АҚШ Грузия расмийларига нисбатан виза чекловларини жорий қилди

12:54 13 Декабрь 2024 Дунё
284 0

Архив фото

Америка Қўшма Штатлари Грузия ҳукумати аъзолари, қонун чиқарувчилар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига нисбатан виза чекловларини жорий қилди. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти хабар берди.

Америка департаментининг тушунтиришича, бундай чоралар «Грузияда демократияни бузишда масъул бўлган ёки унга алоқадор бўлганларга» нисбатан қўлланилган. Ҳаммаси бўлиб 20 нафар Грузия фуқаросига нисбатан санкциялар қўлланилган. Давлат департаменти Вашингтон намойишчилар, ҳуқуқ фаоллари, мухолифатчилар ва журналистларга нисбатан зўравонлик ҳаракатларини қоралашини таъкидлади.

Аввалроқ, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Грузия ҳукуматини «тинч йиғилишлар ва ўз фикрларини билдириш ҳуқуқидан» фойдалангани учун ҳибсга олинганларни «зудлик билан озод қилишга» чақирган эди.

Грузия пойтахтида 15 кундан бери намойишлар давом этмоқда. Намойишчилар барча ҳибсга олинганларнинг озод этилишини, шунингдек, парламент депутатларининг қайта сайланишини талаб қилмоқда.

Ўз навбатида, Тбилиси мери ва ҳукмрон «Грузия орзуси – Демократик Грузия» партияси бош котиби Каха Каладзе республикадаги норозилик намойишларидан мақсад давлат тўнтариши эканлигини айтди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер