Бир сувратда минг фаришта
Гиннес рекордлар китобига киритилган картина
Мен расмга кўп тушунмайман. Аммо, ҳар бир картинани бир шеър деб биламан. Картина шеърдек сўзлайди, ранглар сўзлайди, тасвирлар, ташбеҳлар, муболағалар, қалб изҳорлари... буларнинг бари картиналарда содир бўлади.
Чин ижод вақтдан ташқари ҳаёт. Вақт билан ҳисоблашмайди. Ер сайёрасида энг қисқа вақтнинг кўчиши ёруғлик тезлиги ҳисобланса, ижод ўша вақтни ушлаб қолган оний лаҳзалардир. Вақт таъсир қилмайдиган сайёралар кўп, вақтсиз сайёралар. Чин ижодкор ижод қилаётган дам ўша вақтсиз оламда сайр этади. Замон ва маконга юқоридан назар ташлаётган бўлади. Шундай ижодкорлардан бири Леким Иброҳимовдир. Асарларида вақтни ушлаб қола олган, вақтни сайқаллаб бера олган. Ўз замони ҳақида келажакка ранг орқали гапира олган рассом.
Шоир йиллар давомида ёзган шеър-ғазалларини йиғиб девон тартиб беради. Қўлингизда Машраб девони бордир балки... Машрабдан кейин девон тартиб берган яна бир ижодкор Леким Иброҳимов. Бу муболаға эмас. Худди шундай. “Бир сувратда минг пари” ёки “Бир суврат ва минг пари” кўргазмасидаги суратларни экран орқали кўрарканман, бир гўзал “девон” тартиб берилганлигига амин бўлдим. Кўргазма номини эшитганимда хаёлимга “Алиф лайли ва лайли” келганди. Сўзловчи Шаҳризода бўлса, ҳар бир картина битта эртакдир. Мингта картинадан иборат битта достон. Картиналарни кўра бошлагач эса хаёлимга Самарқанд келди. Бу Афросиёб деворий суратларидек тикланган тасвирлар йиғиндиси. Бу Шарқ рассомининг дунё узра ўз сўзини айтиши эди. Ранглар жилосида Шарқ уфуриб турибди. Бунинг илдизи эҳтимол қоятошлардаги тасвирлардир, Зараутсой расмларидир, Турфон тоғларидаги қадим аждодлар чизмаларидир... Ўлиб ётган Шарқ рассомчилиги уйғонгандай, эҳтимол.
“Ренесанс” деб шунга айтилади.
Наполеонни бир гапи бор “туркларни ўлдириш мумкин, аммо уларни енгиб бўлмайди” деган.
Леким Иброҳимов қайта маёқ тутди. Турк қонидаги санъатга ошуфталик тўлқини кўпирди. Шарқ рассомлик мактабига янги нафас олиб келди.
Ҳар қандай суратга тўлқинланиш қийин, тўлқинландим.
Леким Иброҳимовнинг ўз мактаби бор, ўзи асос солган мактаб бу. Келажакда эса бу йўналишда, бу мактабда Шарқ рассомлари ўз сўзини айтади. Тангри ёр бўлади. Эҳтимол Тангрини расмини чиза оладиган рассомлар туғилар.
Леким Иброҳимов суратларини кўрарканман, замонавий шакллар ичра қадимий турк маданияти ва анъаналарини мужассамлаштирганига гувоҳ бўлдим. Қадимги турклар руҳи сақланиб қолган ҳар бир асарида.
Леким Иброҳимов Қозоғистонда, Тяньшан тоғлари этагидаги қишлоқда туғилган. Эҳтимол, рассомликка ўша улуғвор тоғлар ҳайрати бошлаган. Ўсмирлиги, иштиёқи катта шаҳарга етаклади. Самарқанд миниатюраси илҳомини тарбиялаган бўлса, Тошкент улғайтирди. Тошкентда яшаб ижод қилди ва Флоренцияда бутун дунёга ўз сўзини айтди. Чин ижодкор учун ҳеч қандай шаҳар ё давлат ё Ватан чегараси йўқ. Аммо, миллат ва ижод руҳи бўлади. Леким Иброҳимовда туркийлар қони оқаркан, истайсизми йўқми, унга ўша қон, ўша руҳ ижод чегарасини белгилайди. Леким Иброҳимов Флоренцияда Шарқ рассомчилиги, айнан турк рассомчилигини кўрсата олди.
2023 йилнинг октябрида бўлиб ўтган Флоренция биенналесида Леким Иброҳимов олтин медални қўлга киритган биринчи ўзбекистонлик рассом сифатида тарихга муҳрланди. Флоренция эса Микеланжелони берган юрт, бу юртда олтин медални олиш эса албатта ҳар бир рассом орзусидаги шараф!
Бу Ўзбекистон учун фахр, бутун туркий мамлакатлар учун шарафдир! Расмлар олтин медални олган бўлса, 528 кв.м лик, баландлиги 8, узунлиги 66 м. бўлган полотно ўз катталиги билан Гиннеснинг рекордлар китобига киритилди. Асар 1000 та алоҳида картинадан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бирида умумий фонда фаришта сиймоси акс эттирилган.
Спортда йиллар давомида машқ қилиб баланд сакраб, катта дошқозонлар осиб, яна нимабалолар қилиб Гиннеснинг рекордлар китобига кириш мумкиндир. Бироқ санъатда...
Биринчи ўринни олган спортчига қўша-қўша уй-у мошин, унвонлар берилганида, бировни уриб ағдарганга отнинг калласидай моддий рағбат берилганида Леким Иброҳимов ўз чўнтагидан Флоренция биенналесига бориб бориб қатнашди. Лекин Ўзбекистон Бадиий академияси бу ҳақда ҳеч бир муносабат билдирмади.
Леким Иброҳимов Олтин медални қўлга киритди. Ўзбекистон Бадиий академияси яна жим. Дунё нашрлари Леким Иброҳимов ҳақида ёза бошлади. Ўзи борди, ўзи келди. Учоқда учиб борди, учиб келди. Биров кўрди, биров кўрмади. Ўзбекистонда санъатга эътибор шуми!? Уят эмасми!?
Леким Иброҳимов 1970 йиллар эътироф этилиб, 1978 йил навқирон пайтида СССР Рассомлар уюшмасига аъзо бўлган. Ундан кейин у пайти Рассомлар уюшмаси деб аталган ўзимиздаги Бадиий академия ноилож ўзига аъзо қилган. Нега ҳар доим биринчи рақамда юрадиган истеъдод соҳибларидан ҳайиқишган?
Гўё, уларнинг зўрлиги билиниб қолса, иккинчи рақамлиларга нон қолмайдигандек...
Леким Иброҳимов картиналарини ўқисангиз анъанавий Европа рассомчилик мактабини тан олмаслигини, ундан воз кечганини ҳис қиласиз. Шарқ, турклар ўзлигини сақлаб қолиши учун асарлари қайғураётгандай туюлади. Аммо, санъат учун қайғураётган ҳукумат фақат Европадами? Қарсакбозлар “учинчи ренессанс” деб ёлғон чапакни жуфтлаб, ҳукуматнинг кўзини шамғалат қилиб югурмаяптими?!
Аслида Шарқ рассомлар учун дўкон! Сюрреализм, кубизм, реализм, модернизм бўладими, ғарб рассомлари Шарқ дўконидан унумли фойдаланган. Фойдаланади. Бизнинг анъаналарга, нақшларга, буюмларга, заргарлигимизга, кулолчилигимизга, символларимизга, каштачилигу атласларимизгача ўрганади, эътибор беради.
Шарқ катта дўкон. Леким Иброҳимов эса шу дўконнинг ҳам эгаси, ҳам олувчиси. Бу дўконда қадимдан парилар тасвири бўлган, илҳом парилари бўлган, илоҳий фаришталар бўлган, Эзгулик фаришталари бўлган.
Бу қандай фаришталар? Пегас минган илҳом фаришталари, жаннатдаги етмиш икки ҳур, Авестода эзгулик учун жаннатда сизни кутиб оладиган ҳур, шаманизм, тангричилик, мусовийлик, исовийлик фаришталари, елкангиздаги қўриқчи фаришталар... Турк эли барча динлар аро бор.
Бу фаришталар санъат ичра эзгуликка чорловчи фаришталар. Хаёлий фаришталар. Агар жаннат бўлмаганда инсон, жаннатни ўйлаб топарди. Агар фаришталар бўлмаганида, Леким Иброҳимовдай инсонлар фаришталарни ўйлаб топарди. Бу эса ижод, инсоннинг вақтдан ташқари яшаш онларидир.
Бу фаришталар ҳаёт ва ўлим орасида инсонни эзгуликка чорлаб учиб юрган жаннат қушларидир. Балки бу фаришталар ўзбек, қозоқ, уйғур, қирғиз, умум турк қизларининг қалбдаги инъикосидир. Тарихни ҳам, Шарқ рассомчилик тарихини ҳам шу фаришталар орқали кўриш мумкин.
Ижодкор ҳам оддий одамдай яшайди: ейди, ичади, ўлади. Одам оловга ёқилади, ерга кўмилади, чирийди. Чин ижодкор ўз асарлари қанотида яшай бошлайди. Леким Иброҳимов ҳам ўзи яратган фаришталари қанотида олисларга учади. Бу фаришталар шу қадар табиий, шарқона бўй кўрсатганки, уларни бегона дейолмайсиз. Бу ўзимизни фаришталар дейсиз.
Санъат доим бозорга солинади. Шарқда ҳам, ғарбда ҳам, айниқса рассомчилик картиналарида бу яққол намоён бўлади. Гоҳ атай ким ошди савдолари уюштирилади. Аммо, санъатнинг бозордан устунлигини кўрсата оладиган “Бир картинада минг пари” каби асарлар ҳам бор. Яратилган, яратилади.
Фаришталар умумжамоавий бир картина, бир достон яратган бўлса-да, ҳар бир картинада бўрттирилган қайсидир бўёқ орқали битта ундов қўйилгандек. Ўша ундовда бироз тин олиб, сўнг кейинги картинага ўтасиз. Шарқнинг нозик санъати борлигидан қайта ҳайратланасиз. Гўзалликдан ҳайратланасиз. Расмлар чизилмаган, бир мукаммал хаттот имлосидек, девон кўчиргандек туюлади. Бу асарга қаралган бутун вақт мобайнида шундай давом этиб туради.
Мен на Леким Иброҳимов мухлисиман, на шахсан танийман, на санъатшуносман... Бир томошабин сифатман асли. Шарқ рассомининг картинасига бўлган қарашларим ва ватанимда рассомга бўлган муносабатга эътибор қаратдим.
Ўзбекистон халқ рассоми, академик, “Халқаро Ўрхун-Энасой” мукофоти совриндори аэропортда Флоренциядаги биенналесига ўзи яратган фаришталар кузатди, ўзи яратган фаришталар кутиб олди. Ренессанс, уйғониш деб жар солаётганлар! Пошшомиз таъбири билан айтганда, барака топгурлар, ахир, уйғонишни санъат бошлаб бермайдими? Саҳнага бир бор чиқиб унутилувчилар эмас, доим ўша саҳнада яшовчилар бошлаб беради “учинчи ренессанс”ни. Агар санъат четда бўлса, “ренесанс” деган сўз ҳайф. Леким Иброҳимов эса ўз санъати билан улардан жуда юксакликда яшаб қолаверади.
Талант Примов,
журналист.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг