АҚШ ва Ўзбекистон ҳамкорлигидаги ҳаёт совға этувчи бебаҳо лойиҳа

16:02 21 Октябр 2025 Жамият
293 0

Фото: Машрабжон ҚОСИМОВ

Юрак касалликлари билан курашда ҳар бир муваффақиятли жарроҳлик амалиёти фақат тиббий натижага эмас, балки бир оила учун бахт, миллат учун эса соғлом авлод келажагининг тимсолидир. Шу кунларда Наманган вилоятида ўтаётган тиббий лойиҳа ҳам ана шундай эзгу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Бу ерда АҚШдан келган дунё миқёсидаги таниқли шифокорлар гуруҳи маҳаллий мутахассислар билан ҳамкорликда юрак касаллиги бўлган болаларда ўта мураккаб жарроҳлик амалиётларини амалга оширишмоқда.

“The Stirling Foundations” ҳомийлигида ўтказилаётган ҳамда “Global Cardiac Alliance” фонди билан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги кўмагида ташкил этилган ушбу акция — бутун халқимиз, айниқса, юрак нуқсони билан курашаётган болалар ва уларнинг ота-оналари учун унутилмас воқеа бўлди.

Бугун сайёрамизда миллионлаб болалар туғма юрак нуқсонлари билан дунёга келмоқда. Афсуски, кўп ҳолларда мураккаб жарроҳлик амалиётлари талаб этилади, аммо уларнинг харажатлари ҳар доим ҳам осон бўлмаган. Айниқса, юқори технологик юрак операциялари учун керакли мутахассислар, жиҳозлар ва маблағлар ҳар бир мамлакатда мавжуд эмас.

Юртимизда сўнгги йилларда бу соҳада жиддий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, Президентимиз томонидан соғлиқни сақлаш тизимига қаратилаётган устувор эътибор туфайли замонавий кардиология марказлари ташкил этилди. Хорижий давлатлар билан ҳамкорлик алоқалари кучайтирилмоқда.

Лойиҳа доирасида ҳаётбахш амалиётлар бошлаб юборилди. Улар орасида юракнинг энг мураккаб туғма нуқсонлари билан туғилган болалар ҳам бор. Масалан, уч ярим ойлик Абдумажид Абдуғаниев ва Мирсаид Иброҳимжоновлар. Уларнинг тиббий амалиётини АҚШлик шифокор Уилям Новик Майкл бошчилигидаги маҳаллий тажрибали шифокорларимиз ҳамкорлигида ўтказилди. Мураккаб операция мўъжизавий ҳолатда муваффақиятли якунланди. Беморнинг бирини юрак бўлмачалар орасидаги тўсиқ дефекти ва ўпка веналарининг аномал қўшилишига барҳам берилди. Иккинчисининг митрал клапан атрезияси, қоринчалараро тўсиқ нуқсони, ўпка артерияси стенози муваффақиятли бартараф этилди. Уларга амалга оширилган жарроҳлик амалиёти нафақат тиббий жиҳатдан, балки маънавий жиҳатдан ҳам мўъжизавий ҳолат сифатида баҳоланмоқда.

Шунингдек, бир ёшли Расулжон Низомиддинов ҳам юрак қоринчалараро тўсиқ нуқсонидан қутулди. Тўрт ёшли Мубина Олимжонова эса энди соғлом болалар сафида ҳаётдан баҳра олади.

— Ушбу лойиҳа доирасида ўтказилаётган жарроҳлик амалиётлари шунчаки даволаш жараёни эмас, балки маҳаллий кардиохирурглар, анестезиологлар ва перфузиологлар учун ҳам амалиётга бой маҳорат дарслари бўлмоқда, — дейди марказ директори Солижон Жалилов. — АҚШдан ташриф буюрган 15 кишилик жамоа таркибидаги мутахассислар ўз билимлари ва тажрибаларини маҳаллий кадрларга аниқ, тушунарли ва қатъий интизом асосида ўргатмоқдалар. Бу эса фақат бугун эмас, балки эртанги кун учун ҳам катта сармоядир.

Марказ директори, тиббиёт фанлари номзоди Солижон Мўминов таъкидлаганидек, фақат ўтган йилнинг ўзида 15 та мамлакатдан мутахассислар ташриф буюриб, марказ билан ҳамкорлик қилган. Бир неча йил олдин марказда фақат 16 турдаги тиббий амалиётлар бажарилган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 85 тани ташкил этмоқда. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатимизда тиббиёт соҳасининг жадал ривожланаётганидан далолатдир.

Кардиохирург Уилям Новик Майкл бошчилигидаги жамоа соатлаб ишлаб, фақат кундуз эмас, балки тунги навбатларда ҳам бемор болалар саломатлиги учун қайғуришмоқда. Улар орасида Лукашев Ирина, Виргинижус Жакутис, Артем Першай, Олександр Головенко, Мартина Паваник каби турли миллатга мансуб, бир сўз билан айтганда, кишини жонига оро кирувчи фидойи шифокорлар бор.

Мазкур кенг қамровли лойиҳа доирасидаги барча операциялар ва тиббий кўриклар Давлат тиббий суғуртаси ва ҳомий фондлар ҳисобидан тўлиқ қопланмоқда. Бу ҳолат нафақат тиббиёт соҳасидаги ижтимоий кафолатлар, балки халқпарвар давлат сиёсати амалда ўз ифодасини топаётганининг ёрқин исботидир.

Мазкур кенг қамровли тадбир якунида илмий-амалий конференция ўтказилиши режалаштирилган. Унда океан ортилик мутахассислар ўз тажрибаларини тақдим этишади, маҳаллий шифокорлар эса улар билан ҳамфикр, ҳамнафас бўлиб янги билимлар оладилар. Бу конференция фақат илмий алмашинув эмас, балки келажакдаги қўшма лойиҳалар учун ҳам замин яратади.

Мана шундай “Инсон манфаати учун” қаратилган ишларни ёритиш асносида тиббиёт марказидан ташқарига чиқаверишимизда ажиб манзарага гувоҳ бўлдик. Абдумажид ва Мирсаиднинг, юрак порогидан қутилган бир ёшгина Расулжоннинг бобо, бувиси, ота-онасининг севинч кўз ёшларини кўриб чиндан ҳам бугунги ислоҳотлар халқпарварлик ва инсонпарварликнинг ёрқин намунасидир.

Фарзандларининг саломатлиги тикланаётган оилаларнинг тилларида бир калом “Ўзингга шукур, шундай юртда яшаганимизга шукур. Бундай хайрли ишларни бошида турган, халқим деган инсонни омонда сақлагин!” Бу сўзлар уларнинг қалбидан отилиб чиқаётган шукроналик ҳисси.

Улуғбек РЎЗИМАТОВ

“Халқ сўзи”.

Фото: Машрабжон ҚОСИМОВ

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?