Бадиият олами

18:50 29 Ноябрь 2023 Маданият
262 0

Ғафур ҒУЛОМ

ВАҚТ

Ғунча очилгунча ўтган фурсатни

Капалак умрига қиёс этгулик,

Баъзида бир нафас олгулик муддат –

Минг юлдуз сўниши учун етгулик.

Яшаш соатининг олтин капгири

Ҳар бориб келиши бир олам замон.

Коинот шу дамда ўз куррасидан

Ясаб чиқа олур янгидан жаҳон.

Ярим соат ичида туғилиб, ўсиб,

Яшаб, умр кўриб ўтгувчилар бор;

Кўз очиб юмгунча ўтган дам – қиммат,

Бир лаҳза мазмуни бир бутун баҳор.

Бир оннинг баҳосин ўлчамоқ учун

Олтиндан тарозу, олмосдан тош оз.

Нурлар қадами-ла чопган секунднинг

Барини тутолмас аюҳаннос овоз.

Йигит термилади қизнинг кўзига,

Киприк сузилиши, майин табассум…

Қўша қаримоққа муҳр бўлади

Ҳаётда икки лаб қовушган бир зум.

Яшаш дарбозаси остонасидан

Зарҳал китоб каби очилур олам,

Тириклик кўркидир меҳнат, муҳаббат,

Фурсатдир қилгувчи азиз, мукаррам.

Бебаҳо дамларнинг тирик жони биз,

Ҳар они ўтмишнинг юз йилига тенг.

Ўзбекнинг барҳаёт авлодларимиз,

Ҳар нафас мазмуни фазолардан кенг.

Қатрада осмон акс этганидек

Жаҳондай маънодор қорачиғимиз.

Ғолиб асримизга куёшдан машъал,

Замон кўрасининг сўнмас чўғимиз.

Замона соати занг урар мудом,

Минглаб ҳодисалар минутларга қайд,

Қаҳрамон туғилди, шаҳар олинди,

Бир гигант қурилди шарафли бу пайт.

Рейхстаг устига ғалаба туғин

Қадашда отилган адолат ўқи –

Ялт этган умри-ла барқарор қилди

Башарнинг муқаддас, олий ҳуқуқин.

Ғалаба амри-ла, мағлуб немиснинг

Генерали қўл қўйди. Уч секунд фақат…

Шу малъун имзода одамлар ўқир

Миллион йил фашистнинг умрига ланъат.

Азиз асримизнинг азиз онлари

Азиз одамлардан сўрайди қадрин.

Фурсат ғаниматдир, шоҳ сатрлар-ла

Безамоқ чоғидир умр дафтарин.

Шуҳрат қолдирмоққа Геростратдек

Диана маъбадин ёқмоқ шарт эмас.

Кўпларнинг бахтига ўзликни жамлаб,

Шу улуғ бинога бир ғишт қўйсак бас.

Ҳар лаҳза замонлар умридек узун,

Асрлар тақдири лаҳзаларда ҳал,

Умрдан ўтажак ҳар лаҳза учун

Қудратли қўл билан қўяйлик ҳайкал.

Ҳаёт шаробидан бир қултум ютай,

Дамлар ғаниматдир, умрзоқ соқий.

Қуёш-ку фалакда кезиб юрибди,

Умримиз боқийдир, умримиз боқий.

ЧИН АРАФА

Саҳарда чарақлайди осмон тўла юлдузлар…

Толеи тонг отардай, келажаги кўкдай кенг,

Эй, менинг фарзандларим, қундуз қош, қора кўзлар,

Дастурхон атрофига юлдуз каби тўпланинг,

Бугун чин арафадир.

Бугун чин арафадир, ғолиблар ўлкасида.

Кўзгудек жилолансин мурғак кўнгилларингиз,

Бахтингиз қолмасин деб зулмат кўланкасида,

Дарё-дарё қон тўкиб, бу кунни келтирганмиз,

Бугун чин арафадир.

Малъунлардан яширган тилсим сандуғингни оч,

Ҳимматинг қанчалар бор, олтин юзли офтоб?

Болаларнинг бошидан аямай зарингни соч,

Энди кулиш — арғанун, қаҳқаҳалардир рубоб,

Бугун чин арафадир.

Шодлик қўшини босди саодат кўчасини,

Гўдаклар жаранглатар ҳайитлик тангасини,

Қелинчаклар ахтарар пардоз қутичасини,

Қирқ кокил бўлсин дейди, қистайди янгасини,

Бугун чин арафадир.

Бўлган эдик интизор кўз кўзга тушмак учун,

Ғолиблар қайтган кун, ёр орзуси қонган кун

Шеърий ўхшатиш билан қалбимиздир лолагун,

Айрилиқ унут бўлиб, бир-бирни қучмоқ учун,

Бугун чин арафаднр.

Юзимизни ёритди кечаги тўкилган ёш,

Бугун байрам келтирди кечаги ҳажру фироқ.

Бугун бўстон кезади, кеча қон кечган қуёш,

Ҳар куннинг файзи бошқа, эрта яна яхшироқ,

Бугун чин арафадир.

Йигитга от келишар, байроқ — ғолиб қўлига,

Қадри баланд инсонга шон керак, шараф керак,

Юз минг кўклам пойандоз арслон эрлар йўлига,

Менинг енгган элимга байрам куни муборак,

Бугун чин арафадир.

Эртага тонг отардан ноғорада зилу бам,

Чалинг, Аҳмаджон ота, навони савти билан,

Сен ҳам шоҳ шеърингни ёз байрамга, Ғафур Ғулом,

Фоилотан фаалан, фоилотан фаалан,

Бугун чин арафадир.

* * *

Мунча ҳам соғинтирдинг, азиз Ватаним,

Бодомдай минг кўз билан интизор таним,

Қанот қоққан жўжадай титраб баданим,

Иштиёқ ҳижронида қолдим, севганим,

Чаманлар, гулбоғлар ёдимга тушди.

Лоладан пойандоз ҳар бир қадамда,

Узлуксиз кулкуга доимо банда,

Олтин тупроғингни ўпганим дамда

Нафасинг сезилар эди баданда,

Ҳароратли қучоқлар ёдимга тушди.

Иссиқ қуёш бошимдан силаб ўстирган,

Оёғимга устинида кирмаган тикан,

Кипригимга қўнган зарринкор чангдан,

Алқисса, шаббода чопган оҳангдан

Мусиқавий жумбоқлар ёдимга тушди.

Баланд-баланд тоғларинг минг пиллапоя,

Арчалар ёнбағрига ташлайдир соя,

Мен ошиқ шаббодая, куёша, оя,

Шеър ўқиб, шеър ўқиб билониҳоя,

Чулдироқ ирмоқлар ёдимга тушди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?