Бир оиланинг Темурбеклари
Бу оилада беш ўғилнинг барчаси юрт сўрайдиган баркамол инсон бўлиб камолга етди. Тўрт ўғил молия, иқтисод, банк ва қурилиш соҳасида мутахассисликка эга бўлса, учинчи ўғил Адҳамжон ҳарбийлик йўлини танлади.

Оила бекаси Майрамхон Ҳайдарова фарзандларининг илк устози, катта орзулар сари раҳбар ва маслаҳатгўйи бўлди. Иқтисодчи отаси Фазлиддин Рашидов болаларига меҳнатсеварлик ва ҳар бир вазифани пухта бажаришни ўргатди. Шу боис ҳозирги кунда оила фарзандлари эришган ютуқлари барчани ҳайратга солмоқда. Бахтли кексалик гаштини сураётган ота-оналар учун бундан ортиқ бахт борми? Маҳалладошлари “Алпомишдек, Темурбекдек ўғилларингиз бор”, дейишади. Уларнинг камолига асло кўз тегмасин.

Айни пайтда Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги тасарруфидаги ҳарбий қисмлардан бирининг батальон командири, подполковник Адҳамжон Нуриддинов қарийб 20 йиллик тажрибага эга. 2011 йили Чирчиқ олий танк қўмондонлиги муҳандислик билим юртини имтиёзли равишда тамомлаган, бир муддат қадрдон таълим даргоҳида фаолият кўрсатган. Мудофаа вазирлиги кўрик-танловларида мунтазам ғолибликни қўлга киритган, спорт мусобақаларида ҳам шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилган. Рус ва инглиз тилларини пухта ўрганиб, мамлакатимизда кўплаб ютуқларга эришган энг ёш ҳарбий сифатида танилган. Ҳаво десант қўшинлари хизматчиси бўлган Адҳамжон бугунгача 50 мартага яқин парашютдан сакраган. Ҳозирда подполковникнинг оиласи ҳарбий хизматчилар учун қурилган замонавий кўп қаватли уйда истиқомат қилади. Оила бекаси Гулҳаё Раҳматова ўқитувчи. Фарзандлари Азизбек, Афруза ва Умарбек тарбияси билан шуғулланади.

— Оилада ҳарбийларга хос тартиб-интизом ўрнатилган, — дейди подполковник. — Катта ўғлим Азизбек биринчи синфга борганда бир қўлига ручка, иккинчи қўлига оғир тош кўтариб ҳаётий сабоқ берганман. Бугунги кунда у 3-синфда ўқишга қарамай, математика ва инглиз тилидан республика миқёсида ўтказилган танловларда ғолибликка эришмоқда.
2023 йилда Ҳиндистон олий офицерлар курсида уч ойлик малака ошириб келган подполковник жаҳонда ҳеч кимдан кам эмаслигини намоён қилди. Шу йилларда кўплаб эсдалик медаллари ва кўкрак нишонлари билан тақдирланди. Ватан ҳимоячилари куни ушбу оилада катта тантана билан нишонланади. Оила аъзолари ҳарбий парадда қатнашади, қисмларга саёҳат орқали завқ оладилар.
Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эркинжон Турдимов: «Муаммо бинода эмас, муаммо раҳбар ва унинг иш услубида»
- Нега биз ҳалигача ўзга сайёраликлар билан учрашмаганмиз?
- Президент прокуратура органлари ходимлари ва фахрийларига табрик йўллади
- “Катта сакраш” ёхуд Ўзбекистон сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ривожида янги босқичга қадам қўйди
- Ўзбекистонда 2025 йилда 150 тоннадан ортиқ сифатли қон тайёрланган
- «Мен президентман. Мен ҳалол одамман. Мен айбсизман»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг