«АрМИ—2022» мусобақаларига Россия, Мўғулистон, Жазоир ва Беларусда тайёргарлик кўраётган ўзбекистонлик ҳарбийлар

14:07 13 Август 2022 Спорт
407 0

​​​​​​​Фото: Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жорий йилги «АрМИ—2022» VIII Халқаро армия ўйинларининг 20 та йўналишида иштирок этмоқда. 34 та йўналишни қамраб олган мусобақаларда 37 та давлатдан 257 та жамоа ўзаро беллашмоқда. Шуни айтишимиз жоизки, мамлакатимиз илк бор мусобақаларнинг 5 та йўналишига мезбонлик қиляпти. Жиззахдаги «Фориш» полигонида «Дала ошхонаси» ва «Қуролсоз уста» мусобақалари, Самарқанддаги «Сазаган» полигонида «Хавфсиз муҳит», Шарқий ҳарбий округда «Йўл патрули» ва Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида «Содиқ дўст» мусобақаси ўтказилмоқда.

Айни кунларда барча жамоалар белгиланган манзилларга етиб бориб, ўзларига бириктирилган ҳарбий техника ва қурол-аслаҳаларни қабул қилиб олган ҳолда тайёргарлик машғулотларини бошлаб юборган.

Жумладан, «Танк биатлони» мусобақасида иштирок этаётган Ўзбекистон жамоаси ҳозирда Москва вилоятидаги «Алабино» полигонида тайёргарликдан ўтмоқда. Танкчилар жамоамиз ўзларига бириктирилган техникаларни меъёр даражасига келтириб, белгиланган нишонларни яксон қилиш бўйича вазифаларга киришди. Улар шу тариқа ҳарбий техникаларнинг ҳолати, нишонгача бўлган масофани белгилаб олиш ва қуролларнинг техник имкониятларини ўзлари учун чамалаб олишмоқда.

Яккалик пойга баҳсларида Ветнам, Венесуэла ва Қозоғистон танкчилари билан бир гуруҳдан жой олган вакилларимиз 13 август куни қизил рангли танкда киришади.

Жазоирдаги «Бугор» полигонида ўтказилаётган «Десант взводи» мусобақасида иштирок этувчи Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаси ҳам белгиланган манзил билан танишув жараёнларини бошлаб юборган.

Маълумот учун, «Десант взводи» мусобақаси турли вазифаларни ўз ичига олган жами 9 та шарт бўйича ўтказилади. Улар орасида, взвод таркибида десантлаштириш, йиғин районига чиғиш, 10 км масофага марш югуриш машқларини бажариш, жанговар техникалар ёрдамида якка тартибда пойга, армия қўл жанги каби шартлар мавжуд.

«Эльбрус ҳалқаси» жамоамиз эса мезбон давлат – Россия Федерацияси Кобардина Балкария Республикасининг Терскол ҳудудида бўлиб турибди. Ҳарбий альпинистларимиз ўзлари учун бириктирилган қурол-аслаҳалар ва анжомларни қабул қилиб, тайёргарликка киришиб кетган. Мусобақада жами 9 та давлат жамоаси иштирок этади. Булар Арманистон, Абхазия, Россия Федерацияси, Ўзбекистон, Хитой, Ҳиндистон, Қозоғистон, Уганда, ва Жанубий Осетия. Жамоалар турли вазифаларни ўз ичига олган жами 16 та шарт бўйича ўзаро беллашади.

Маълумки, ўзбекистонлик ҳарбий хизматчиларнинг тоғ тайёргарлиги бўйича ўз мактаби шаклланиб улгурган. Шу боисдан вакилларимиз халқаро майдонларда бўладиган ҳар бир мусобақада муносиб иштирок этиб, совриндорлар сафидан жой олиб келмоқда. Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар ўтган йили «Эльбрус ҳалқаси» мусобақасида мезбон давлатдан кейин фахрли 2-ўринни қўлга киритган эди.

Мўғулистон Республикасида бўлиб турган «Отлиқ марафон» жамоамиз ҳозирда ўзларига бириктирилган қурол ва отларни қабул қилиб олиб, беллашувга қизғин тайёргарлик кўряпти. Подполковник Зокир Яллакаев бошчилигидаги «Отлиқ марафон»чиларимиз ўтган йилги мусобақада фахрли 2-ўринни қўлга киритган эди. Асосий баҳслар 14 августдан бошланади.

Йигит ва қизлардан иборат «Ҳарбий-тиббий эстафета» терма жамоамиз Россия Федерацияси Санкт-Петербург ҳарбий тиббиёт академиясига жойлашиб, ўқув нуқталари билан яқиндан танишиб чиқди, академия ўқув базасида дастлабки тайёргарлик машғулотларини бошлади. Уч йилдан бери пешқадамликни қўлдан бермай келаётган ҳарбий тиббиётчиларимиз бу йилги баҳсларда дунёнинг 14 давлатидан келган жамоалар билан беллашади. Мазкур йўналишдаги мусобақага 15 август куни старт берилади.

«Қўшин разведка аълочиси» йўналишадаги жамоамиз мусобақа ўтказиладиган ҳудуд – Россия Федерациясининг Новосибирск шаҳрида сўнгги тайёргарлик машғулотларини ўташмоқда. Ушбу йўналишдаги баҳслар ҳам жуда шиддатли ва қизиқарли тарзда бўлиб ўтади.

Унда дунёнинг 15 давлатидан келган ҳарбий разведкачилар ўз билим ва маҳоратларини намоён этишади. Ҳозирда жамоамиз ўқув нуқталарида бажариладиган шартлар устида иш олиб бормоқда. Беллашувлар 17 августдан бошланади. Ҳарбий разведкачиларимиз ўтган йилги мусобақада мезбон давлатдан кейин фахрли 2-ўринни эгаллашган эди.

Ҳарбий алоқачилар маҳоратига баҳо берувчи «Ишончли қабул» мусобақаси Беларусь Республикасида бўлиб ўтади. Ўзбекистон ҳарбий жамоаси ушбу йўналишдаги баҳсларга ўтган йилдан бошлаб қўшилди ва илк иштирокданоқ 3-ўринни банд эта олган эди.

Ҳозирда вакилларимиз ўзларига бириктирилган техника ва жиҳозларни қабул қилиб олиб, тайёргарлик машғулотларини давом эттиришмоқда. 16 август куни беллашувларга старт берилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги жамоалари Россия ҳудудида ўтказиладиган, «Автозирхли танк-техника устаси», «Қўшинлар разведкаси аълочиси», «Ҳарбий ралли», «Муҳандис формуласи» мусобақаларида, «Қутб юлдузи», Қозоғистонда «Армия тактик ўқчиси» ва «Меридиан», Венесуэлада «Мерганлик марраси» ҳамда Эронда «Профессионал мерган» йўналишларида иштирок этмоқда.
 

 

«Халқ сўзи»,
Фото: Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер