Берлин ҳам, Париж ҳам, Брюссель ҳам, Лондон ҳам Украинада тинчлик ўрнатилишини истамайди — Сергей Лавров

14:14 16 Май 2025 Дунё
227 0

Архив фото

Шу кунларда Истанбулда Россия ва Украина делегациялари ўртасида 2022 йилдан буён илк марта тўғридан-тўғри музокаралар ўтказилиши кутилмоқда.

Унда қатнашишдан бош тортган Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украина президенти Владимир Зеленскийни танқид қилди. У Зеленский музокараларда Россия президенти Владимир Путиннинг шахсан иштирок этишини таъкидлагани учун «аянчли одам» эканини айтди.

Лавров, шунингдек, Киевнинг Ғарбдаги иттифоқчиларига қаттиқ норозилик билдирди ва уларни қўллаб-қувватлашни «урушга даъват» деб атади.

«Берлин ҳам, Париж ҳам, Брюссель ҳам, Лондон ҳам Украинада тинчлик ўрнатилишини истамайди. Ғарб пойтахтлари Россия билан қарама-қаршиликка интилмоқда», — деди Россия ТИВ раҳбари. Унинг сўзларига кўра, Ғарб давлатлари «Киевни жанговар ҳаракатларни давом эттиришга тайёрлаш» учунгина ўт очишни тўхтатишга интилмоқда.

Ана шу жараёнда АҚШ президенти Дональд Трамп Владимир Путин билан шахсан учрашмагунча конструктив тинчлик музокараларини кутмаслигини очиқ айтди.

«Путин ва мен бир столга ўтирмагунимизча ҳеч нарса бўлмайди», деди Трамп Дубайга кетаётганида журналистларга.

Зеленский, ўз навбатида, Анқарада ўтказилган матбуот анжуманида музокараларда Украина делегациясига мамлакат мудофаа вазири Руслан Умеров бошчилик қилишини айтди. Украина президенти Истанбулга делегация юборишини, бироқ ўзи музокараларга бормаслигини билдирди.

Путиннинг фармонига мувофиқ, Россия делегациясига президент ёрдамчиси Владимир Мединский раҳбарлик қилади. Шунингдек музокаралар гуруҳига Россия Қуролли кучлари Бош штаби Бош разведка бошқармаси бошлиғи Игор Костюков, ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин ва мудофаа вазири ўринбосари Александр Фомин кирди.

Ўз навбатида, Зеленский Туркиядаги матбуот анжуманида яна бир бор Россиянинг янги ҳудудий даъволарини тан олмаслигини таъкидлади. Шунингдек, у Қримдан кечмаслигини қўшимча қилган. Туркия раҳбари Режеп Таййип Эрдоған ҳам 15 май куни Зеленский билан учрашувда Қрим Украинага тегишли эканлигини айтган.

«Дональд Трампнинг позицияси иккала томонга ҳам босим ўтказишдир. Мен Украинага кўпроқ босим ўтказилганига ишонаман», — деган Зеленский. Фронтдаги вазият ҳақида гапирганда, у Россия барча йўналишларда доимий ҳужумда эканлигини айтди.

АҚШ давлат котиби Марко Рубионинг таъкидлашича, АҚШ Россия ва Украина музокараларига катта умид боғламайди. У Россия — Украина музокараларида фақат Дональд Трамп ва Владимир Путиннинг бевосита иштирокида сезиларли ютуқларга эришиш мумкин деб ҳисоблайди. АҚШ маъмурияти Истанбулдаги Россия ва Украина делегациялари ўртасидаги музокаралар натижаларига эътибор қаратиб, икки президентнинг мумкин бўлган учрашувини белгилайди.

Оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, Россия ва Украина делегациялари учрашуви, бугун 16 майда Туркия вақти билан соат 12:30 га бошланиши белгиланган. Ундан олдин АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Туркия ва Украина вакиллари билан учрашади.

Дональд Трамп эса Яқин Шарқдаги сафарини бугун якунлайди. Ундан сўнг қаерга учиши номаълум.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?