Баварияда қадр топган ўзбек йигити
Беш йилдирки, Германияда оддий ишчи ё хизматкор эмас, балки замонавий чорвачилик фермасида (Herdenmanager) бошқарувчи лавозимида ишлаб келаётган Ойбек Ризаев билан интернет тармоғида боғландик ва у ёшларга ибрат бўлсин, деган мақсадда ўз фаолияти хусусида қуйидагиларни сўзлаб берди.
-Биласизми, Германия Европанинг иқтисоди ривож топган давлати, бу мамлакатнинг дунёдаги салоҳияти ҳам юқори. Ҳолбуки, 80 йил илгари уруш туфайли буткул вайрон бўлган, харобага айланган мамлакат эди. Қисқа фурсатда буткул қайта тикланган, юксалган. Германияни беқиёс даражада ривожлантирган ҳам бегона эмас, шу ерлик немислар. Бу халқ ҳамон ўз қоидалари билан яшаб, тараққий этяпти. Масалан,Бавариядаги “Michael Ströhl” деб аталган фермер хўжалигининг 100 гектар ери, 300 бош зотли қорамоллари бор. Шунинг юз боши соғин сигирлар, кунига икки карра соғилади ва ҳар бири камида 32 литрдан сут беради. Маҳсулотнинг ёғлилик даражаси 4,16 фоиздан, оқсили 3,57 фоиздан юқори. Албатта бу жуда юқори кўрсаткич ва шунга яраша жониворларга озуқа берилади. Бу кичик фермадаги эришилган ютуқ. Германиядаги барча корхонаю фирмаларда ҳам янгидан янги ўзгаришларни кузатасиз. Гўё бу мамлакатда инновация ва технология дегани қайнар булоқ сингари пайдо бўлаверади.

Баъзан ўртоқларим қўнғироқ қилганда бошлиғим Михаел билан даладамиз, икковимиз иккита тракторни минволиб ишлаяпмиз, сўнг фермага кетамиз,хўжаликда бошқа одам йўқ, десам, бўлмаган гап дейишади. Рости ҳам шу. Ахир бир ойлик даромадим 4 минг евродан баланд, ишнинг машаққатидан кўра, завқи зўр. Бошлиғим Михаел камтар ва диёнатли инсон, у ерга ишлов бериш учун нима техника зарур бўлса барини йиғиб келган. Ҳар куни кечқурун икковимиз эртанги ишларни режалаштириб оламиз. Тизим тўлиқ компютерлашган, замонавий технология ферма ҳаётига шу қадар чуқур кириб борганки, ҳайратингиз ошади. Агар бир кун келиб киндик қоним тўкилган Андижонга қайтсам ҳар қанча қийинчилик ё тўсиқлар бўлмасин, албатта шу технологик жараённи жорий этаман. Чунки маҳсулдорлик, юқори сифат ва наслчилик йўналишидаги эришилган ютуқ чорвадорга завқ беради. Михаел шу кунларда менга қаттиқ ишониб қолган. Афтидан у ўтган давр ичида мени синаб кўрди иш жараёнида, қайта ва қайта. Тракторми, ускунами, компютерми ё технологик жараёнларми тезда ўзлаштириб олдим. Ҳатто немис тилини Бавария шевасида талаффуз қилишим ҳам Михаелга ёқади. У гапимдан завқланиб кетган чоғларда Андижонга бориш ниятида эканлигини эслатади. Шундай чоғларда беихтиёр инсоннинг меҳнатсеварлиги, билими, ўқиш-ўрганишга ўчлиги ва хорижий тилни мукаммал эгаллаши уни ҳар қандай жамоада ҳурмат қозонишини таъминлайди, деган ҳаёл кўнглимдан ўтади. Аслида бу соҳани бежиз танлаганим йўқ. Ёшлигимдан чорвага меҳр қўйганман. Андижонда, сўнг ТошДАУда ўқидим,магистр дипломини олгач, турли ташкилотларда меҳнат қилдим. Немис тилини ўрганиш мен учун Баварияга йўл очди. Айни пайтда бутун фикру ҳаёлим докторлик диссертациясида. Фермада ҳам ишлаб ҳам илмий тадқиқотлар олиб боряпман. Илмий нашрларда мақолаларим чоп этиляпти. Рости диссертация ёзишга мени бавариялик дўстим Михаел руҳлантирди, “Ақлинг бутун экан, илм қил, биз сенга шароит яратиб берамиз,” деди. Насиб этса, немис тилида ёзилган тадқиқотимни Бавариядаги илмий марказда ҳимоя қилсам мутахассис сифатида нуфузим янада ошади. Хуллас орзулар бир олам. Сизга ҳам маслаҳатим шу орзу қилишдан ҳам, унга етиш учун ҳаракатдан ҳам асло тўхтаманг.
- Омад ёр бўлсин, сизга.

Абдунаби Алиқулов “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нодирбек Абдусатторов Прагадаги шахмат фестивалида чемпионликни қўлга киритди
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Prix Versailles талқинига кўра 2026 йилнинг дунёдаги энг гўзал музейлари рўйхатига киритилди
- Матчанов Умирзак Сеитжановичнинг иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси эълони
- Эндиликда йўловчи божхона декларациясини мобил илова орқали электрон шаклда топшириш мумкин
- Яқин Шарқдаги кескинликнинг нархи: АҚШ, Исроил ҳамда Эрон уруш учун қанча сарфлаяпти?
- Эроннинг ҳужум салоҳияти 50 фоизга қисқарди – АҚШ сенатори
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг