Барқарор даромад: янги лойиҳалар, янги умидлар
Президентимиз томонидан Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўлланган Мурожаатнома мамлакат тараққиётининг навбатдаги босқичи учун аниқ стратегик йўналишларни белгилаб берди. Ушбу дастурий ҳужжат нафақат яқин истиқбол режаларини, балки жамият олдида турган энг долзарб масалаларнинг ечимини ҳам очиқ-ойдин кўрсатиб берди.
Жорий йил учун устувор вазифалар марказига инсон капитали қўйилгани алоҳида аҳамиятга эга. Чунки замонавий иқтисодиёт шароитида тараққиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи табиий ресурслар эмас, балки билимли, ташаббускор ва рақобатбардош кадирлардир. Шу нуқтаи назардан Мурожаатномада ички талабни ошириш орқали барқарор иш ўринлари яратиш, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларнинг жамиятдаги иқтисодий фаоллигини кучайтириш устувор вазифа сифатида белгилаб берилди.
Давлат раҳбари ҳар бир ҳудуд, ҳар бир туман ўз имконияти ва ресурсларидан келиб чиқиб, аниқ ва ҳисоб-китобли дастур асосида иш ўринлари яратиши шартлигини қатъий таъкидлади. Энди масала фақат статистик рақамларда эмас, балки юқори даромадли, барқарор ва узоқ муддатли бандликни таъминлашда экани қайд этилди. 2026 йилда бир миллиондан ортиқ ёшлар ва хотин-қизларни муносиб иш билан таъминлаш бўйича мутлақо янги тизим жорий этилиши бу борадаги ёндашув тубдан ўзгараётганини англатади.

Мурожаатномада илгари сурилган “таълим сифати — бандлик кафолати” экани ҳақидаги тамойил эса меҳнат бозори ва таълим тизими ўртасидаги узвий боғлиқликни мустаҳкамлашга қаратилган. Бу йилдан бошлаб касб-ҳунарга ўқитиш жараёнлари меҳнат бозорининг реал эҳтиёжларига мослаштирилиши белгилаб қўйилди. Бу эса кадрлар тайёрлаш тизимида формалликдан самарадорликка, ҳужжатбозликдан натижага қараб бурилиш бошланаётганини кўрсатади.
Шу маънода, Мурожаатнома иқтисодий дастур бўлиш билан бирга, ижтимоий адолат ва имкониятлар тенглигини таъминлашга қаратилган мукаммал стратегия сифатида намоён бўлмоқда. Энди асосий савол битта. Белгиланган вазифалар ҳудудларда қандай амалий қадамларга айланади?! Ана шу жиҳат ҳар бир туман ва ҳар бир маҳалланинг келгуси тараққиётини белгилаб беради.
Бу вазифаларнинг амалдаги ифодаси Сурхондарё вилоятининг Шўрчи тумани мисолида яққол кўринмоқда. Туманда меҳнатга лаёқатли аҳолининг салмоқли қисмини ёшлар ташкил этади. Маҳаллалар кесимида ўтказилган дастлабки таҳлиллар эса муҳим бир ҳолатни очиб берди. Ишсиз ёшларнинг аксарияти мавсумий даромад илинжида хорижга чиқишга мажбур бўлаётган, айни пайтда уларнинг кўпчилиги муайян касбга қизиқади, қўлидан иш келади, аммо фаолият бошлаш учун зарур бошланғич жиҳоз ва маблағга эга эмас.

Шу асосда туман ҳокимлигида ишсиз ёшлар билан манзилли мулоқотлар йўлга қўйилди. Улар жамланиб, очиқ суҳбатлар ташкил этилди, ҳар бирининг режаси, қизиқиши ва имконияти ўрганилди. Илк учрашувнинг ўзидаёқ қарийб юз нафар ёшга замонавий пайвандлаш аппаратлари, тикув машиналари, маиший хизмат кўрсатиш ускуналари топширилди. Бу қадам кўп йиллик муаммонинг амалий ечимига айланди. Чунки ёшларга тайёр иш жойи эмас, балки мустақил меҳнат қилиш имконияти берилди. Натижада хизмат кўрсатиш ва кичик ишлаб чиқариш йўналишларида янги фаолиятлар пайдо бўла бошлади.
Асбоб-ускуна топшириш амалиёти қисқа вақт ичида ўз самарасини кўрсатди. Бир неча ой давомида маҳаллаларда устахоналар, тикув цехлари, маиший хизмат нуқталари ташкил этилди. Энг муҳими, хорижга кетишни режалаштираётган ёшлар орасида кайфият ўзгарди. Улар ўз юртида меҳнат қилиб даромад топиш мумкинлигига ишонч ҳосил қилди. Шу боис бундай учрашувлар мунтазам тус олди, ташаббус туман миқёсида оммалашди.
Жараёнга жамоатчилик вакиллари ҳам фаол қўшилди. Мисол учун, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, тадбиркор Собир Астанақулов ташаббуси билан яна бир гуруҳ ишсиз ёшларга фаолият бошлаши учун зарур жиҳозлар топширилди. Ушбу амалий ёрдам ортида аниқ стратегик мақсад мужассам. Ёшларни тадбиркорликка йўналтириш, уларни доимий даромад манбаи билан таъминлаш, меҳнат миграциясини қисқартириш ва маҳаллаларда иқтисодий фаолликни ошириш кўзда тутилган.
Шалдироқ маҳалласида яшовчи Ҳумойиддин Шодмонов бу имкониятдан фойдаланган ёшлардан бири.
— Илгари мавсумий иш излаб хорижга чиқишга мажбур бўлардим, — дейди Ҳ.Шодмонов. — Бошқа иложим ҳам йўқ эди. Кунлар исишини кутиб, яна кетишга ҳозирланаётган пайтимда туман ҳокими ёшлар билан учрашув ўтказишини айтишди. Тадбирга қатнашдим. Ҳар биримиз билан алоҳида суҳбат қилди. Қизиқишим, қўлимдаги ҳунардан келиб чиқиб, замонавий пайвандлаш ускунасини топширди. Ҳозирда ўз уйимдан темир панжаралар ясайдиган мўжаз устахона очдим. Энг катта ютуқ оила бағрида қолган ҳолда меҳнат қилиш имкониятига эга бўлдим.

Мурожаатномада 2026 йилда янги иш ўринлари яратиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга ўқитиш кўламини кенгайтириш вазифаси белгилаб берилган. Шу асосда Шўрчи туманида 150 нафар ёшни талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш, 80 та микролойиҳага имтиёзли кредит ажратиш, хизмат кўрсатиш соҳасида юзлаб янги иш ўринлари яратиш режалаштирилган. Шунингдек, кичик ишлаб чиқариш цехларини ташкил этиш орқали қишлоқ ҳудудларида бандликни таъминлаш кўзда тутилган. Ҳисоб-китобларга кўра, амалга оширилаётган ва режалаштирилган лойиҳалар натижасида бир йил ичида камида минг нафарга яқин аҳоли доимий иш билан таъминланиши мумкин.
— Ҳар бир ёш билан манзилли ишлаш тамойили асос қилиб олинган, — дейди Шўрчи тумани ҳокими ўринбосари Малик Чоршанбиев. — Ёшларнинг қизиқиши ва қобилиятини ўрганмасдан туриб самарали натижага эришиб бўлмайди. Туман ҳокимлиги томонидан маҳаллаларда ишсиз ёшлар рўйхати шакллантирилиб, уларга мос касблар бўйича ўқитиш ва амалий ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилган. Мониторинг натижалари жиҳоз олган ёшларнинг катта қисми ўз фаолиятини муваффақиятли бошлаганини кўрсатмоқда. Энг муҳим мақсад ёшларнинг чет элга кетиш эҳтиёжини камайтириш ва уларни ўз ҳудудида барқарор даромад манбаи билан таъминлашдан иборат.
Мурожаатномада белгиланган вазифалар қоғозда эмас, ҳаётнинг ўзида намоён бўлмоқда. Шўрчидаги тажриба шуни кўрсатадики, агар ёшга ишонч билдирилиб, унга аниқ восита ва шароит яратилса, у нафақат ўз бандлигини таъминлайди, балки яна бир нечта иш ўрни яратишга ҳам қодир бўлади. Бу эса ҳудуд иқтисодиётида янги ҳаракат ва янги имкониятлар эшигини очади.
Фарҳод ЭСОНОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳрида Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишида иштирок этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг