Беларусь халқи “Осиё йўлбарси” деб атаган ўзбек ўғлони ким бўлган?

Мамадали Топиволдиев – 1919 йилнинг 20 сентябрида Фарғона вилояти, Риштон туманидаги Пандиган қишлоғида туғилган. Иккинчи жаҳон уруши ва Белорусиядаги партизанлар ҳаракати иштирокчиси, Совет иттифоқи қаҳрамони. Партизанлар орасида "Казбек” лақаби билан машҳур бўлган юртдошимиз Беларусь Республикаси ҳудуди немислар томонидан қамал қилинган пайтларда партизанлар бригадаси разведка бўлими бошлиғи бўлган. Унинг қўлга олиниши учун Гитлер Вермахт аскарларига 25 минг рейсмарк пул мукофоти, вилла, меҳнат таътили ва қўшимча мукофотлар ваъда қилган эди. Бу иш амалга ошмагани сабабли мукофот икки баробарга ҳам оширилган. Аммо ёш командир тутқич бермас, довюрак инсон бўлиб, мардонавор ҳарбий ҳаракатлари ҳақидаги овозалар босқинчиларни мудом қўрқувга солар эди.
Ҳамюртимиз ўндан зиёд душман машиналари кулини кўкка совургани, биргина қўл жанги билан 76 та душман аскарларини ер тишлатгани ва, ҳатто фашистлар армияси генералини асирга олгани ҳақидаги афсонага айланган ҳақиқатлар бугунги кунгача зўр фахру ифтихор билан ёдга олинади...
М. Топиволдиев уруш бошланганда Белорусияда, ҳарбий хизматни ўтаётган эди. У пайтда бўлажак командир 130-артиллерия полкига қарашли махсус моторлаштирилган бўлинмада хизмат қилар эди. 1941 йил 22 июнь тонгида немис босқинчилари кутилмаганда СССР ҳудудига бостириб келди. Мамадали қуролдошлари билан фашистларнинг биринчи ҳужумини қайтарди. Лекин шарққа томон ҳаракатланаётган кўп миллионлик душман армияси ўз йўлида уйлар, фермалар, йўлида учраган борки вайрон қилиб кетади.
Ана шу талотўпдан омон қолган, сафида ўзбек ўғлони ҳам бўлган кичик отряд Могилёв вилоятидаги ўрмонларга чекинади. Ўрмонлар, ботқоқлар оралаб узоқ йўл босган Мамадали Топиволдиев қуролдош дўсти Иван Рильков билан бирга унинг онаси – Галина Рилькова истиқомат қиладиган Могилёв вилоятининг Пасерёва қишлоғига етиб олишади. Галина Рилькованинг ёрдами билан йигитлар партизан отрядига қўшилишди.
1941 йилнинг ноябрь ойида у десантчи Николай Пахота билан Борислав шаҳрининг чеккасида жойлашган немислар лагерига кириб боради ва симтўсиқларни кесиб ўтиб 146 нафар ҳарбий асирни озод қилади.
Ўзбек ўғлони партизанлар билан биргаликда деярли ҳар куни ҳарбий ҳаракатларда иштирок этар ва фашист босқинчиларига қақшатқич зарба берар эди. Ҳар бир операциядан сўнг ўзининг партизанча лақаби – “Казбек” сўзини дарахтларга ўйиб ёзишни одат қилган. Ва бу ёзув бора-бора фашистларни қўрқув исканжасига соладиган бўлди.
Беларусь ўрмонлари Казбек учун иккинчи ватан, иккинчи уйидай қадрли, қуролдош дўстининг онаси Галина Рилькова эса ўз онаси каби азиз бўлиб қолади. У муҳаббати – Лидия Корнеловани ҳам шу ўрмонлар бағрида учратди. Уларнинг Валентина исмли қизалоғи бўлган.
Ҳарбий ҳаракатларда иштирокини давом эттирар экан, Казбек 1943 йилнинг июнида Воронцевич қишлоғига бўлган разведка пайтида душман колоннаси яқинлашиб келаётганини пайқаб қолади. Қишлоқ аҳолисини шак-шубҳасиз ўлим кутиб турганини, бир неча километр узоқликдаги партизан отрядидан ёрдам кутиш амримаҳол эканини зудлик билан англаб этган ўзбек ўғлони яна бир жасорат кўрсатди – жангга бир ўзи кирди. Биргина автомат билан ўндан ортиқ душманни ер тишлатди, граната билан кўплаб оғир ҳарбий машиналарнинг кулини кўкка совурди. Кутилмаган ҳужумдан эса Гитлер аскарлари ваҳимага тушиб, ортга чекинади.
Мана шундай жасорати ва жасурлиги боис беларус халқи унга “Осиё йўлбарси” деб ном берган эди.
...Урушдан сўнг Мамадали Топиволдиев ўзи туғилиб ўсган қишлоғига қайтиб келди. Риштон туманида жамоа хўжалиги раиси лавозимида ишлади. Бироқ афсуски, 1969 йилнинг 7 май куни, Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 24 йиллиги нишонланиши арафасида фожиали ўлим топди – номаълум шахслар томонидан пичоқлаб кетилди...
Мамадали Топиволдиевнинг урушда кўрсатган жасорати, мард ва жасурлиги учун халқимиз уни қаҳрамон сифатида хотирлайди. У чиндан ҳам қаҳрамон эди. Унинг хотирасига бағишлаб “Казбек” бадиий фильми суратга олинган. Бугунги кунда Фарғона вилоятидаги кўплаб масканларга, хусусан, маҳалла, мактаб ва маданият уйларига унинг номи берилган. Беларусь Республикасида ҳам бу инсоннинг шонли хотираси абадийлаштирилган. Минск шаҳридаги марказий кўчаларнинг бирига Мамадали Топиволдиев номи берилган. Могилёв вилоятидаги Пасерёво қишлоғи ҳозирда Топиволдиевка деб аталади.
Демак, Мамадали Топиволдиевнинг қаҳрамонлиги ҳар икки халқ хотирасида абадийдир. Ўзбек ўғлонининг номи зарҳал ҳарфлар билан тарихга муҳрланган ва ёш авлод учун намуна бўлиб қолиши, шубҳасиз.
Юлдуз ЎРМОНОВА,
“Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг