Балиқчи туманида маҳаллий инвесторлар иштирокида агросаноат фаолияти изчил ривожланмоқда

11:25 27 Январь 2026 Жамият
189 0

Маҳаллий инвесторлар мамлакат иқтисодиёти ривожида тобора фаол ўрин эгаллаб бормоқда. Айниқса, ҳудудларда ташкил этилаётган ишлаб чиқариш корхоналари ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш, қишлоқ хўжалигида қўшимча қиймат яратиш орқали иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Шу йўналишда Балиқчи туманида фаолият юритаётган «Vodiy agrotech» агрокластери маҳаллий фермер хўжаликлари билан ҳамкорликда самарали иш олиб бормоқда.

— Бундай корхоналар аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимояни кучайтиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади, — дейди туман ҳокимлиги масъул ходими Музаффарбек Каримов. — Хусусан, мазкур агрокластерда Сарновул, Баркамол ва Шеробод маҳаллалари аҳолисидан 200 нафардан ортиқ фуқаро доимий иш ўрни билан таъминланган. Мавсумий ишлар даврида эса иш билан банд аҳоли сони 500 нафаргача етади. Бу кўплаб оилалар учун барқарор даромад манбаи ҳисобланади.

Корхона фаолияти экспорт йўналишида ҳам изчил ривожланмоқда. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар нафақат ички, балки ташқи бозорларга ҳам етказиб берилмоқда. Айни пайтда ҳар ой ўртача 1 миллион АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспорт қилинмоқда.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер