Аскарларга касб сертификатлари топширилди
Маълумки, жорий йилнинг 13 январь куни бўлиб ўтган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида Президентимиз томонидан Қуролли Кучлар сафида муддатли ҳарбий хизмат ўташнинг нуфузи ва жозибадорлигини янада оширишга қаратилган қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилган эди.
Унда келажагимиз ворисларининг аскарлик даврида касб эгаллаши, олий таълим муассасаларига ўқишга кириши ҳамда хизматдан сўнг турли соҳаларда фаолият юритиши учун қулай имкониятлар яратиш назарда тутилган. Шу мақсадда ҳудудларда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарлар учун касб-ҳунарга ўқитиш курсларини ташкил этиш вазифаси белгиланган.
Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Фарғона вилояти Касбий таълим бошқармаси ҳамда Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Бу ташаббус муддатли ҳарбий хизматни ўташнинг янги, замонавий моделини шакллантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Куни кеча Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ва Фарғона вилояти Касбий таълим бошқармаси масъуллари иштирокида ўқув курсларининг илк битирувчиларига касб сертификатлари тантанали равишда топширилди.
— Бугун 70 нафар муддатли ҳарбий хизматчи касб-ҳунарга ўқитишга мўлжалланган ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаб, касб сертификатларини қўлга киритди, — дейди Фарғона вилояти Касбий таълимни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Тўйчибой Бойматов. — Албатта, бундан буён ҳам Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги билан ушбу йўналишда бошланган саъй-ҳаракатларимиз изчил давом этади.
Тантанали тадбирда таъкидланганидек, мазкур сертификатлар келажакда ёшларнинг муайян касб эгаси бўлиб, ҳаётда ўз йўлини топишига хизмат қилади. Шунингдек, аниқ бир касб ёки ҳунарга эга бўлиш уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашида муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига кириш нархлари эълон қилинди
- Аёллар Осиё чемпионати мусобақасининг 3-тур ўйинлари давом эттирилди
- Трамп Эрондаги ҳарбий операция «деярли якунланганини» маълум қилди
- МИБ директорига янги ўринбосар тайинланди
- Тошкент – Самарқанд пуллик йўли қурилиши 2 миллиард доллардан зиёдга баҳоланмоқда
- Тошкентда туннель девори ўпирилиб тушди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг