Берлинда «Ўзбекистоннинг бебаҳо мероси» мавзусида тадбир ўтказилди

12:56 18 Ноябрь 2024 Жамият
196 0

Берлиндаги Ўзбекистон элчихонасида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети томонидан «Ўзбекистоннинг бебаҳо мероси» мавзусида маданий-маърифий тадбир ташкил этилди. Тадбир ЮНЕСКО Бош конференциясининг 2025 йили Самарқандда ўтказиладиган 43-сессиясига бағишланди. Унда Германиядаги ўзбекистонликлар, таҳсил олувчи ёшлар, немис экспертлари ва нуфузли меҳмонлар иштирок этди.

Тадбирни Ўзбекистоннинг Германиядаги элчиси Дилшод Ахатов очиб, Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги таълим ва маданий ҳамкорлик ҳақида гапирди. Шунингдек, у мамлакатимизнинг бой маданий мероси ва бу йўналишдаги ҳамкорликнинг аҳамиятига тўхталиб ўтди. Тадбирда ЎзМУ проректори Раима Ширинова ва профессор Акбар Бобобеков ЮНЕСКОга киритилган номоддий маданий мерос объектлари ва уларнинг муҳофазаси ҳақида тақдимот қилишди.

Тадбир давомида ўзбек миллий санъати ва ҳунармандчилик намуналари кўргазмаси ташкил қилинди. Кулолчилик, миниатюра, тасвирий санъат ва каштачилик асарлари намойиш қилинди. Шунингдек, ўзбек миллий таомлари ва қандолат маҳсулотлари меҳмонларга тақдим этилди.

Мусиқий қисмида Ўзбекистон давлат филармонияси хонандаси Аслиддин Дўстов бошчилигидаги санъаткорлар иштирок этди. Улар томонидан ЮНЕСКО номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган ўзбек миллий қўшиқлари ижро этилди. Шунингдек, иқтидорли ЎзМУ талабалари ҳам ўз ижролари билан тадбирга ранг қўшишди.

Тадбир маданий алоқаларни ривожлантириш ва Ўзбекистоннинг бой меросини дунёга кенгроқ танитишда муҳим қадам бўлди. Бу тадбир нафақат Германиядаги ўзбекистонликлар учун, балки немис жамоатчилиги учун ҳам катта қизиқиш уйғотди. ЮНЕСКОнинг 43-сессияси олдидан ўтказилган ушбу тадбир Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрўсини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер