Бедана боқиб бойиш мумкинми?
“Бедана, бедана, сайра бедана...”. Дарҳақиқат, машҳур қўшиқда айтилганидек, бедана хониши жуда ҳам ёқимли. Аммо бу оила аъзолари шунчаки бу қушнинг овозига маҳлиё эмас, бедана парвариши орқали мўмайгина даромад олишнинг ҳадисини олган.
Тошлоқ туманининг “Арабмозор” МФЙда яшовчи Илҳомжон Мадғозиевлар оиласи барча маҳалладошлари каби томорқачилик миришкори. Айни пайтда хонадон томорқасидаги иссиқхонада цитрус мева – лимон етиштирилади. Ўтган йилдан томорқанинг бўш ер майдонида бедана боқиш йўлга қўйилди. Ҳозирда япон наслли 6 минг бош бедана боқиляпти. Кунига ўртача 4,5 минг дона тухум олинади. Бир дона тухумни хонадоннинг ўзидан улгуржи нархда 400-450 сўмдан олиб кетишади. Биргина бедана тухумининг ўзидан ушбу оила бир ойда 50-55 миллион сўм даромадга эга бўлмоқда.

Қизиғи, ёқимли куйлайдиган япон беданаси қўшиқ эшитишни хуш кўради. Шунинг учун ҳам бу ерда ҳамиша қадрдон куй-қўшиқлар жаранг сочиб туради.
Ўтган йили “Агробанк”нинг Тошлоқ тумани филиалидан бириктирилган маҳалла банкири Шаҳноза Маллабоева кўмагида мазкур оилага 25 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилган эди. Бу маблағ эвазига саноат усулида бедана боқишга мўлжалланган кичик цех бунёд этилди. Озиқлантириш, касалликларга қарши профилактика воситалари харид қилинди.

—Бу йил 50 та микролойиҳани амалга ошириш, 2 миллиард 300 миллион сўм имтиёзли кредит ажратиш ҳисобига 130 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган,—дейди “Арабмозор” МФЙ ҳоким ёрдамчиси Муҳаммаджон Сайфуллаев.—Хусусан, мазкур оила тажрибаси асосида маҳаллада бедана боқишни драйвер соҳалардан бирига айлантиришни ҳам мақсад қилганмиз.

Таъкидлаш жоизки, 6 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган “Арабмозор” МФЙ тумандаги энг миришкор маҳаллалар сирасига киради. Бугунги кунда 750 дан ортиқ хонадонда иссиқхоналар барпо этилган. Яқин кунларда иссиқхоналарда пишадиган помидор-бодринг, булғор ва аччиқ қалампир, редиска, турли кўкатлар ички бозорга чиқарилади.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳрида Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишида иштирок этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг