Амир Темурнинг маҳобатли ва муҳташам Оқсаройидан фоторепортаж
Фото: Даврон Эрназаров / «Халқ сўзи»
Оқсарой — Амир Темур томонидан 1380—1404 йиллар қурдирилган Шаҳрисабз (эски номи Кеш)даги маҳобатли ва муҳташам саройдир. Меъморий ёдгорлик шаҳарнинг шимоли шарқий қисмидаги бош майдонда жойлашган.

Сарой қурилишида хоразмлик усталар қатори, маҳаллий ҳамда бошқа мамлакатдан келган усталар ҳам қатнашган. Бунга бино пештоғидаги ёзувлар орасида эронлик Муҳаммад Юсуф Табризий номи икки марта такрорлангани ҳам далил бўлади.


Оқсаройнинг аввалги ҳолати тўғрисида фақат ёзма манбаларга қараб фикр юритиш мумкин. Хусусан, Бобурномада келтирилган маълумотларга кўра, ҳовли ўртасида ҳовуз, тўрида гумбазли катта хона — девонхона, ёнларида маслаҳатчилар учун кичик хона, ҳашаматли равоқли бостирмалар, ички томонида ҳарам ва амирнинг хонаси жойлашган бўлган.

Девонхона пештоғида арслон ва қуёш тасвири ва Темур давлатининг 3 ҳалқа шаклидаги нишони бўлган. Гумбаз ичи ва ёнларига, бурчаклардаги минораларга кошин-ғиштлардан қалқон шаклидаги гириҳ нақшлар ишланган.


Оқсарой деворларидаги ранглар жилоси, тарихий, фалсафий ва диний мавзудаги, куфий ҳамда сулс ёзувлари, кошинкор безаклар, исломий, гириҳ нақшларнинг ўзаро уйғунлиги бинога ажиб ва сеҳрли мазмун бағишлаган. Рангларнинг ой ёғдусида жилоланиб, оқариб кўриниши бинонинг Оқсарой деб номланишига сабаб бўлган.


Саройнинг ўзига хос хусусиятларидан яна бири — том тепасига ишланган ҳовуздир. Ҳовузга сув «Тахтақорача» довонидан қўрғошин қувурлар орқали оқиб келиб, ундан шаршара ҳосил қилиб пастга туширилган.

Деярли чорак аср давомида қурилган бу бино тўғрисида Абдураззоқ Самарқандий қуйидагича маълумот берган: «Темур ишга яроқли бўлганларнинг ҳаммасини Хоразмдан Мовароуннаҳрга кўчириш учун буйруқ берди... Хоразмлик усталар баланд ва салобатли сарой қуришди, ҳозир у Оқсарой номи билан машҳур».


Испаниялик машҳур сайёҳ ва дипломат Клавихо саройни кўздан кечираркан (1404 йил 29 август), у ҳамон қуриб битказилмаганини, баъзи жойларининг кошинли нақшлари тугалланмаганини, шунга қарамай, жуда ҳайратланарли ва ниҳоятда гўзаллигини ёзади.


Бир замонлар муҳташам ва ҳашаматли бўлган бу саройнинг бизгача емирилиб, хароба ҳолга келган улкан пештоғи, икки чеккасидаги минораси, сарой пойдеворининг бир қисмигина сақланиб қолган холос. Оқсаройнинг ҳозирги кўриниши ҳам салобатли ва гўзалдир. Пештоқ равоғининг эни 22,5 метр, баландлиги 40 метр, умумий баландлиги эса 50 метрдан ошади. Пештоқ минораси ичидаги айланма зина орқали юқорига чиқилган.



Ҳозирда дарвоза олдидаги майдон кенгайтирилиб, замонавий ҳайкал ва ободонлаштириш ишлари олиб борилган. Майдон марказида Амир Темур ҳайкали ўрнатилиб, бутун мажмуа ёдгорлик ва сайёҳлик масканига айлантирилган. Бу ҳудуд — ўзига хос тарихий-маданий марказ бўлиб, Оқсаройнинг собиқ улуғворлигини эслатувчи йирик меъморий ансамбль саналади.




Муҳсин Умурзоқов,
Даврон Эрназаров,
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида Самарқанд мактабининг янги нафаси
- Имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи рўйхатни тузиш тартиби белгиланди
- Иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касбга оид касалликлар ҳақидаги маълумотларнинг яхлит тизими йўқлиги кўрсатиб ўтилди
- Ламин Ямал «Барселона»ни тарк этиши мумкин
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг