Бир кунлик тўй…
Одилбек ОДАМБОЕВ/«Халқ сўзи». Куз фаслининг охирида қишлоқ аҳли деҳқончиликларни йиғиштириб олиб, дала юмушларидан қўли бироз бўшагач, юртимизда тўйлар мавсуми бошланади. Тўй аслида йиллар давомида яхши ният, орзу-ҳавас билан орзиқиб кутиладиган, қавм-қариндошлар, ёр-дўстлар жам бўлиб ўтказиладиган тадбир.
Элга дастурхон ёзиб, никоҳни, оилада фарзанд дунёга келганлиги ёки ўғилчанинг хатна қилинганлигини маълум қилиш миллий урф-одатларимиз сирасига киради. Бундай тадбирлар азалдан маҳалла фаоллари, кўпни кўрган кексаларимиз бошчилигида ихчам тарзда, исрофгарчиликдан тийилган ҳолда ўтказилган. Ана шу таомил асосида файзли ўтган тўй ниҳоятда бадастир, гўзал удумларимиз, мумтоз маънавий қадриятларимизнинг намойишига айланган.
Бироқ кейинги пайтларда тўй билан боғлиқ анъаналаримиз қаторига миллатимизга хос бўлмаган маънисиз расм-русумлар қўшилдики, улар кўплаб оилаларни иқтисодий жиҳатдан мушкул аҳволга тушиб қолишига, фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
— Коронавирус пандемияси даврида жорий қилинган чекловлар туфайли тўйларни анча ихчам, камчиқим қилиб ўтказиш урфга кирган эди, — дейди урганчлик меҳнат фахрийси Бекпошша Хўжаева. — Аста-секин тўйларга таклиф қилинадиган меҳмонлар сони яна 500-1000 кишига етди. Меҳмондўстлик яхши фазилат, бироқ уни дабдабабозлик, ўзини кўз-кўз қилиш каби иллатлар билан чалкаштирмаслик керак. Ҳозир агар хонадон соҳиби тўйга айтайлик юз нафар меҳмон таклиф қилса, оғзига кучи етмаганлар томонидан муҳокама мавзусига айланади. Шу тўйга сарфланаётган пулни келин-куёв учун зарур жиҳозларни харид қилишга, уларнинг таълим олиши, касбий камолоти йўлида харжласа минг карра фойдали бўларди!
Шу ўринда тўйларда хонандалар томонидан кўрсатиладиган маданий хизмат билан боғлиқ ортиқча чиқимларни ҳам ўйлаб кўриш фурсати етди. Бир «қўли узун» ўйлаб топган «бирров» деган одат боис қанчадан-қанча камхаржроқ оилалар азият чекаётгани ҳам бор гап. Боз устига тўйхонада хонандаларнинг навбат талашиб жанжаллашиб, бир-бирини беобрў қилишини айтмайсизми?!.
— Тўй фақат еб-ичиб, қорин тўйдириб кетадиган тадбир эмас, балки маънавий-руҳий томондан тарбияловчи воситадир, — дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Хоразм вилояти бўлими раҳбари Беҳзод Абдримов. — Чунки унда ижро этиладиган миллий куй-қўшиқлар, шеърхонликлар тўйни чинакам маънавият байрамига айлантирган. Шу нуқтайи назардан хонандаларимиз тўй даврасида ижро этиладиган қўшиқлар репертуарини мушоҳада қилиб кўрсалар, қулоқни қоматга келтирадиган шовқин-суронларни камайтириб, миллий қўшиқларга кенг ўрин берсалар мақсадга мувофиқ бўларди.
Никоҳ тўйларидаги яна бир муаммоли жиҳат тўй кортежлари билан боғлиқ. Маҳалла-кўй, жамоатчиликнинг эътиборсизлиги туфайли тўйларда бир хил рангдаги ўнлаб қимматбаҳо автомобилларни ёллаш урфга кирди. Автомобилларнинг гуруҳ бўлиб ҳаракатланиш жараёнида йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига амал қилмаслик туфайли бахтсиз ҳодисалар рўй бераётган, тўй азага айланаётган ҳолатлар биз учун сабоқ бўлиши керак.
— Таъкидлаш жоиз, никоҳ тўйларидаги дабдаба аста-секин бешик тўйларига ҳам кўчди, — дейди боғотлик меҳнат фахрийси Барчиной Машарипова. — Яқинда ўзига тўқ хонадонларнинг бирида невара фарзанд дунёга келиши муносабати билан ўтказилган тадбирда иштирок этдим. Ҳовлига қуда тарафдан юборилган, чиройли безатилган юк машинаси дабдаба билан кириб келди. Унда унда янги туғилган чақалоқ учун мебель, аравача, беланчакдан тортиб тилла тақинчоқларгача, хилма-хил кийим-кечаклар, ўйинчоқларгача бисёр эди. Хўп, имконияти борлар неварасига бундай қимматбаҳо совғалар беришнинг уддасидан чиқар, аммо бундай дабдабани кўрган ўрта ҳол хонадон эгалари нима қилсин? Ҳар нарсанинг, ҳатто орзу-ҳаваснинг ҳам чегараси бўлгани маъқул эмасми? Бошқаларни, қўни-қўшниларни ҳурмат қилган одам дабдабабозликка берилмайди.
Бундан бир аср муқаддам жадид боболаримиз тўй-маросимларни тартибга солиш учун қаттиқ курашган. Бироқ орадан шунча йиллар ўтсада бундай бемаъни расм-русумлар батамом йўқ бўлиб кетмади, билъакс янгилари пайдо бўлди. Халқимизнинг турмуш тарзи яхшиланиб борар экан, тўқликка шўхлик қабилида бундай беъмани расм-русумлар илдиз отишига йўл қўймаслик, миллий тараққиётимизга ғов бўлиб келаётган иллатларга барҳам беришга Ватанини севадиган, миллат, оила ғурури ва келажагини ўйлайдиган ҳар бир фуқаро бефарқ бўлмаслиги керак.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Комилжонов Мухаммадсолиҳ Собиржон ўғлининг “Сaломaтлик лaндшaфтлaрини тaшкил этиш тaмойиллaрини ишлaб чиқиш” мавзусидаги (архитектура фанлари бўйича) фалсафа доктори (PhD) диссертациясининг ҳимояси эълони
- Дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтирган форум (+фоторепортаж)
- Наманган – янгиланиш ва гўзаллик шаҳри
- Ўзбекистон ёки Миср. Қайси терма жамоа кучли?
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- Телеканаллар, радио ва ижтимоий тармоқлардаги айрим рекламаларга ишониб қолманг — Рақобат қўмитаси огоҳлантириш билан чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг