Бир ёни қулаган бинонинг қолгани бардошлими?
Архив сурат
Аччиқ, аммо очиқ гап
2020 йил 23 июнь куни Қарши шаҳрида қурилиши якунланмаган беш қаватли бинонинг бир қисми қулаб тушиб, сурхондарёлик бир ишчи ҳалок бўлган эди. Ўша пайтда мазкур ҳолат жамоатчилик орасида кенг муҳокама қилинди.
Қурилиш вазирлиги (ўша вақтдаги номи) воқеага тезкор муносабат билдириб, ушбу бино ноқонуний қурилиш экани, объектни қураётган “Насаф-Травел” компанияси белгиланган тартибга мувофиқ, вилоят қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясини хабардор этмаганини таъкидлаганди. “Қашқадарё вилояти Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси томонидан ўрганиш ишлари олиб борилганида, “Насаф-Травел” компаниясига тегишли ушбу объектдаги қурилиш ишлари рўйхатга олинмасдан, ноқонуний олиб борилгани маълум бўлди”, дейилганди вазирлик муносабатида.
Натижада бир муддат бинода қурилиш ишлари тўхтатиб қўйилди. 2024 йилдан бошлаб эса бинонинг фақат қулаган қисмигина олиб ташланиб, иншоотни тиклаш давом эттирилди. Айни пайтда объектда қурилиш ишлари деярли якунланиб, бир қисмидан фойдаланиш бошлаб юборилган...
Энди ҳақли савол туғилади: тадбиркор объектда қурилиш ишларини давом эттириш учун кейинчалик Қашқадарё вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат инспекциясининг рухсатини олганми? Агар олган бўлса, инспекция мутахассислари бинонинг қолган қисми мустаҳкам эканлиги, қурилишни давом эттириш мумкинлигини қайси мезонларга кўра текшириб кўрган ва хулоса берган?
Шу каби саволлар билан Қашқадарё вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат инспекциясига мурожаат этдик. Инспекция бошлиғи Жамолиддин Тошинов бино мустаҳкам экани, тадбиркорга қурилишни давом эттириш учун инспекция томонидан тегишли рухсатнома берилганини айтган бўлса-да, тафсилотларга тўхталишни истамади. Барча саволларга ўзининг матбуот котиби орқали жавоб бера олишини билдирди.
Шундан сўнг саволларимизни ёзма кўринишга келтириб, инспекциянинг ахборот хизмати раҳбарига бердик. Аммо уч кун кутдик ҳамки, саволларга жавоб ололмадик. Ниҳоят учинчи куни матбуот котиби узромуз оҳангда раҳбари энди расмий хат талаб қилаётгани, жавобни ҳам хат орқали беришини айтди.
Биз инспекция раҳбарига мамлакатимизда олиб борилаётган очиқлик сиёсати, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 33-моддаси, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги ҳамда “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларда белгилаб қўйилган ҳақ-ҳуқуқларимизни айтиб, тортишиб ўтирмадик. Зеро, бундан фойда йўқлигини у билан бўлган дастлабки суҳбатдаёқ англагандик. Шу боис Қашқадарё вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси бошлиғи Жамолиддин Тошиновга саволларимизни расман ОАВ орқали очиқ беришга қарор қилдик. Саволлар мазмуни эса ўша-ўша: биринчи, беш йил олдин бир қисми қулаб тушган бинода қурилишни давом эттириш учун расман рухсат берилганми? Иккинчи, агар рухсат берилган бўлса, бинонинг қолган қисми мустаҳкамлиги қайси мезонлар асосида текширилди? Учинчи, бино мустаҳкам, сифатли қурилиш материалларидан тикланаётган бўлса, бир қисми нега қулаган эди? Сабаблари ўрганилдими?
Қашқадарё вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси масъулларидан саволларимизга аниқ ҳамда асосли жавоб кутамиз.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ («Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Алишер Навоий – илм ва маъно эҳтиёжи манбаи
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- Илм-фан соҳасида хотин-қизларга яратилган имкониятларга бағишланган анжуман
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Ўзликни англаш сари муҳим қадам: «Миллий қадриятлар атласи» китоб-альбоми тақдимот қилинди (+видео)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг