Беҳбудий мероси тадқиқотчилар нигоҳида

21:02 19 Январь 2023 Маданият
1327 0

Фото: Халқ сўзи

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи, Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси билан ҳамкорликда «Маҳмудхўжа Беҳбудий мероси ва жадид матбуотини ўрганишнинг долзарб масалалари» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.

Унда жадидчилик ҳаракати бўйича илмий изланишлар олиб бораётган хорижлик ва маҳаллий мутахассислар, профессор-ўқитувчилар, ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунослар, ёш олимлар иштирок этди.

Тадбирда Президентимиз ташаббуси билан халқимизнинг миллий ғурурини юксалтириш, ёшларда ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш, уларнинг маданияти ва маънавиятини бойитиш, таълим ҳамда илм-фанга рағбатини янада оширишнинг самарали воситаси сифатида жадидчилик ҳаракати, маърифатпарвар боболаримиз меросини чуқур ўрганишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Ҳаётини миллат тараққиёти йўлига бағишлаган улуғ боболаримиз қаторида бугун Маҳмудхўжа Беҳбудий хотирасига ҳам эъзоз ва эҳтиром кўрсатилмоқда. Жумладан, Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Адиблар хиёбонида жадид аждодимизнинг муаззам ҳайкали қад ростлади.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 30 сентябрдаги Фармонига мувофиқ, Ватанимиз тарихининг ғоят мураккаб даврида — ХХ аср бошларида ўзининг маърифатпарварлик фаолияти ва фидокорона хизматлари билан миллий таълим-тарбия тизимини яратиш ҳамда юртимиз истиқлоли, халқимизнинг озодлиги ва эркинлиги, келажак авлодларнинг обод ва фаровон ҳаётини таъминлашга қўшган беқиёс ҳиссасини инобатга олиб, бир гуруҳ жадидчилик ҳаракати намояндалари қаторида Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳам «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланди.

Тошкент шаҳридаги кўча ва мактабга улуғ маърифатпарвар бобомиз номи берилган. «Маҳмудхўжа Беҳбудий» тарихий-бадиий фильми суратга олинди. Президентимиз таклифи асосида Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабалари учун Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги стипендиянинг таъсис этилгани ёшларимизни миллий ғоя руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда. Юртимизнинг турли таълим, илм-фан даргоҳларида Беҳбудий ҳаёти ва ижоди бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда.

— Маҳмудхўжа Беҳбудий халқимиз тарихининг мураккаб даврида маърифат машъаласини баланд кўтариб чиққан улуғ аллома ва жамоат арбобидир, — дейди Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа. — Бу инсон юртимизда биринчилар қатори усули жадид — янгича таълим услубига асосланган мактаблар очди. «Самарқанд» газетаси ва «Ойина» журналини ташкил этиб, миллий журналистика ривожига тамал тошини қўйганлардан бири бўлди. Драма ва ҳикоялари, долзарб мавзулардаги мақолалари билан халқни дунё билан таништиришга интилди, илм-маърифатли, инсоф-диёнатли, замон билан ҳамнафас ва ҳамқадам бўлишга чақирди.

Шуниси эътиборга лойиқки, университетда таниқли маърифатпарвар, драматург, публицист, дин ва жамоат арбоби, жадидчилик ҳаракати етакчиларидан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллуди муносабати билан халқаро илмий-амалий конференция ўтказиш анъанага айланган. Мазкур анжуман журналистика ва оммавий коммуникациялар соҳасида олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишларининг сифати ва самарадорлигини оширишга, Ўзбекистонда масс-медиа соҳасида изланаётган ёш олим ва тадқиқотчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, шунингдек, миллий матбуотнинг етакчи намояндаларидан бири бўлган Маҳмудхўжа Беҳбудий меросини ўрганишда маҳаллий ва хорижий олимлар ўртасида ўрнатилган илмий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Дилшод КАРИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер