АҚШ тарихидаги энг кекса президент Жозеф Байден ҳақида қизиқарли маълумотлар

22:44 20 Январь 2021 Дунё
1486 0

Бугун АҚШда 46-президент Жозеф (Жо) Байденнинг инаугурацияси бўлиб ўтди. Вашингтонда ташкил этилган тадбирда коронавирус пандемияси ва хавфсизлик туфайли америкаликлар қатнаша олмади.

Жо Байден айни пайтда 78 ёшда ва у энг кекса президент сифатида АҚШ тарихига кирмоқда. Аслида, Байденда олдин ҳам АҚШ раҳбари сифатида сайланиш имконияти бўлган. Аммо тақдирнинг турли зарбалари бунга изн бермаган...

Хўш Жо Байден ким? Қуйида шу ҳақда...

Жозеф (Жо) Байден

Жо Байден ўғлиллари даволанаётган касалхонада қасамёд қилмоқда. 1973 йил

Жозеф (Жо) Байден (тўлиқ исми Жозеф Робинет Байден кичик) 1942 йил 20 ноябрда АҚШнинг Пенсилвания штати, Скрантон шаҳрида туғилган. 1952 йилда у оиласи билан Делавэр штатига кўчиб ўтган.

Жозеф Байден дастлаб Уилмингтон шаҳридаги Авлиё Елена мактабида ва кейинроқ хусусий мактабда ўқиган. Шундан сўнг таҳсилни Делавер штати «Арчмер Аcадемия»сида давом эттирган.

1965 йилда Делавэр университетининг тарих ва сиёсий фанлар бакалавриати даражасида тамомлаган.

1968 йилда Нью-Йорк штатидаги Сиракуза университети юридик факультетини юридик фанлари доктори даражасида тугатган.

1969-1972 йилларда у Делавэр штатида Уилмингтон шаҳридаги жамоат ҳимоячиси идорасида адвокат бўлиб ишлаган. Кейин ўзининг юридик фирмасини ташкил қилган. Айни шу йилларда Нью-Касл округининг маҳаллий кенгаши аъзоси бўлган.

Хотини, қизи ва ўғлининг ўлими

Жо Байден ўғли Бонинг дафн маросимида. 2015 йил, 6 июнь.

Жо Байден биринчи турмуш ўртоғи ва икки фарзандини тупроққа қўйган.

1972 йил Байден Сиракуза университетининг ҳуқуқшунослик факультетини битирган ва 29 ёшда эди. У ўша йили тажрибали республикачи Жеймс Калеб Боггс билан Делавэр штатидан сенаторликка даъвогарлик қилаётган пайт эди.

Сайловолди бюджетининг жуда камлигига қарамай, у сайловларда ғолиб чиқади. Бироқ орадан бир неча ҳафта ўтгач ёш сиёсатчининг ҳаётини абадий ўзгартирган фожиа юз берди: унинг рафиқаси Нелиа ва бир ёшли қизи Наоми автоҳалокатда ҳалок бўлди. Ўғиллари Бо ва Хантер жиддий жароҳат олди.

Аввалига Байден сенаторликдан кетмоқчи бўлади. Аммо уни бундай қилмасликка кундиришган. У ўғиллари ётган касалхонада сенаторлик қасамёдини қабул қилади. Ёш сенатор ҳар куни Делавэрдан Вашингтонга, Вашингтондан Делавэрга поездда қатнайди. Болаларига ғамхўрлик қилиш учун синглиси Валерия унинг уйига кўчиб келган ва 1977 йилгача бирга яшаган. Кейин Байден ҳозирги рафиқаси Жил Жейкобсга уйланган. Уларнинг бир қизи (Эшли Байден) бор.

Ҳаётнинг оғир синовлари Байденни таъқиб қилишда давом этди. 2015 йилда у президент Барака Обама маъмуриятида вице-президенти бўлиб ишлаган вақтда тўнғич ўғли Бо Байден мия саратонидан вафот этади. Ушбу айрилиқ сабаб Байден 2016 йилги президентлик сайловларида номзодини қўйиш фикридан қайтган.

Барак Обама ва Жо Байден. 2017 йил.

Оғир хасталик

1988 йилда Байденга мия томирлари аневризмаси ташхиси қўйилиб, оғир аҳволда касалхонага ётқизилган ҳамда шошилинч операция қилинган. Орадан етти ой ўтгач у Сенатга қайтишга муваффақ бўлди.

«Секин Жо»нинг вақти келди

Шунга қарамай тўрт йил ўтиб Байден барибир АҚШ президентлигига сайланди.

«Демократларнинг ёш номзодлар бўлса-да, тажрибали сиёсатчини танлаганлиги ажабланарли эмас», дейди Миссури университети профессори Митчелл Маккинни.

У Байденни ақли расо, изчил ва сезгир сиёсатчи — рақибини «Секин Жо» деб аташни ёқтирган Трампнинг мутлақо тескариси, деб ҳисоблайди.

Байден ҳамкасблари билан ҳатто қарашлари бир-бирига тўғри келмаса ҳам яхши муносабатда бўлиши билан машҳур.

«У Конгрессда узоқ вақт ишлаган ва ҳамма билан қандай қилиб тил топишни билади. Вашингтонда ҳақиқатан ҳам Жо Байденни ёқтирмайдиган одамни топиш қийин. У кўп йиллардан бери Конгрессда республикачилар билан жуда муваффақиятли, дўстона иш олиб борди», дейди Техас университети профессори, сиёсатшунос Брюс Бюкенен.

Шу боис баъзи республикачи сенаторлар Байден президентликка сайланса у билан ишлашга тайёр эканликларини сайловлар олдидан билдиришган эди.

Жозеф Байден ва коронавирус

Байден АҚШ аҳолисини ҳимоя ниқобларини тақишга чақирмоқда.

Коронавирус пандемияси бошланганидан бери Жозеф Байден мамлакат аҳолисига кўп маротаба мурожаат қилди. Кўп ҳолларда у марҳумларнинг оила аъзоларига ва қариндошларига ҳамдардлик ҳам билдирди (Бугунги кунга келиб АҚШда 225 минг нафардан ортиқ одам «Covid-19» асоратларидан ҳаётдан кўз юмган). Байденнинг ушбу мавзу бўйича баёнотлари Дональд Трампнинг қарашларига мутлақо зид. Масалан, Трамп коронавирус билан юқтириб, даволаниб келганидан сўнг америкаликларга бу касалликдан қўрқмаслик кераклигини айтди.

Байден эса ҳар доим ниқоб тақишга, ижтимоий масофани сақлашга ва юқтириш хавфини жиддий қабул қилишга ундаб келди.

Байден давлат раҳбари сифатида фаолият бошлашининг биринчи куниданоқ коронавирус пандемиясига қарши кураш режасини, шу жумладан, ниқоб тақиш режимини кенг жорий этишни ваъда қилганди.

Ғалати ташхис

Жо Байденнинг танқидчиларига унинг ёши ва соғлиғида муаммолар борлиги ҳақида тез-тез гапириб туради. Хусусан, 78 ёшли сиёсатчи баъзан омма олдида нутқ сўзлаётганда ноаниқ сўзлар ёки ғалати баёнотлар бериши ҳақида эслатишади. Масалан, 2020 йил март ойида Лос-Анжелесдаги сайловчилар билан учрашувда Байден опаси Валерияни таништира туриб ёнида турган хотинига ишора қилади. Бу каби ҳодисаларни рақиблари унда қарилик деманцияси ривожланиши, дея тахмин қилади. Лекин бу  расман тасдиқланмаган.

Байденнинг мақсади

Жо Байден қарама-қаршиликлар билан парчаланиб кетган Американи бирлаштирмоқчи.

«Агар сиз мени президентликка ишониб сайласангиз, мен бизда фақат яхши бўлишига ҳисса қўшаман. Мен зулматнинг эмас, ёруғликнинг иттифоқчиси бўламан», деган эди у 2020 йилнинг 20 август куни сайловчилар билан учрашувда.

«Барчамиз бирлашиш вақти келди», дея қўшимча қилди сиёсатчи ва унга овоз бермаганларнинг манфаати учун ҳам астойдил ишлашга ваъда берди.

Жо Байден Детройтда сайловчилар билан учрашувда. 2020 йил, март.

Байден миллионлаб янги иш ўринларини яратишга ваъда қилмоқда ва бунинг учун зарур сармояни Дональд Трамп томонидан таъсис этилган бойлар учун солиқ имтиёзларини бекор қилишдан олиш мумкинлигини айтган. Шунингдек, у иқлим муҳофазаси масаласига алоҳида эътибор қаратмоқчи. Трамп бир неча бор глобал исиш инсон фаолияти туфайли келиб чиқишига шубҳа билдирган бўлсада, Байден 2050 йилга келиб АҚШнинг қайта тикланадиган энергияга тўлиқ ўтишига эришмоқчи.

Хуллас, ҳозирча шулар... Унинг сиёсий фаолияти қандай давом этади, буни вақт кўрсатади.

Фазлиддин АБИЛОВ, тайёрлади.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?