Бағдодда Чили қалампири етиштирилиб, экспорт ҳам қилинмоқда

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Бағдод туманида азалдан аччиқ қалампир етиштириш борасида ўзига хос тажриба шаклланган. Бугунги кунда имконият ва имтиёзлардан фойдаланган ҳолда аччиқ қалампир етиштириш, қуритилиб, қайта ишлаб, қадоқланган ҳолда экспорт қилиш бўйича ютуқларга эришилмоқда.
Туманнинг Мирзаобод маҳалласида яшовчи Абдурозиқ Ҳомидов ота мерос деҳқончилик юмушини замонавий мезонлар асосида ривожлантиришга муваффақ бўлди. Тадбиркор Ҳиндистондан жаҳон бозорида харидоргир Чили аччиқ қалампири уруғини олиб келиб, маҳаллий иқлим шароитида ундан мўл ҳосил олмоқда. Ҳозирги кунда кооперация асосида маҳаллада ушбу навли аччиқ қалампирни етиштириш, табиий усулда қуритиш, махсус тегирмонда қайта ишлаш ва дунё бозорларига экспорт қилиш йўлга қўйилган.
— Шунингдек, туманда эҳтиёжманд оилаларга берилган ерларда ҳам қалампир экиб, унинг ҳосилини ўзимиз сотиб оламиз, — дейди Абдурозиқ ака. — Шу кунларда қалампир экишга қизиққан ана шу каби янги оилаларга 1 гектар майдонга Чили қалампири кўчати етказиб берилди.
Маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Шуҳратжон Набиевнинг маълум қилишича, қалампирчилик маҳалланинг асосий драйвери сифатида белгиланган. Айни пайтда маҳалладаги 736 та хонадоннинг 610 таси (82 фоизи) қалампирчилик билан шуғулланади. Бу эҳтиёжни қондириш учун Боғзор кўчасида жойлашган 33 та хонадон эгаларининг барчаси қалампир кўчати етиштиради.
Шу кўчадаги Исломжон Солиев хонадони эҳтиёжманд оила сифатида қизил тоифага киритилган эди. Оиланинг 9 сотих томорқасида ҳар йили ўртача 900 минг дона қалампир кўчати парваришлаш йўлга қўйилиб, йилига ўртача 65-70 миллион сўм даромад олишига кўмаклашилди. Натижада ушбу хонадон қизил тоифадан чиқарилиб, оила аъзоларининг жон бошига йиллик даромади 7 миллион сўмда ошишига эришилди. Бугунги кунда маҳалладаги яна 200 га яқин хонадонда қалампир парваришлашни йўлга қўйиш ва мазкур оилаларни муқим даромад манбаи билан таъминлаш орқали қизил тоифадан чиқариш мақсад қилинган.
Маҳалла ҳудудидаги «Перец Импех», «Мир вкуса», «Агроспетий» МЧЖлар экспорт фаолияти билан шуғулланади. «Қалампир агросавдо» оилавий корхонаси, тадбиркорлар Хуршидбек Маҳмудов ва Абдулазиз Маткаримов қалампирни қайта ишлаш фаолиятини йўлга қўйган.
Яқин истиқболда маҳаллада қалампир етиштириш салмоғини янада ошириш ва шу орқали йиллик экспорт ҳажмини 3,5 миллион долларга етказиш режалаштирилмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Тошкентда Парламент аёл аъзолари форумининг 39-сессияси бўлиб ўтди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг