Бешариқ туманида агросаноат корхонаси фаолияти кенгаймоқда
Бешариқ туманидаги Адиробод даштида ташкил этилган ишлаб чиқариш корхонаси ширин-шакар меваларни табиий усулда қайта ишлаб, жаҳон бозорларига экспорт қилмоқда.
Корхонада Бешариқ ва атроф туманлардаги боғлар ҳамда аҳоли томорқаларидан йиғиб олинадиган ўнлаб турдаги мевалар қайта ишланади. Жумладан, мева қоқиларини ювиш, саралаш ва махсус қадоқларга жойлаш ишлари замонавий технологиялар асосида амалга оширилади.
— Дастлаб боғбонлардан қуритилган меваларни харид қилиб, саралаган ҳолда маҳаллий ва хорижий бозорларга чиқара бошладик, — дейди «Trust Agro» МЧЖ раҳбари Раънохон Ўлмасова. — Фаолиятимизни босқичма-босқич кенгайтириб бориш натижасида 2023 йилда Бешариқ туман ҳокимлиги томонидан Адиробод дашти ҳудудидан 1,5 гектар ер майдони ажратиб берилди.
Айни пайтда корхонада 70 нафардан ортиқ доимий ишчи меҳнат қилмоқда. Шунингдек, 300 нафарга яқин фуқаро касаначилик асосида иш билан таъминланган. Хориждан олиб келинган замонавий қуритиш ва саралаш ускуналари ёрдамида ишлаб чиқариш жараёнлари икки сменада йўлга қўйилган. Тайёр маҳсулотлар Россия, Беларусь ҳамда Европанинг қатор давлатларига экспорт қилинмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, корхонада ҳар ой ўртача 180–200 тонна мева қайта ишланиб, хорижий бозорларга жўнатилади. Ўтган йил якунида салкам 40 миллиард сўмлик маҳсулот экспорт қилинди. Наъматак, ўрик, олхўри, майиз, ёнғоқ, бодом ва гилос қоқилари жаҳон бозорида харидоргир маҳсулотлар сифатида ўз ўрнини топди.
Хусусан, ўтган йилда олхўри ва ўрик баргакларини қайта ишлаш орқали юқори экспорт кўрсаткичларига эришилди. Ана шу ютуқлари эвазига корхона раҳбари Раънохон Ўлмасова Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан ташкил этилган «Йил аёли» миллий танловида иштирок этиб, «Йилнинг энг илғор тадбиркор аёли» номинацияси ғолиби бўлди.
Ҳозирги кунда корхона қувватини янада ошириш мақсадида қуёш панеллари ўрнатиш, экспортбоп маҳсулот турларини кўпайтириш, доимий ишчилар сонини 200 нафарга етказиш ҳамда 300 тонналик музлаткичли омборхона барпо этиш режалаштирилмоқда. Бу эса маҳсулотларни йил давомида сифатли сақлаш ва экспорт ҳажмларини янада ошириш имконини беради.
Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Аналог турмуш тарзи”. Инсонларда сунъий интеллектга қарши кайфият кучаймоқда
- Дунё бўйлаб қон ва кўзёш билан ўтган бир ҳафта — 20 та суратда
- «Бутун эл-юртимизни бирлаштирадиган улуғ бир ғоя бор. У ҳам бўлса, Ватан манфаати, халқимиз манфаатидир»
- «Нигилист пингвин». Руҳан эзилган ва ҳаётдан маъно излаётганлар учун ноодатий мем оммалашмоқда
- Тарих ва замонавийлик уйғунлашган шаҳар — Туркия пойтахтидан фоторепортаж
- Кучли қичишиш ва жисмоний азобдан ташқари, инсонни руҳан ҳам емиради
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг