Бадиият олами
Мамлакатимизда «Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари» тамойили асосида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар силсиласида адабиётни ривожлантириш, ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёш иқтидорларни кашф этиш ва тарбиялашга қаратилган ишлар бутунлай янги босқичга кўтарилди.
Зотан, инжа санъат халқнинг маънавий-руҳий озуқасидир. Бадиий сўз қудрати инсон қалбини нафақат поклайди, балки тафаккур оламини ёритади, орзу-умидлари рўёби сари қанот бўлади, уни янги-янги марралар сари рағбатлантиради.
www.xs.uz сайтимизда «Бадиият олами» рукнининг ташкил этилишидан кўзланган эзгу мақсад-муддао ҳам шу. Ўқувчиларга ушбу рукн остида ёзувчи-шоирлар, адабиёт бўстонига энди қадам қўяётган ёш ижодкорлар асарларидан туҳфа этиб борамиз.
Муштарийларимизни халқимизнинг маънавий савиясини янада ошириш, дидини юксалтириш, уларни бадиий сўзнинг бепоён жилвасидан баҳраманд этиш, орзу-умидлари рўёби томон олға интилишга ундаш, руҳлантиришдек эзгу ишларга камарбаста бўлишга чорлаб қоламиз.

Сирожиддин РАУФ
ТАЗАРРУ
Югуриб чарчадим, етар, энди хўп,
Юрганим кўнглимнинг етакларига.
Зор қақшаб топгандан йўқотганим кўп
Ёпишиб дунёнинг этакларига.
Ҳолбуки, бировдан камим йўқ эди,
Ҳою ҳавасларин кўрдим оламнинг.
Таъқиб этаверди армоннинг ҳиди –
Саждада ўтмаган умри одамнинг.
Кимдан юз ўгириб, кимга тикилдим,
Ғаддор нафс пардаси тўсиб кўзимни.
Ишвалар пойига тутдек тўкилдим,
Ўзимни унутдим ўйлаб ўзимни.
Не кўрсам лол бўлдим маҳобатига,
Баридан тутмадим ҳар дам илмни.
Энди зор турибман иноятига,
Ҳимматнинг қўрига тоблаб дилимни.
Жонимга азоблар сўрарман беҳад
Ва ишқи кўйида хорлик, адолик.
Жамолин кўрсатса бир кун ҳақиқат
Англарман: не шараф ушбу гадолик!..
* * *
Гоҳида келади сенла сирлашгим,
Кўнглимнинг бисоти - эзгу дардимни,
Сенга ишонмоқдан қўрқаман лекин.
Гар бир кун ишонсам, ёлғиз ўтинчим:
Сен мени ўзингдан ортиқроқ севма,
Ўзимдан ортиқроқ мени тушунгин.

Истам ИБРОҲИМОВ
БЕДОР ЎЙ
Сарғайди боғ-роғлар... Эшик мўралаб
Чархи кажрафтор жим пичоғин чархлар.
Япроғин қурбонлик қилмоғин ўйлаб
Сомондек сарғайди маҳзун дарахтлар.
Оҳ, умр, оҳ, умр, кўнгилга ғубор
Қўндирмай яшамоқ бир санъат экан.
Дўст-душман олдида дарахтдек ночор
Сарғайиб қолмаслик бир давлат экан...
* * *
Осмон тунд. Изғирин. Боғлар жунжикди,
Тун каби қорайди қарғиш теккан дашт.
Япроқлар ризолик сўраб жон тикди,
Осмон тунд. Изғирин. Шўрлик кўнгил ғаш.
Кўнгил ғаш. Ёнғоққа тўладир қўйин,
Сотмоққа ҳеч вақо йўқ бисотида.
Бу боғлар жунжиккан паллада,тушун
Кетганинг юракка оғир ботди-да,
Кетганинг юракка оғир ботди-да...

Хуршид АБДУРАШИД
* * *
Ўтиб бораётган ҳар бир кунимнинг
Ортидан боқарман ҳорғин қўл силкиб.
Қараркан, юраги оғримас кимнинг:
Қайтмайди ғам-қувонч, қайтмайди севги.
Кўзга муҳрланган лаҳзаларни сўнг
Хаёлда тиклайман минг бор уриниб.
Тасаввур етмайди – тасвир жуда жўн,
Излайман эслашнинг ўзга турини.
Кунлар соғинч ташлаб чопаверади,
У билан баҳсма-баҳс чопар юрагим.
Гоҳ қувонч, гоҳ оғриқ топаверади,
Бесамар курашда ярим бўлагим.
Биламан, кунларни бўлмас тўхтатиб,
Биламан, бу баҳсда ниҳоя йўқдир.
Битта хулосага келаман қайтиб:
“Инсон ўз қалбини ўзи ўқийди...”

Феруза ХАЙРУЛЛАЕВА
ЁМҒИР КУЙЛАР
1
Ўшанда сeн билан баҳор кeлганди,
Гулли кўйлагини кўз-кўзлаб мeнга.
Ёмғирлар саловат айтиб жилмайди,
Кўзингга боқмасдан жилмайганимда.
Кўп вақтлар, кўп дардлар
кўп сўзлар ўтди
Орадан,
Орамиз узалиб борди.
то ишқинг,
то ишқим,
то уфққа қадар.
Ёмғирлар энди ҳазин жилмаяр
Кўзингни эслаб йиғлаганимда...
2
Азизим, дарахтлар баргин йўқотди,
Ёмғирда қолдилар гўдаклар мисол.
Мен эса ожизлик куйини чалиб
Ёрдам беролмадим – ишончлар увол.
Хонамга ичкари қулфларни урган,
Ичкари – дунёдан бeзиган тақдир.
Дераза раҳида гулларим сўлган,
Дераза раҳидек қирсиллар бағир...
Ўткинчи, ўткинчи бари, азизим,
Ахир ёмғирларда қолди дарахтлар!
Кўчаларда эса кезиб юрибди,
Ёмғирда ивиган эгасиз бахтлар...
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Комилжонов Мухаммадсолиҳ Собиржон ўғлининг “Сaломaтлик лaндшaфтлaрини тaшкил этиш тaмойиллaрини ишлaб чиқиш” мавзусидаги (архитектура фанлари бўйича) фалсафа доктори (PhD) диссертациясининг ҳимояси эълони
- Украинада журналистларни олиб кетаётган автомобиль дронлар ҳужумига учради
- Россия янги урушга тайёргарлик кўрмоқда — Германия мудофаа вазири
- Теҳронда вазият жиддий: пойтахт аҳолиси эвакуация қилиниши мумкин
- Наманган – янгиланиш ва гўзаллик шаҳри
- Ўзбекистон ёки Миср. Қайси терма жамоа кучли?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг