Андижонда депутат билан боғлиқ воқеага ҳокимлик муносабат билдирди

19:07 19 Май 2021 Жамият
751 0

Ижтимоий тармоқларда халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашининг 2021 йил 17 май куни бўлиб ўтган сессиясида юз берган ҳолатлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Хабарларда баён этилишича, ушбу сессиясида халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгаши айрим депутатларининг дахлсизлик ҳуқуқига риоя қилинмаганлиги қайд этилган. Жумладан, Андижон шаҳар Кенгаши депутатини дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича прокурор тақдимномаси дастлаб «Регламент ва депутатлик одоби» масалалари бўйича доимий комиссияда кўриб чиқилмасдан сессия кун тартибига киритилганлиги, сессия материаллари депутатларга танишиб чиқиш учун олдиндан тақдим этилмаганлиги, сессия очиқ ошкора ўтказилмаганлиги тўғрисида маълум қилинган. 

Ҳолат юзасидан Андижон шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати муносабат билдирди. Унда баён этилишича, «Халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашига 06.05.2021 йил куни Андижон шаҳар прокуратурасининг 16-21195/21-сонли сонли «Депутатнинг дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисида»ги тақдимномаси юборилган.

Аниқланишича, Андижон шаҳар ИИОФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими иш юритувида “ALLIANCE ROAD CONSTRUCТION” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан 31.03.2021 йил куни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 228-моддаси 1-қисми ва 229-моддаси билан қўзғатилган 034012/2021-45IQ-сонли жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётганлиги кўрсатилган.

Жиноят иши ҳужжатларига кўра, Андижон шаҳрида рўйхатдан ўтган “ALLIANCE ROAD CONSTRUCТION” МЧЖга Андижон шаҳар ҳокимининг 15.07.2017 йилдаги 656-к сонли қарори билан Андижон шаҳар Бўстон даҳаси У.Юсупов кўчаси бўйида жойлашган 4,0 гектар ер майдони кўп қаватли аҳоли турар жой бинолари, котеж типидаги турар-жойлар, савдо ва хизмат кўрсатиш шаҳобчалари, иссиқхоналар, умумий овқатланиш ва чойхона бинолари ҳамда мевали боғ объектларини қуриш учун ажратилган.

Қарорнинг 3-бандида “ALLIANCE ROAD CONSTRUCТION” МЧЖ таъсисчиси Ш.А.Каримов зиммасига қуйидагилар юклатилган;

- меъморий режалаштириш топшириғи тайёрлатиш учун буюртма бериш;

- лойиҳа ҳужжатларини тайёрлашга буюртма бериш;

- лойиҳани шаҳар бош архитектори тасдиғидан ўтказиш;

- лойиҳага вилоят қурилиш давлат экспертиза хулосасини олиш;

-лойихани давлат архитектура ва қурилиш назорати инспекциясидан рўйхатдан ўтказиш ва қурилиш ишларини бошлашга рухсат олиш;

-шаҳар санитария эпидемиология назорати маркази, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бўлинмаси ва табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси билан келишиш;

-«Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ» ДУК билан келишиш;

-қурилиш сўнгида қабул комиссиясига топшириб, фаолият кўрсатиш учун рухсат олиш;

-ажратилган ер майдони атрофидаги электр ҳимоя ҳудудларини кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишларини ташкил этиш вазифалари юклатилган бўлсада, меёрий талабларга умуман риоя қилмасдан ўзбошимчалик билан қурилиш ишларини амалга ошириб, ер участкаси ва шаҳарсозликка оид қонунлар ва меъёрий ҳужжатлар талабига бутунлай зид равишда иш олиб борган.

Шу билан бирга қурилиш ишларини лойиҳалаш ва рухсатномалар олиш учун асос ҳисобланадиган «Архитектура меъморий режалаштириш топшириғи»ни сохталаштириб, ҳоким қарорида кўрсатилган 4,0 гектарга қўшимча равишда 6,0 гектар жами 10,0 гектар ер майдонига қалбаки равишда топографик чизма тайёрлашга эришган.

Шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги доимий ишловчи комиссияси томонидан ўрганилганда ўзбошимчалик билан ноқонуний равишда эгаллаб олинган 6,0 гектар ер майдонининг 1,26 гектар қисмида Аҳоли пунктларини комплекс қурилишини назорат қилиш Андижон шаҳар комиссияси томонидан бир неча бор огоҳлантиришлар берилишига қарамасдан 9 та ҳар бирининг ўлчами 400,0 кв.метрдан иборат ер участкаларида қурилиш ишларни амалга ошириб, 2 тасида қурилиш ишлари деярли якунланган ва 7 тасида бетон пойдеворлар қурилган.

Бундан ташқари ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, ноқонуний қурилиш қилинган 0.36 гектар ер майдонини Вазирлар Маҳкамасининг 20.12.2019 йилги 1023-сонли қарори билан тасдиқланган «Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали бериш тартиби тўғрисидаги Низом»га асосан электрон аукцион савдоларида сотиш имконияти йўқотилган ва давлат бюджетига камида 190.8 млн сўм (аукционда бошланғич нархи) миқдорда зарар етказилган.

Шунингдек, Андижон шаҳар ҳокимлиги ҳузурида ташкил этилган ерга оид қонунчилик ижросини ўрганиш, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонларини аниқлаш ва ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш юзасидан махсус комиссиянинг 06.05.2021 йилги йиғилиш қарори билан “ALLIANCE ROAD CONSTRUCTION” МЧЖ томонидан ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдони ва ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш юзасидан Фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судига даъво ариза билан мурожаат этиш белгиланган ва 07.05.2021 йил куни судга даъво аризаси киритилган.

Тергов ҳаракатлари давомида “ALLIANCE ROAD CONSTRUCTION” МЧЖнинг таъсисчиси Ш.Каримов эканлиги ва у Андижон шаҳар Халқ депутатлари кенгаши депутати эканлиги аниқланган ҳамда Ўзбекистон Республикаси «Халқ депутатлари вилоят, шаҳар, туман Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги Қонуннинг 12-моддасига асосан депутат Ш.Каримовни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги масалани қонунда белгиланган 10 кунлик муддат ичида кўриб чиқишини ва қабул қилинган қарор ҳақида шаҳар прокуратурасига дарҳол маълум қилишлик белгиланган.

Шунга кўра, Ўзбекистон Республикасининг 02.12.2004 йилдаги «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги 706-II-сонли Қонунининг 2-боб «Депутатларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари», 5-моддаси «Депутатнинг ҳуқуқлари»дан фойдаланган ҳолда қонуний тўхтамга келишлик ҳамда натижаси ҳақида Андижон шаҳар прокуратурасига маълум қилинган.

Ўзбекистон Республикасининг 02.12.2004 йилдаги «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги 706-II-сонли Қонунининг 11-моддаси «Депутатнинг дахлсизлик ҳуқуқи» 3-қисмида «Депутат тегишли халқ депутатлари Кенгашида овоз бериш чоғида фикр билдирганлиги ёки нуқтаи назарини баён этганлиги учун ҳамда ўз ваколатларини амалга ошириши билан боғлиқ бошқа ҳаракатлари учун жавобгарликка тортилиши мумкин эмас, шу жумладан, ваколатлари муддати тугаганидан кейин ҳам жавобгарликка тортилиши мумкин эмас. Агар шундай хатти-ҳаракатлар муносабати билан депутат ҳақорат қилишга, туҳмат қилишга ёки қонун ҳужжатларида жавобгарлик назарда тутилган бошқа қонунбузарликларга йўл қўйган бўлса, у дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилинган тақдирда жавобгарликка тортилиши белгиланган.

Мазкур Қонуннинг 12-моддаси «Депутат дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тартиби» белгиланган бўлиб;

1-бандида депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги масала тегишинча вилоят, туман, шаҳар прокурорининг ёки юқори турувчи прокурорнинг тақдимномасига биноан халқ депутатлари Кенгаши томонидан 10 кун ичида ҳал этилади (комиссия томонидан кўриб чиқилиши назарда тутилмаган);

3-бандида депутатни жиноий жавобгарликка тортишга, ушлаб туришга, қамоққа олишга ёки унга нисбатан суд тартибида бериладиган маъмурий жазони қўллашга розилик олиш тўғрисидаги прокурор тақдимномаси тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан кўриб чиқилади;

4-бандида Халқ депутатлари Кенгашининг депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга розилик бериш масаласига доир қарори дарҳол тегишли прокурорга юборилиши;

5-бандида депутатнинг дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга розилик олган прокурор иш юритиш тамомланган кундан эътиборан уч кунлик муддат ичида тегишли халқ депутатлари Кенгашига ишни тергов қилиш, судда кўриб чиқиш натижалари тўғрисида хабар қилиши шарт деб қатъий белгиланган.

Юқоридагиларга кўра, мазкур ҳолат юзасидан 20.04.2021 йил куни 13 нафар комиссия аъзоларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, 06.05.2021 йил куни ва Халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашининг 7 та доимий комиссиялари раислари иштирокида жорий йилнинг 11 май куни йиғилишда муҳокама қилинган.

Шундан сўнг 11.05.2021 йил куни 113-к сонли қарор қабул қилиниб, сессия кун тартибига Андижон шаҳар прокуратурасининг тақдимномаси муҳокамаси ва сессия ўтказиш куни 17.05.2021 йил куни соат 16.00 га деб белгиланиб, Кенгаш депутатларига сессияда кўрилиши лозим бўлган Тақдимнома ҳақида маълумотлар тақдим этилган.

Жорий йилнинг 17 май куни ўтказилган VI-чақириқ Халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашининг 20-сессияси очиқ деб эълон қилинган ва 30 нафар Депутатлардан 26 нафари сессисияда иштироки таъминланган (2 нафари касал,

2 нафари хизмат сафарида) ва Андижон шаҳар прокуратурасининг 06.05.2021 йил кунги «Депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисида»ги 16-21195/21-сонли тақдимномаси Андижон шаҳар прокурори ўринбосари С.Мамажонов томонидан ўқиб эшиттирилган ҳамда 21 нафар депутатлар розилик билдириб, 4 нафари қарши ва 1 нафари бетараф қолган ҳамда Тақдимнома қаноатлантирилган.

VI чақириқ Халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашининг 20-сессиясида «Депутатнинг дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисида»ги масалани кўриб чиқишдан олдин Кенгаш томонидан сессияда мобил телефонлар ва камералардан фойдаланмаслик юзасидан келишиб олинган ҳамда бу бўйича сессия иштирокчилари огоҳлантирилган эди.

Бундан кўзланган мақсад, айблилиги исботланмасдан туриб, депутатнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ва тасдиқланмаган маълумотларни ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетишини олдини олиш бўлган.

Шу сабабли мазкур сессияда депутатлардан мобил телефон ва камераларни ташқарида қолдириш ҳамда мажлис залига телефонини олиб кирган депутатлардан уни ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига топшириш сўралган».

Айтиш жоиз, мазкур ҳолат Олий Мажлис Сенатининг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятига кўмаклашувчи комиссияси томонидан назоратга олиниб, ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

«Халқ сўзи» ўрганиш натижаларини кузатишда давом этади.

Саминжон ҲУСАНОВ,

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?