Байрам арафасида бозорлар гавжумлашди

17:38 27 Август 2025 Жамият
147 0

Юртимизнинг энг улуғ, энг азиз айём — Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги байрам шукуҳи кезиб юрибди. Шу муносабат билан жойларда ташкил қилинаётган арзонлаштирилган савдо ярмаркалари халқимизнинг байрам кайфияти ва харид қобилияти ошишига хизмат қилмоқда.

Аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда нарх-наво барқарорлигига эришиш учун Самарқанд вилоятидаги деҳқон бозорларида ҳам 20 га яқин арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ташкил этилган.

Самарқанд шаҳридаги савдо ярмаркаларига маҳсулотлар туманлардан —фермер хўжаликлари томонидан етказиб берилмоқда. Мисол учун, “Темирйўл деҳқон бозори”га Оқдарё, Тойлоқ ва Пастдарғом туманларидан асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари келтириляпти. Мустақиллик байрами арафасида ташкил этилган арзонлаштирилган маҳсулотлар савдо ярмаркасида 26 турдаги маҳсулот арзон нархда келтирилмоқда. Бозорда кунига ўртача 3 тоннага яқин гўшт маҳсулотлари ҳар килограмми 90 минг сўмдан савдога чиқарилмоқда.

— Жорий йилнинг 1 августидан Тошкент шаҳридаги “CHOP” масъулияти чекланган жамияти томонидан Ҳиндистондан келтирилган музлатилган гўшт арзон нархда, килограмми 55 минг сўмдан 80 минг сўмгача сотилмоқда, — дейди “Темирйўл деҳқон бозори” 3-сон ветеринария лабораторияси ветеринария врачи Жамила Болтаева. — Музлатилган ҳолда импорт қилинаётган гўшт маҳсулотлари божхонада текширувидан ўтказилган ҳолда келяпти.

“Сиёб деҳқон бозори” жойлашуви ва транспорт йўналишларига кўра энг кўп харидор келувчи гавжум бозорлар ҳисобланади. Бу ерда нафақат шаҳар аҳолиси, балки туманлардан келувчиларнинг аксарияти мазкур бозордан харид қилади. Бозорда 8 та гўшт дўкони ва 10 та гўшт растаси бор. Кунига 1,5-2 тоннагача мол гўшти сотиляпти.

—Ярмарка расталарига Жомбой, Булунғур, Самарқанд тумани деҳқонлари ўз маҳсулотларини таклиф этишмоқда, — дейди “Сиёб деҳқон бозори” масъулияти чекланган жамияти иқтисодчиси Асрор Ҳасанов. — Шунингдек, аҳолини арзонлаштирилган гўшт маҳсулотлари билан таъминлаш учун Ҳиндистон, Мўғулистон давлатларидан импорт қилинган гўшт маҳсулотлари савдоси йўлга қўйилган. Масалан, Ҳиндистондан импорт қилинган қорамол гўшти 55 минг сўмдан 80 минг сўмгача сотилмоқда. Мўғулистондан келтирилган қўй гўштининг ҳар килоси 70-85 минг сўмдан растада турибди. Харидорнинг талабига кўра, маҳаллий чорва моллари гўшти 90 минг сўмгача сотиляпти.

Шу ўринда айтиш керакки, Самарқанд вилоятида бугунги кунда 50 га яқин бозор ва 10 дан ортиқ савдо комплекслари мавжуд. Арзонлаштирилган савдо ярмаркалари эса уларнинг ҳаммасида ҳам мавжуд эмас. Тўғри, бундай ярмаркалар асосан аҳоли зич бўлган марказий шаҳарлар ҳамда туман марказларида ташкил этилади. Аммо, чекка ҳудудлардаги мавжуд бозорларда ҳам йўлга қўйилса, бу жойларда аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда нарх-наво барқарорлигига эришишга хизмат қилар эди.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ,

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер