“Билимдон устоз — 2025” олимпиадаси ғолиблари аниқланди

10:15 03 Октябр 2025 Жамият
133 0

Сурхондарё вилоятида биринчи марта ташкил этилган “Билимдон устоз — 2025” номли олимпиада якунига етди. Мазкур билимлар беллашуви вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамда “Сурхон саноат қурилиш” компанияси ҳамкорлигида математика ва физика фанлари ўқитувчилари ўртасида ўтказилди.

Беллашувнинг туман, шаҳар ва вилоят босқичларида жами 2 минг нафарга яқин ўқитувчилар ўз билим ва маҳоратини синовдан ўтказди. Олимпиаданинг асосий мақсади — тажрибали устозларни рағбатлантириш, таълим сифатига бўлган эътиборни янада кучайтиришдан иборат бўлди.

Математика фани бўйича 1-ўринни Сариосиё туманидаги 74-мактаб ўқитувчиси Дилшод Сатторов эгаллаб, “Дамас” автомобили билан тақдирланди. Иккинчи ўринга сазовор бўлган Термиз шаҳридаги 12-мактаб ўқитувчиси Муниса Бобоназарова 30 миллион сўмлик пул мукофотига эга бўлди. Учинчи ўринни эгаллаган Жарқўрғон туманидаги 67-мактаб ўқитувчиси Гавҳар Жўраева эса 20 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди.

Физика фани бўйича ғолибликни қўлга киритган Термиз туманидаги 14-мактаб ўқитувчиси Аббос Болтаев ҳам “Дамас” автомобилига эга бўлди. Иккинчи ўринни эгаллаган Жарқўрғон туманидаги 19-мактаб ўқитувчиси Равшан Мамадалиев 30 миллион сўмлик пул мукофоти билан, учинчи ўрин соҳибаси — Денов туманидаги 108-мактаб ўқитувчиси Элёр Мелибоев эса 20 миллион сўм билан тақдирланди.

Тантанали тақдирлаш маросимида вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси раҳбарлари, “Сурхон саноат қурилиш” компанияси вакиллари, фаоллар ҳамда маҳаллий оммавий ахборот воситалари иштирок этди.

Бу каби олимпиадалар нафақат ўқитувчиларни рағбатлантиради, балки таълим сифатини ошириш, билимли ва замонавий кадрларни шакллантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Фарҳод ЭСОНОВ

«Халқ сўзи».                                                                

 

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?