етишмайди.
— Умумий овқатланиш шохобчаларида мижозга хизмат кўрсатувчи ходимлар қўнимсизлиги энг оғриқли муаммо, — дейди тадбиркор Мирзажон Юсупов. — Боиси иш сўраб келган бир ёшни икки-уч ой ишга ўргатасиз, у салат тайёрлаш, умумий залга хизмат кўрсатиш бўйича етарли тажрибага эга бўлгач, истаган пайтда рақобатчи ошхонага ишга ўтиб кетаверади.
Бундай шароитда иш берувчининг томошабин бўлиб қолишдан бошқа чораси йўқ. Шу сабабли умумий овқатланиш шохобчаларида кўп ҳолларда ошпазлар, официантлар тинимсиз равишда алмашаверади. Чунки ушбу тизимда иш ҳақини «конверт» усулида тўлаш ҳолатлари ҳам етарлича топилади. Табиийки, бу каби бошбошдоқликлар оқибатида энг кўп зарарни сифатли ва малакали хизматдан мосуво бўладиган истеъмолчи кўради.
Марғилон шаҳрида яшовчи Адҳам Умаров янги уйини шифер қилиш учун икки нафар уста ёллади. Хизмат ҳақини тўлагач, усталар келишилганидан 1,5 миллион сўм ортиқча хизмат ҳақи олиб кетишганини билиб қолди. Ҳеч қандай ёзма келишув бўлмагани сабабли усталар пулни қайтаришни пайсалга солиб юраверди.
Фуқаролик ишлари бўйича Марғилон туманлараро судида Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятининг ушбу фуқаро манфаатини кўзлаб киритган аризаси кўриб чиқилди. Натижада жавобгардан даъвогар фойдасига етказилган зарар миқдоридаги пул маблағи ундириб берилди. Ўз навбатида, жавобгардан суд харажати учун 34 минг сўм, давлат божи учун 340 минг сўм ундириш бўйича суднинг ҳал қилув қарори чиқарилди.
Истеъмолчилик маданияти борасида гап кетганда, амалиётда кўп учрайдиган яна бир ҳолатга эътибор қаратиш лозим. Одатда, биз ўзимизга сотилган маҳсулотда нуқсони борлиги аниқланганда алмаштириб олиш, бепул таъмирлатиш жараёнларида турли муаммоларга дуч келамиз. Бунга асосий сабаб эса сотувчи ёки ишлаб чиқарувчига ўз қонуний эътироз ҳамда талабимизни оғзаки шаклда билдирамиз.
Ваҳоланки, дунёнинг ривожланган аксарият давлатларида урф бўлган каби бизда ҳам ушбу эътирозномаларни ёзма шаклда бериш малакаси шаклланиши зарур. Истеъмолчи ҳар қандай шароитда ўз ҳуқуқи ва манфаатини ҳимоя қилишида бу биринчи қадам ҳисобланади.
Истеъмол маданияти тўғри шаклланишида хизмат кўрсатувчи ҳам, харидор ҳам бирдек масъул эканлигини унутмаслик керак. Акс ҳолда бу ширин орзу бўлиб қолаверади. Биз бир-биримизни алдаш, панд беришда давом этаверамиз.
Бундай ҳолатда зўравон ҳам, жабрдийда ҳам ўзимиз эмасми?!
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Комилжонов Мухаммадсолиҳ Собиржон ўғлининг “Сaломaтлик лaндшaфтлaрини тaшкил этиш тaмойиллaрини ишлaб чиқиш” мавзусидаги (архитектура фанлари бўйича) фалсафа доктори (PhD) диссертациясининг ҳимояси эълони
- Украинада журналистларни олиб кетаётган автомобиль дронлар ҳужумига учради
- Россия янги урушга тайёргарлик кўрмоқда — Германия мудофаа вазири
- Теҳронда вазият жиддий: пойтахт аҳолиси эвакуация қилиниши мумкин
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг