Artel Ўзбекистоннинг Fitch Ratings агентлигидан кредит рейтинг олган биринчи хусусий ишлаб чиқариш компаниясига айланди

18:15 12 Июль 2021 Иқтисодиёт
3613 0

Кейинги йилларда юртимизда саноат ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва уларни экспорт қилиш даражасини кўпайтиришга эътибор қаратилмоқда. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда нафақат давлат корхоналари, балки хусусий сектор вакиллари ҳам ўз ўрнига эга бўлиб боряпти.

Ўзбекистондаги энг йирик компаниялардан бири Artel мамлакатимиздаги ишлаб чиқариш корхоналари орасида биринчи бўлиб халқаро “катта учлик” рейтинг агентликларидан бири —Fitch рейтингида «B» барқарор рейтингига эга бўлди. Бу ҳақида Fitch Ratings расмий сайтида эълон қилинди. Шундай қилиб, Artel Ўзбекистоннинг халқаро рейтингда ўрин олган биринчи хусусий ишлаб чиқариш компаниясига айланди.

Fitch ўз ҳисоботида Artel компаниясини “маҳаллий бозордаги етакчи мавқега эга”, “фаолиятидан олинадиган кутилган барқарор фондлари” ва халқаро миқёсда таниқли, сифатли маиший техника ишлаб чиқарувчилар билан “муваффақиятли ва узоқ муддатли ҳамкорликка эга”, деб таърифлади. Рейтинг компаниянинг молиявий ва тижорат бўйича ҳолатини изчил баҳолашга асосланган ва у компаниянинг ишончли қарз олувчи сифатида мустақил кўрсаткичи бўлиб хизмат қилади.

“Биз бугун биринчи Fitch рейтингини қабул қилганимиздан фахрланамиз. Бу Artel жамоасининг ойлаб машаққатли меҳнатининг самараси ҳисобланади, чунки биз корпоратив бошқарувнинг энг яхши глобал стандартларига амал қилишга ҳаракат қилиб келмоқдамиз. Бундай рейтинг ҳамкорларимиз билан муносабатларимизни янада мустаҳкамлашга имкон беради, янги молиялаштириш манбаларига йўл очиб, халқаро капитал бозорларига кириш учун кейинги қадам бўлиб хизмат қилади”, – дейди "Artel Electronics" МЧЖ Бошқарув раиси ўринбосари Бектемир Муродов.

Fitch рейтингига эга бўлиш компанияга нима беради?

Халқаро сармоядорлар ўз сармояларининг дефолтга учрамаслиги ва кейинчалик даромад келтириши учун агентлик юқори рейтинг берган корхоналарга инвестиция киритишади. Fitch рейтингни компаниянинг қандай қарздорликка эга эканлиги ва фоиз ставкалари каби тизимли ўзгаришларга қанчалик сезгирлиги сингари омилларга асосланиб беради. Artel ушбу рейтингни олгач, глобал молия бозорлари, қарз бозорларида тенг ҳуқуқли аъзо сифатида иштирок эта олади. Ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг бир қатор йирик банклари халқаро рейтинг агентликлари томонидан турли кредит рейтинглари олган. Artel эса маҳаллий ишлаб чиқариш компаниялари орасида биринчи бўлиб бундай рейтингга эга бўлди.

Artelга 2011 йилда асос солинган бўлиб ҳозирги вақтда кенг ассортиментдаги маиший техникалар ва электр жиҳозлар ишлаб чиқараётган ўзбек компанияси саналади. Корхона Ўзбекистонда 10 мингдан ортиқ иш ўрни яратган. Artel ўз маҳсулотларини МДҲ ва Яқин Шарқ минтақасидаги 20 дан ортиқ мамлакатларга, ҳатто олис Африкадаги Танзания мамлакатларига қадар экспорт қилади. Дунёга машҳур ишлаб чиқариш брендлари Samsung ҳамда Viessmann компанияларининг ҳудудий ҳамкори саналади.

Реклама ҳуқуқи асосида

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?