Андижон шаҳрида 74 ёшли аёл ўнинчи бор судланди: бунга ким айбдор?

Бугун қай бир ёши улуғ инсон билан фикрлашманг, ёшларнинг тарбиясидаги айрим ҳолатлардан кўнгли тўлмаётганлигини айтади. Аслини олганда, ҳамма даврларда ҳам шундай бўлиб келган. Катталар ёшлардан қониқмайди, ёшлар эса катталардан. Бироқ, масаланинг муҳим томони борки, буни ҳеч ким ўйламайди. Ҳамма гап шундаки, ҳар ким ўзини ўзи ислоҳ қилиши керак. Токи, тирик эканмиз, умримизнинг бир куни бўлса ҳам қолган экан, билингки, биз тарбияга муҳтожмиз. Ёшларни айблашдан олдин ўзимизни ўнглашимиз, катталарга эътироз билдиришдан аввал маслаҳатини таҳлил қилиб кўришимиз керак. Навбатдаги суд мажлисига гувоҳлик қилар эканман, воқеа жараёнига қандай баҳо беришни ҳам билмай қолдим. Ахир, айни пайтда суднинг қора курсисида бебошлик қилган ўспиринлар ҳақида эмас, фарзандлари учун турмуш ўртоғидан алимент ундириш истагида бўлган ёш она ҳақида эмас, аксинча, ҳаётнинг яхши-ёмонига гувоҳ бўлган, фарзандию, набираларини жамиятдаги фаолликка қўшиб улгурган, 74 ёш баҳорни қарши олган онахон ҳақида фикр билдириш лозим.
Инсоннинг боши деворга урилганидагина ақли киради деган, гап бор. Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи Ҳадича Хайриддинова (исм-шарифлар ўзгартирилган) ақлини йиғиб олиши учун деворга неча бор рўбарў келиши кераклигини, тўғриси, тушунолмай ҳам қолдим. Ёши улуғлиги бир тарафу, бу гал ўнинчи марта судланаётганлиги бир тараф бўлиб қолди. Аксарият қонунбузарлар биринчи судланувдаёқ ўзига тўғри хулоса чиқариб, ҳаётини изга солиб олади. Бироқ, Ҳадича хола ундай қилмади...
Сўнгги 14 йил суд зали унинг уйига айланиб қолди, гўё. Илк бор 2007 йилда жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг ҳукмига асосан 2 йил синов муддати белгиланди. Бу муддат ҳали ниҳоясига етмай, яъни орадан роппа-роса бир йил ўтиб, яна жиноят содир этди. Бу гал жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди ҳукмига кўра 3 йил синов муддати тайинланди. Шу тариқа у «жиноий жавобгарликлар эсдалик дафтари»даги саҳифасини бойита бошлади. Шундай пайтлар бўлдики, бир йилда икки марта суднинг қора курсисидан жой олди. Мана шу давр мобайнида бирор марта жазони ўтаб улгурмади. Инсон манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилувчи қонунимизда неки, имтиёз ва имконият бўлса барчаси қўлланилди. Аёлга унинг турмуш шароити, саломатлигидаги муаммоларни ҳисобга олган ҳолда енгиллик яратилди. Онахон бундан ўзига тўғри хулоса чиқариши, ҳаётини изга солиши, ўзининг яхши амаллари билан фарзандлари, атрофидагиларга ибрат бўлиши керак эди. Аксига олиб, бундай бўлмади.
— Судланувчи Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан ташкил этилган «Таркибида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалари бўлган дори-дармонларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш» тадбири давомида қўлга олинган, —дейди суд раиси Ҳусниддин Камолов. — Фуқаро Андижон шаҳридаги «Юксалиш» кўчасида дори воситаларини ноқонуний равишда сотаётганлиги маълум бўлди. Холислар иштирокида ёни текширилганида 203 дона дори воситалари борлиги аниқланган. Суд ҳайъати судланувчининг хатти-ҳаракатларини қонун доирасида ўрганиб чиқди ва одил ҳукм чиқарди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, ундан олиб чиқиш ва транзит тарзида ўтказиш тартибини, шунингдек, уларнинг муомалада бўлиш юзасидан назоратини такомиллаштириш тўғрисида»ги 2015 йил 12 ноябрдаги қарорига ўзгартириш киритиш ҳақидаги 2018 йил 27 октябрдаги қарорига кўра трамадол, циклодол, фенобарбитал каби воситалар республика ҳудудида муомаласи чекланган гиёҳванд воситалар рўйхатига киритилган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида кучли таъсир қилувчи моддалар муомаласини тартибга солиш тўғрисида»ги 2019 йил 27 сентябрдаги қарорида эса прегабалин ва тропикамид моддалари кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига кириши кўрсатилган. Судланувчи бу ҳақида аввал ҳам огоҳлантирилган бўлишига қарамай, ноқонуний ҳаракат содир этишда давом этган.
Судланувчи суд залида айбига тўлиқ иқрор эканлигини маълум қилар экан, бир неча йиллардан буён саломатлигида муаммо мавжудлигини, ушбу дори воситаларини шифокорлар тавсиясига асосан қабул қилишини, уйида озиқ-овқат маҳсулоти йўқлиги туфайли дориларни сотиб, пулига тирикчилик қилишга мажбур бўлганлигини баён қилди.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: юзага келган ҳолатда фақат судланувчи айбдорми? Аёл 14 йил давомида такрор ва такрор судланишга улгурсаю, хавфли рецидивист мақомини олсаю, наҳотки, мутасадди идоралар вакиллари фуқарони назоратга олиш имконини топа олмади? Қолаверса, Андижон шаҳридаги «Юксалиш» кўчаси дори воситалари билан ноқонуний савдо қилувчиларнинг масканига айланганига 10 йилдан ошди. Тўғри, ички ишлар идоралари ходимлари томонидан йилда бир-икки марта бу ҳаракатларга қарши тадбирлар ўтказилади. Кимдир қонун олдида жавоб беради. Эртасига эса инсон руҳиятига салбий таъсир қилувчи, кишини сархуш қилувчи, соғлиқ учун ўта хавфли бўлган дори воситалари савдоси билан шуғулланувчи бошқа аёллар ҳар кунги фаолиятида бамайлихотир давом этадилар. Ушбу ҳудудга масъулларнинг бундан хабари йўқ, деб ўйлайсизми?
Хуллас, саволлар кўп, жавоб эса йўқ. Кўзимизга арзимасдек кўринган айрим ҳолатлар ўз вақтида бартараф этилмас экан, саволлар уммонига ғарқ бўлиб юраверамиз.
Ҳадича Хайриддинова масаласига қайтсак, суд унга нисбатан 3 йил синов муддатини тайинлади...
Саминжон ҲУСАНОВ,
«Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Сардобанинг сири нимада?
- Тошкентда «Иқтисодиёт ва бизнес бошқаруви соҳаларида илғор тадқиқотлар» мавзусидаги халқаро илмий симпозиум ўтказилди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг