Бағдодлик фермер 30 минг туп теракдан 6 миллиард сўм даромад олишни режалаштирмоқда

13:54 07 Апрель 2025 Жамият
79 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Бағдод туманидаги «Бардош элита файз» фермер хўжалиги аъзолари томонидан дала четларидан унумли фойдаланиш мақсадида кейинги икки йилда 3 гектар янги ер ўзлаштирилди.

Биргина жорий йилнинг ўзида қишлоқ хўжалигида фойдаланишга киритилган қўшимча майдонда 5 минг туп терак, 1 минг туп олча дарахти кўчатлари экилди. Шунингдек, Олтиариқ тажрибаси асосида дала четларидаги бўш майдонларда узумзор ташкил этилди. Эзгу ташаббус доирасида асаларичилик тармоғи ҳам йўлга қўйилган.

— Терак эрозиянинг олдини олиб, экинларни турли табиий офатлардан иҳота қилади, — дейди «Бардош элита файз» фермер хўжалиги раҳбари Отабек Фахриддинов. — У барча дарахтлар ичида энг яхши ҳаво тозаловчи бўлиб, ҳатто игнабарглиларга қараганда ҳам 10 баробар кўп кислород ҳосил қилади. Шу билан бирга ўзидан зарарли микробларни ўлдирувчи фитонцидлар ишлаб чиқаради.

Айтиш жоиз, бугунги кунда юртимизда теракнинг 90 дан ортиқ навлари экилади. У жой танламаслиги, парваришлаш жараёни осон бўлгани учун юртимизнинг ҳар бир ҳудудида учрайди. Терак экиш миллий қадрият даражасига кўтарилгани ҳам бежиз эмас. Ота-боболаримиз азалдан оилада ўғил фарзанд туғилса, келажакда унга алоҳида иморат қуриб бериш мақсадида терак эккан.

— Терак нафақат қурилиш материали, балки саноат тармоғи учун ҳам муҳим хомашё ҳисобланади, — дея суҳбатимизни давом эттиради уддабурон фермер. — Шу боис ушбу йўналишга жиддий эътибор қаратиб, теракчиликни хўжалигимизнинг доимий даромад манбаига айлантиришни мақсад қилганмиз. Битта терак кўчати ўртача беш-олти йилда қурилишбоп материал бўлади ва бозорда 150-200 минг сўмгача баҳоланади.

Ҳозирги кунда фермер хўжалиги дала четларида 30 минг туп терак кўчати бор ва яқин истиқболда унинг савдосидан 5,5-6 миллиард сўм даромад олиш кўзда тутилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?