Андижонда «Дунё садолари» фестивали бошланди
Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Андижон вилоятининг сўлим Хонобод шаҳрида «Дунё садолари» халқаро миллий эстрада санъати фестивалининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Айни пайтда фестивалга тайёргарлик доирасидаги бошланган ишлар якунланган. Иккинчи бор ўтказилаётган фестивалга катта тайёргарлик кўрилди.

Очилиш маросимида сўз олган Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков «Дунё садолари» халқаро миллий эстрада санъати фестивали билан барчани қутлади. Бу галги санъат анжумани доирасида ўзбек ва хорижий эстрада юлдузларининг концерт дастурлари ташкил этилади. Шунингдек, ҳунармандлар томонидан тайёрланган маҳсулотлар, рассомларнинг ижодий ишлари намуналаридан иборат кўргазмалар фаолият олиб боради. Уч кун мобайнида 1,5 млн. нафар меҳмонларнинг ташрифи кутилмоқда. Уларнинг мароқли ҳордиқ олишларини кўнгилдагидек уюштириш мақсадида турли кўнгилочар дастурлар ташкил этилади. Қолаверса, кўчма ҳайвонот боғи, дорбозлар намойиши, 4 та ҳаво шари хизмати ташкил этилиб, маданият ходимлари томонидан тақдимотлар бўлиб ўтмоқда.

— Мен Ўзбекистонга биринчи марта келишим. Ўзбек халқининг меҳмондўстлигидан ҳайратга тушдим. Гўзал водийни интернет тармоқларида кўрганман, — дейди кореялик сайёҳ Ли Ёнг Пак. — Бугунги байрам маданият аҳлининг ижодий ҳамкорлигига йўл очади. Шундай нуфузли фестиваль иштирокчиси бўлганимдан хурсандман.

Фестиваль қўшни давлатлар билан муносабатларнинг яхшиланишига ҳам хизмат қилмоқда. Ҳудуддаги 4 та чегара ўтказиш пунктларида аҳолига яратилган қулайликларни алоҳида эътирофга лойиқ. Ана шу имконият туфайли Хонобод шаҳрига шу куннинг ўзида ўртача 3 минг нафар қирғизистонлик сайёҳлар ташриф буюрди.

«Дунё садолари» мамлакатимизда эстрада санъатини ривожлантириш, Андижон вилоятида сайёҳлик салоҳиятини ошириш билан бир қаторда ҳудуд иқтисодиётини ривожлантиришга ҳам ҳисса қўшмоқда. Шу йилнинг июль ойида Хонобод шаҳрида савдо айланмаси 6,5 млрд сўмни ташкил этганлиги бунга мисол. Ваҳоланки, ўтган йилда бу кўрсаткич 4,5 млрд. сўм бўлган. Айни пайтда Хонобод шаҳри меҳмонлар билан гавжум. Фестивалда янграган оҳанглар дунё эътиборини тортмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
- Reuters: Асаднинг Москвадаги тарафдорлари Сурияда қўзғолон режалаштирмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг