Аёлларга зўравонлик — маданиятли жамият учун қора доғ

Ҳозирги пандемия шароити дунё бўйича оилавий масалалар билан боғлиқ айрим муаммоларни ҳам келтириб чиқараётгани сир эмас. Хусусан, оилаларда зўравонлик ҳолати ошиб бораётганлиги кузатилмоқда. Бир қатор давлатларда шу юзасидан муайян чоралар кўриляпти.
Масалан, Германияда ушбу муаммо турмуш ўртоғи томонидан калтакланган ва руҳий босим ўтказилган аёлларга бўшаб қолган меҳмонхоналардан хоналар бериш орқали ҳал этиш таклиф этилмоқда. Буюк Британияда эса уйма-уй кириб чиқаётган почта ва етказиб бериш хизматлари ходимларига тажовузкор эркакларни диққат билан кузатиш топширилган.
Уйда зўрлик ишлатилишига ва гендер зўравонликка қарши курашиш бўйича Украинада яратилган тезкор алоқа орқали февраль ойининг охирги уч ҳафтасида 1700 дан ортиқ шундай қўнғироқлар бўлган. 17 март куни ўзини яккалаш эълон қилинган Францияда уйда зўрлик ишлатилган ҳолатлар сони кейинги ҳафтада 30 фоиз, Париж шаҳрининг ўзида 36 фоиз ошди. Хитой ҳукумати ҳам мамлакатда уйда зўрлик ишлатиш ҳолатлари ошганлигини қайд этди.
БМТнинг Хотин-қизларга нисбатан зўравонлик масалалари бўйича махсус маърузачиси Дубравка Симонович карантин ҳолатида зўравонликлар кескин ошганлигига эътибор қаратиб, танглик даврида жабрланганларни ҳимоя қилиш чора-тадбирларини давом эттириш, чора-тадбирларда мудофаа ордерларидан, бошпаналар ва тезкор алоқадан фойдаланиш имкониятини назарда тутиши лозимлигини таъкидлади. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ҳам ўзининг “Twitter’даги саҳифасида видеомулоқот орқали бу ҳақда айтиб ўтди. У коронавирусга қарши карантин чоралари туфайли бутун дунё уйда зўрлик ишлатиш ҳолати кескин ошиши билан боғлиқ муаммога дуч келганини билдирди.
Хўш, бизда бу масала қандай ҳал этилмоқда? Бу борада Ўзбекистонда кейинги йилларда дадил қадам ташланганини айтиш зарур. Аввало, соҳага доир қонунлар қабул қилинди. “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар ана шулар жумласидандир.
Бу ҳужжатларга асосан, зўравонлик ва тазйиқдан жабр кўрган аёллар шу ҳақидаги ариза билан тегишли ваколатли органлар ва ташкилотларга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлди. Қолаверса, “ҳимоя ордери” институти жорий этилди. Бу зўравонлик ва тазйиқдан жабр кўрганларни ҳимоя қилишда муҳим механизм ҳисобланади.
Шунингдек, Сенат Раиси раҳбарлигидаги Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси ташкил этилиши Ўзбекистон бу муаммони ҳал этишдан жиддий манфаатдор эканлигини яна бир бор тасдиқлайди. Ўз навбатида зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказлари, уларнинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди.
Бугунги кун талабидан келиб чиқиб, Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси ташаббуси билан яқинда “Ишонч телефони” хизмати йўлга қўйилди, “Зўравонликка йўл йўқ” “телеграмм-бот” канали ишга туширилди. Жорий йил 10-16 апрель кунлари ушбу тизим орқали оилавий ажрашишлар, алиментлар ундириш, суд қарорлари устидан шикоятларни кўриб чиқиш, гендер тенгсизлик ва руҳий ёрдам бўйича жами 121 та мурожаат келиб тушди. Шундан 110 таси ижобий ҳал этилди. Қолганлари эса карантин даврида озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга доир бўлгани учун тегишли идораларга йўналтирилди.
2020 йил 20 апрель ҳолатига кўра маиший зўравонликдан жабр кўрган 14 нафар аёл ва 14 нафар бола 5 та ҳудудий марказда реабилитациядан ўтказилмоқда ва уларга ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Умуман, хотин-қизларни ҳозиргидек синовни кунларда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб шароит яратиш биз, сенаторланинг ҳам энг муҳим вазифаларимиздан саналади.
Феруза ЭШМАТОВА,
Олий Мажлис Сенати
Хотин-қизлар ва гендер тенглик
масалалари қўмитаси раиси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда доллар курси ўзгарди
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг