«Бир маҳалла – бир маҳсулот» тамойили асосида

15:33 22 Апрель 2022 Жамият
2068 0

Фото: Халқ сўзи

Аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, доимий ва қўшимча даромад манбаига эга қилиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ҳудудларда «Бир маҳалла – бир маҳсулот» тамойили асосида аниқ манзилли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Андижон вилоятида ҳам ҳар бир маҳаллада хатлов ўтказилиб, унда фуқароларнинг ички имконияти ва талаб-истаклари инобатга олинди. Шунга кўра, жорий йилда вилоят бўйича 9 минг 571 та хонадонга парранда тарқатиш режалаштирилди ва ҳозирга қадар 3 та кластер орқали 4 мингта хонадонга паррандалар етказиб берилди.

Қўрғонтепа туманидаги «Етти хазина дурдонаси» оилавий корхонаси томонидан шу кунгача Хонобод шаҳри, Қўрғонтепа, Булоқбоши, Хўжаобод ва Жалақудуқ туманларидаги оилаларга 100 минг бош парранда етказиб берилди. Мутахассислар ҳар бир оилада бўлиб, товуқ боқиш технологияси бўйича тушунтириш ишларини олиб бормоқдалар.

— Бизга 120 кунлик товуқларни келтириб беришди, — дейди Қўрғонтепа туманидаги Дардоқ қишлоғида истиқомат қилувчи Абдураҳим Хўжамбердиев. — Бу давр мобайнида улар корхона томонидан тегишли вакцинациядан ўтказилган. Яъни буларнинг энди касалланиб нобуд бўлишидан чўчимасак ҳам бўлади. Биз тўрт маҳал озуқасини берсак, кифоя. Паррандалар тухумга киргани боис илк кунларданоқ даромад топа бошладик. Мисол учун, 80 та товуғим тухумга кирган. Маҳсулотнинг 50 тасини лидер тадбиркорнинг ўзи сотиб олмоқда. Менда қолганини истеъмол қиляпмиз, бозорга чиқаряпмиз. Ҳозирча ҳар ойда 4,5 миллион сўм даромад топяпман.

— Аҳолига парранда етказиб берувчи субъектларга тижорат банклари томонидан кредит маблағи ажратилаётгани айни муддао, — дейди «Етти хазина дурдонаси» оилавий корхонаси раҳбари, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳибаси Умидахон Усмонова. — Бунинг эвазига хориждан наслли парранда тухумини олиб келиш имконига эга бўляпмиз. Тухумни инкубациядан чиқариб, 120 кунлик парваришдан сўнг оилаларга тарқатяпмиз. Бу каби қулай шароит нафақат тадбиркорлик фаолиятимизни шакллантиришга хизмат қилмоқда, балки минглаб оилаларни даромадга йўналтиряпти.

Пахтаобод туманидаги «Пахтаобод парранда» МЧЖ Голландия давлатидан келтирилган зотли товуқларни парваришлай бошлади. Корхона томонидан вилоятдаги 232 та маҳалланинг ҳар бирида 15 тадан хонадонга 110 бошдан товуқ етказиб берилди.

Бу йўсинда парранда парваришлаш ортиқча харажат ва ҳаракат талаб этмаслиги боис аксарият қишлоқ аҳолиси қизиқиш билдирмоқда. Пахтаобод туманидаги «Маданият» қишлоғида яшовчи Иззатилло Остонақулов ҳам фойдаланилмай турган эски молхонасини товуқхонага мослаштирди. 110 бош паррандадан ҳозирча ҳар куни 60 та тухум олмоқда.

— Қишлоқ шароитида паррандачилик билан шуғулланиш ишсиз ўтиргандан кўра минг карра афзал, — дейди И. Остонақулов. — Шахсан ўзимга келсак, бир кунда икки маҳал тухум йиғиб оламан. 50 тасини лидер корхона ўзи сотиб олади. Қолган 10 тасини маҳалламдаги дўконга элтиб бераман. Ҳисоб-китобимга қараганда, товуқлар 100 фоиз тухумга киргач, ҳар ойда 5 миллион сўм даромад ишлаб топишим мумкин бўлар экан. Шу ишни қилмасам, шунча даромадни қаердан топардим?!

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?