Европа Иттифоқида Украина билан боғлиқ янги жанжал авж олди

19:03 02 Сентябр 2025 Дунё
1624 0

Иллюстратив фото

Европада музлатилган Россия активлари билан боғлиқ суд жараёни бошланди. Венгрия Брюссель расмийларининг блокланган маблағлардан тушган даромадни Киевга ўтказиш қарорига қарши чиқди. Аммо Будапештнинг овозига эътибор берилмади. Эндиликда нафақат Москванинг пуллари, балки “Кўҳна қитъа” нинг демократик тамойиллари ҳам хавф остида.

“Portfolio” нашрининг ёзишича, Венгрия ҳукумати Европа Иттифоқи Кенгашининг Россиянинг музлатилган активларидан тушган даромаднинг деярли юз фоизини Европа тинчлик жамғармасига йўналтириш тўғрисидаги қарорига норозилик билдирган.

Гап шундаки, Европа Иттифоқи ва G7 давлатлари Россиянинг 300 миллиард еврога яқин маблағини блоклаб қўйган. Тахминан 200 миллиард Европада, асосан, дунёдаги энг йирик ҳисоб-китоб тизимларидан бири бўлган Бельгиянинг “Euroclear” ҳисобларида сақланмоқда. Бу активлар йилига уч-беш миллиард даромад келтиради. Европа тинчлик жамғармаси аллақачон Киевга 11 миллиарддан ортиқ пул ўтказган.

Будапешт жорий йилнинг июль ойида Люксембургдаги Европа Бош судига Европа Иттифоқи Кенгаши ва Европа тинчлик жамғармасига қарши даъво аризаси билан мурожаат қилганди. Венгрия дарҳол “тинчлик ташаббуси”га қарши чиқди, бироқ вето четлаб ўтилди, чунки бу мамлакат “ҳисса қўшувчи давлат” бўлмаганлиги сабабли, гўё овоз беришда иштирок этиш ҳуқуқига эга эмас. Иш эса энди кўриб чиқила бошланди.

Экспертлар фикрича, Европа Иттифоқи Кенгаши ва Европа тинчлик жамғармаси ҳаракатларининг қонунийлиги ҳақиқатан ҳам шубҳали. Яъни Европа Иттифоқининг асосий тамойиллари, хусусан, тенглик ва ҳар кимнинг фикрини ҳисобга олиш бузилган. Агар Венгрия ишда ютқазса, хавфли прецедент юзага келади ва мамлакат вето ҳуқуқини амалда йўқотади.

Бошқа томондан, кўп нарса маблағларни тақсимлашнинг ўзига хос ҳуқуқий асосларига боғлиқ. Баъзи ҳолларда Кенгаш ва Европа Иттифоқи фондлари консенсусни талаб қилмайди; малакали ёки оддий кўпчилик етарли.

“Венгерлар, уларнинг фикрича, бир овоз қоидаларини бузадиган ёки бюджет ваколатларини қайта тақсимловчи тартиб-қоидаларга қарши чиқмоқдалар. Бу ерда ёрдамнинг табиати қандай аниқлангани муҳим. Лекин ташқи сиёсат ва мудофаа масалалари одатда консенсусни талаб қилади”, — дейди ҳуқуқшунос Ксения Заицева.

Россия халқлар дўстлиги университети Иқтисодиёт факультети доценти Сергей Зайнуллиннинг айтишича, бу ишнинг Европа судидаги истиқболлари жуда шубҳали.

“Сўнгги йилларда Европа Иттифоқи миллий қонунчилик, умумевропа меъёрлари ва ҳатто халқаро ҳуқуқни очиқчасига эътибордан четда қолдирди. Бунга мисоллар кўп: маблағларни ўғирлашдан тортиб, нафақат Европа Иттифоқи доирасидаги сайловларга аралашишгача”, — дейди у.

Сиёсатшунос Дмитрий Матюшенковнинг қўшимча қилишича, бу ҳолда улар Лиссабон шартномасига кўра, кўпчилик қарорни талаб қилганда, бошқа фикрни эътиборсиз қолдиришга рухсат берилганидан фойдаланишлари мумкин. Бу овоз беришда иштирок этмаётган мамлакат учун мажбуриятларни келтириб чиқармайди, бироқ айни пайтда унга ушбу механизм доирасида ҳеч қандай ҳуқуқлар бермайди.

“Суд, эҳтимол, Европа Иттифоқининг кенгайиши билан тўлиқ консенсусга эришиш тобора қийин вазифага айланиб бораётганини таъкидлайди, шунинг учун бундан четга чиқиш қонуний деб тан олиниши керак”, — дея ҳисоблайди у.

Агар суд Венгрия тарафида бўлса, Украинага кейинги молиявий траншлар тўхтатилади ва аллақачон ўтказилган маблағлар қайтарилиши керак. Аммо бу жуда даргумон, чунки Киев узоқ вақтдан бери тўловга қодир эмас. Украинанинг узоқ йиллик қарзи катта эҳтимол билан ҳисобдан чиқарилади.

Экспертларга кўра, бу ерда прецедент муҳим, чунки суд қарори нафақат Украина контекстида, балки бошқа ҳар қандай ташқи сиёсат масалаларида ҳам амал қилади.

“Ушбу суд жараёни Украинани молиялаштириш доирасидан анча узоққа боради. Европа Иттифоқи фаолиятининг асоси — миллий олий институтлар ва давлат суверенитети ўртасидаги мувозанат таъсир кўрсатади. Европа Иттифоқи якдиллик тамойилини сақлаб қоладими ёки кўпчилик қарорларни махсус механизмлар орқали қабул қиладиган тизимга ўтадими ёки йўқми, аниқ бўлади” — дейди Матюшенков.

Таъкидланишича, Венгриянинг мағлубияти миллий ҳукуматларни заифлаштиради.

Сиёсатшуноснинг қўшимча қилишича, ушбу суд жараёни Европа интеграцияси ғоясининг ўзи барбод бўлаётганини ва қонун қонунийлик кафолати бўлиш ўрнига, аслида Европа Иттифоқининг бошқарувчи давлатлар гуруҳи манфаатларини ҳимоя қилиш воситасига айланиб бораётганини исботлайди.

Умуман олганда, экспертларнинг фикрича, натижадан қатъи назар, суд жараёни Европа Иттифоқида чуқур бўлинишни кўрсатади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?