Аралаш сайлов тизими – сиёсий партиялар фаоллигининг ўзига хос драйвери

16:44 25 Июль 2024 Сиёсат
237 0

Сиёсий партиялар аҳолининг энг фаол, дунёқараши, мақсади, фикрлари муштарак бўлган муайян қисмини ўз сафида бирлаштирган ва умумхалқ манфаатлари йўлида ҳокимият учун курашадиган сиёсий ташкилот бўлгани боис фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан ажралиб туради. Сиёсий партиялар сиёсий жараёнларнинг фаол иштирокчиси сифатида давлат органларининг шаклланиши ва сиёсий қарорларнинг қабул қилинишида тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Давлат ҳокимиятини эркин ва ошкора, муқобиллик асосида ўтказиладиган сайлов орқали шакллантириш демократиянинг олий кўриниши ҳисобланади. Сайловлар орқали инсон ва фуқаронинг муҳим конституциявий сиёсий ҳуқуқларидан бири рўёбга чиқарилади.

Мушоҳада

Жамиятимизда мафкуравий хилмахиллик, кўп фикрлилик шаклланиб бораётгани сабабли сиёсий партиялар ўртасида ҳам ўзига хос баҳс-мунозаралар кечмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда 5 та сиёсий партия бўлиб, улар томонидан самарали ишлар олиб бориляпти. Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2019 йил 22 августда юртимизда фаолият кўрсатаётган сиёсий партиялар раҳбарлари билан учрашувда «Ҳар қандай сиёсий партия замон билан ҳамнафас бўлиб, унинг ўткир талабларига жавоб берган тақдирдагина сиёсий куч сифатида яшай олади», дея алоҳида таъкидлаган эди.

Сайловлар сиёсий партиялар учун ўзига хос имтиҳон вазифасини ўтайди. Сайловлар кўппартиявийлик ва муқобиллик, ошкоралик ва транспарентлик тамойиллари асосида, дунёда умумэътироф этилган демократик стандартларга мос ҳолда ўтиши эса кўп жиҳатдан сиёсий партияларнинг ушбу жараёнга пухта тайёргарлик кўриши ҳамда чуқур ўйланган янги ғоя ва мақсадлар, дастурлар билан уларда фаол иштирок этишига боғлиқ.

Дунёда сайловларни ўтказишнинг бир қанча тури мавжуд. Улардан кенг тарқалганлари мажоритар, пропорционал ва аралаш сайлов тизимларидир. Мамлакатимиз парламенти ва маҳаллий Кенгашларга сайлов шу вақтга қадар мажоритар усулида ўтказиб келинган бўлса, сайлов қонунчилигига киритилган сўнгги ўзгартиришларга кўра парламент қуйи палатасига сайловларда мажоритар ва пропорционал тизимларни уйғунлаштириш асосида аралаш сайлов тизимидан фойдаланилиши, қолаверса, маҳаллий Кенгашларга сайлов мажоритар тизимда ўтказилиши белгиланди.

Табиийки, аралаш сайлов тизимида сиёсий партиялар фаолиятига янгича ёндашувларни жорий қилишни тақозо этади.

Ҳуқуқий асос

2023 йил 30 апрель куни бўлиб ўтган умумхалқ референдумида халқимиз ўзининг юксак сиёсий онги, ҳуқуқий маданияти ва дунёқарашини намоён этиб, янги таҳрирдаги Конституцияни қабул қилди.

Унда миллий давлатчилик тараққиётининг ҳозирги босқичида жамият ва давлатни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгиланган бўлиб, янги Ўзбекистоннинг стратегик мақсадларини рўёбга чиқаришнинг сиёсий-ҳуқуқий асослари аниқ кўрсатиб ўтилган.

Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 8 майдаги «Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони билан мажоритар-пропорционал шаклига асосланган сайлов тизимини жорий этиш белгиланди.

Фармон ижроси доирасида 2023 йил 18 декабрда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий Қонун қабул қилинди. Ушбу Қонун билан мамлакатимизда парламент қуйи палатаси сайловлари мутлақо янгича тизим – мажоритар-пропорционал сайлов тамойилларини ўзида мужассамлаштирган аралаш сайлов тизими асосида ўтказилиши белгилаб қўйилди.

Яъни шу вақтга қадар сайлов қонунчилигига кўра Қонунчилик палатаси беш йил муддатга сайланадиган бир юз эллик нафар депутатлик корпуси сайловини ўтказиш учун худди шундай миқдорда сайлов округи тузилиши ва ҳар бир сайлов округидан битта депутат сайланиши кўзда тутилган бўлса, эндиликда парламент қуйи палатаси депутатларининг 75 нафари мажоритар сайлов тизимига мувофиқ бир мандатли сайлов округларидан, қолган 75 нафари эса пропорционал усул асосида ягона сайлов округида партиялар томонидан кўрсатилган партия рўйхати бўйича сайланади.

Эътиборга молик яна бир масала. Сайлов кодексининг 96-моддасига кўра, эндиликда мажоритар сайлов тизими асосида сайланадиган депутатликка номзод бир мандатли сайлов округлари бўйича овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг ярмидан кўпининг (мутлақ кўпчилик) эмас, балки бошқа номзодларга нисбатан кўпроқ (нисбий кўпчилик) овозини олса, сайланган деб ҳисобланади. Бу янгилик такрорий овоз беришни ўтказиш билан боғлиқ ортиқча вақт ва харажат сарфлашнинг олдини олишга хизмат қилади.

Бу борада дунё тажрибаси қандай?

Дунё тажрибасида сайловларни ташкил қилиш ва ўтказишнинг кенг тарқалган «мажоритар», «пропорционал» ҳамда юқоридаги иккита тизимнинг уйғунлашувидан ҳосил бўлган «аралаш» сайлов тизимлари мавжуд.

2023 йил 19 декабрга қадар амалда бўлган сайлов қонунчилигига кўра Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 150 нафар депутат сайлов ўтказувчи ҳар бир сайлов округидан рўйхатга олинган номзодларга овоз берилиши орқали сайланиши белгиланган эди. Бу мажоритар сайлов тизими асосида амалга оширилади. Яъни ушбу тизим бўйича сайловчи аниқ бир номзодга овоз беради. Ҳозирги кунда Буюк Британия, АҚШ, Франция, Канада, Ҳиндистон каби 79 та давлатнинг вакиллик органларига сайлов ушбу тизим асосида ўтказилади.

Бу сайлов тизимининг ўзига хос устун ва камчилик жиҳатлари мавжуд. Масалан, сайлов жараёнининг соддалиги ва аҳоли учун тушунарлилиги; тўғридан-тўғри вакиллик, яъни сайловчи ўзи муносиб деб ҳисоблаган муайян шахс, номзодга овоз бериши; депутатларнинг бевосита сайловчилар олдида ҳисобдор бўлишини ушбу тизимнинг устун томонлари сифатида кўрсатишимиз мумкин.

Камчиликлари сифатида эса у одатда сиёсий куч сифатида партияларнинг эмас, балки муайян ҳудуддан кўрсатилган номзодларнинг обрўсига боғланиб қолиши, партия дастурларидан кўра номзоднинг ўзига боғлиқ хусусиятларига эътибор қаратилиши, номзод олиб борадиган сайловолди ташвиқоти уни кўрсатган партия дастурига мос бўлмаслиги, номзодлар умумдавлат миқёсидаги масалалар қолиб, кўпроқ маҳаллий масалаларга эътибор қаратишини кўрсатиш мумкин.

Пропорционал сайлов тизимида сайловчилар номзодга эмас, балки маълум бир сиёсий партияга овоз беради.

Бу тизимда ҳар бир партия ўз номзодлари рўйхатини тузади ва сиёсий партия олган овозларига мутаносиб равишда депутатлик ўрнига эга бўлади. Бу тизимни қўллаш жамиятда сиёсий партияларнинг роли ошишига, уларнинг сайловчилар олдида масъулияти юқори бўлишига, фақат сайлов пайтида эмас, балки доимий равишда сайловчилар билан мулоқотда бўлишига олиб келади.

Пропорционал сайлов тизими Австрия, Италия, Бразилия, Нидерландия, Швеция, Финляндия, Туркия, Исроил каби 70 дан ортиқ хорижий давлатларда қўлланилади.

Ушбу сайлов тизимининг устун томонлари сифатида партияларнинг олган овозлари фоизи парламентдаги ўринлар сонига пропорционал бўлиши; сайловчилар кўпроқ сиёсий платформалар орасидан танлаш имкониятига эга бўлиши; сайлов кампанияси харажатларининг камлиги, яъни партиялар ҳар бир номзод учун эмас, балки бутун мамлакат миқёсида ягона кампания олиб боради; сиёсий дебатлар сифати ошади, унда муайян номзодлар дастурлари эмас, балки ғоялар ва қарашлар муҳокама қилинади.

Камчилик томони сифатида сайлов натижаларини аниқлаш мураккаблиги; депутатлар маълум бир ҳудуд сайловчилари олдида бевосита масъуллигини ҳис қилмаслиги; партия раҳбарларининг номзодлар рўйхатини шакллантиришдаги ролини суиистеъмол қилиши мумкинлиги; сайловчиларда бевосита номзодга овоз бериш имкониятининг йўқлигини келтириш мумкин.

Мажоритар ва пропорционал сайлов тизимларини уйғунлаштирувчи ва бир-бирини тўлдирувчи сайлов тизими эса аралаш сайлов тизимидир. Ушбу тизим Япония, Германия, Венгрия, Янги Зеландия, Бельгия, Мексика, Испания, Корея Республикаси, Украина, Қозоғистон каби 40 га яқин мамлакатларда қўлланилади. Аралаш сайлов тизими қўлланилаётган Германия, Болгария, Грузия, Литва, Италия, Янги Зеландия каби давлатларда сайловчиларининг 50 фоизи партиявий рўйхатларга, 50 фоизи эса бир мандатли округларда сиёсий партия кўрсатган номзодларга овоз беради.

Сайлов кодексига «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий Қонун асосида киритилган ўзгартиришларга мувофиқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловлари аралаш сайлов тизими асосида ўтказилади. Яъни бунда парламент депутатларининг тегишли бир қисми бутун мамлакат ҳудудини қамраб олган бир мандатли сайлов округларида кўпчилик овозга асосланган мажоритар тизим бўйича, иккинчи қисми эса пропорционал тизим бўйича сайланади.

Аралаш сайлов тизими ҳудудий ва партиявий манфаатларни ифодалаши билан мувозанатлашган вакилликни таъминлашга хизмат қилади; партияларга ва номзодларга овоз бериш имконияти туфайли ҳам сайловчилар учун кенгроқ танлов имкони бўлади.

Янгича ёндашувлар зарур

Аралаш сайлов тизимида муваффақиятга эришиш учун партиялар мослашувчан, кўп қиррали ва стратегик ёндашувни қўллашлари керак. Бу тизим партияларни ҳам маҳаллий, ҳам миллий даражада фаол бўлишга ундайди ва уларнинг сиёсий маҳоратини синовдан ўтказади.

Эндиликда сиёсий партиялар аввалги сайловлардан фарқли равишда икки йўналишда, яъни партиялар томонидан кўрсатилган номзодлар учун ҳамда партиявий рўйхат учун алоҳида стратегияларни шакллантириши лозим бўлади. Шу боис партиялар сайловолди дастурида сиёсий платформасини пухта ва аҳоли учун тушунарли қилиб ишлаб чиқишга, янги ҳаётий ва халқчил ғояларни ўртага ташлашга, тарғибот ва ташвиқотнинг замонавий усулларидан фойдаланишга, жамият ва давлат ҳаётидаги муҳим масалаларни ҳал қилиш бўйича ўзининг қатъий позициясини аниқ баён этишига тўғри келади.

Шунингдек, аралаш сайлов тизимида сиёсий партиялар ўзларининг сиёсий мақсадларини аниқ белгилаб олиши керак бўлади. Бунда партия мафкураси ва дастурларини ишлаб чиқишда аниқ стратегияларни белгилаш, аҳолини ўзининг дастурига ишонтириш, жамиятдаги муаммолар ечимига оид муқобил таклифларни илгари суришга жиддий эътибор қаратиши керак. Бунда, аввало, сиёсий партиялар ўз электорати манфаатларини саралаши ва уларнинг муҳимлигига қараб дастурларида акс эттириши лозим.

Қолаверса, сиёсий партиялар сайловчилар ёши ва тоифасидан келиб чиққан ҳолда ўз фаолиятининг узоқ муддатли ижтимоий ва ғоявий-психологик асосини яратиши, оммавий ахборот воситаларидан фойдаланган ҳолда сайловчилар онгида тегишли ижтимоий фикрни шакллантиришга урғу бериши лозим бўлади.

Умуман, сайлов қонунчилиги тизимидаги ўзгаришлар партияларнинг ташкилотчилик функциясини жонлантириш билан бир қаторда, кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйишда ҳам ижобий ўзгаришларни амалга оширишига ундайди.

Шунингдек, аралаш сайлов тизимида партиялар сайловолди ташвиқотида қонунийликка риоя этиши, аниқ ва тушунарли, реал амалга оширилиши мумкин бўлган ваъдалар бериши, сайловчиларнинг эҳтиёж ва манфаатларини ҳисобга олган ҳолда мақсадли аудиторияга мослаштирилган тарғибот материаллари тайёрлаши, тарғибот олиб боришда турли алоқа каналларидан кенг фойдаланиши, медиа ҳамжамияти билан ишлашга профессионал даражада ёндашиши муҳим саналади.

Хусусан, рақиб партияларни танқид қилишга берилиб кетишдан кўра, ўз сайловолди дастурлари афзалликларига урғу бериш, фаол тарафдорлар ва кўнгиллиларни сафарбар этиш уларнинг сайловларда овоз олишининг муҳим кафолати ҳисобланади.

Аралаш сайлов тизимида партиялараро рақобатга ҳам эътибор кучаяди. Партиявий муносабатларга таъсир этувчи тизимли шарт-шароитлар ва маълум ижтимоий макондаги барча партияга тенг таъсир кўрсатадиган партиялараро рақобат сиёсий тизимнинг муҳим элементидир. Партиялараро рақобат сиёсий тизимнинг соғлом ишлашини таъминлайди ва жамият ривожига хизмат қилади.

Таҳлилларга кўра партиялараро рақобат жамиятдаги партиявий тизимга боғлиқ. Мисол учун, бир партияли тизимларда ўз-ўзидан партиявий рақобат мавжуд бўлмайди. Икки партияли тизимларда эса партиялараро рақобатнинг афзаллиги сифатида ҳукмрон партия пайдо бўлишининг олдини олишга, ҳокимият алмашинувидаги такрорийлик циклига, сиёсий тизим барқарорлигига сабаб бўлиши кўрсатилган. Салбий томони сифатида икки партияли тизимда партиялараро рақобат жамиятнинг маълум бир ғоя бўйича ўта «қутблашишига» олиб келиши, сиёсий динамизм йўқолишига, янги ғояларни олиб чиқаётган партияларнинг ҳокимиятга келишига тўсқинлик қилишига олиб келиши мумкин.

Партиялараро сиёсий рақобат табиати ҳамда маълум бир жамиятда қандай вакиллик тизими – мажоритар ёки пропорционал равишда шакллангани билан ҳам белгиланади. Бу иккала тизимнинг афзалликларини ўзида уйғунлаштирган аралаш сайлов тизими партиялараро рақобатда ҳам энг яхши томонларини олиш имконини беради.

Ўзбекистонда аралаш сайлов тизимининг жорий қилиниши мажоритар ва пропорционал сайлов тизимлари ютуқларини сақлаб қолган ҳолда қуйидаги ижобий натижаларга эришиш имконини беради:

сайловчиларда сайловолди платформаси ва дастури мос келган сиёсий партияни ёқлаб овоз бериш имконияти пайдо бўлади;

сиёсий партияларнинг сайловчилар билан ишлашини самарали ташкил этишга хизмат қилади, улар олдидаги масъулият ва ҳисобдорлигини кучайтиради;

сиёсий партияларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўпроқ депутатлик ўрнини эгаллаш имконияти кенгаяди;

сайловчи ёқлаб овоз берган номзоди сайланмаган тақдирда, унинг партияни ёқлаб берган овози маълум бир партиянинг депутатлик ўрнига эга бўлишида инобатга олинади;

сиёсий партиялар бир мандатли сайлов округларида мажоритар сайлов тизими бўйича муваффақиятга эриша олмай қолган тақдирда, пропорционал сайловлар билан бунинг ўрнини тўлдириб олиши мумкин бўлади.

Умуман, аралаш сайлов тизими фуқаролар сиёсий ҳуқуқларини кафолатлайди ва демократик ислоҳотларни илгари суришда муҳим ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилади. Сиёсий партияларнинг жамият ҳаётидаги роли янада ортишига, улар ўртасида сайловчилар учун рақобат шаклланишига ҳам замин яратиб беради.
Акром ТОШПЎЛАТОВ, 
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?