Амир Абдулаҳадхон кийган тўн

17:40 04 Февраль 2025 Жамият
347 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Бухоро шаҳридаги Ситораи Моҳи Хосса халқ амалий безак санъати музейида бўлган кишининг эътибори бутадор нақшли тўнга тушиши тайин. Қўл меҳнати маҳсули саналган бу тўн XIX аср бошларида амир Абдулаҳадхон учун махсус тайёрланган. Ҳукмдор уни тантанали маросимларда кийган.

Ўша даврларнинг бахмалу шойи матосидан фойдаланилган, кумуш симларида 20 фоизгача тилла суви юритилган бу ноёб тўн узоқ йиллар мобайнида кўргазма залларида намойишга қўйилди. Пировардида зардўзи безакларнинг оғирлиги, қолаверса, вақт таъсирида унинг елка қисмлари кирлангани, титилгани кузатилди. Алалхусус, Бухоро давлат музей-қўриқхонасининг таъмирлаш бўлимига топширилди.

Дастлаб мато ва зар устида тест ўтказилди, — дейди музей-қўриқхона илмий ходими С. Носирова. — Шундан келиб чиққан ҳолда таъмирлаш ишларини бир неча босқичда амалга ошириш режалаштирилди. Таъмирлаш жараёнида ангишвона, қайчи уштургардон (туя бўйин қайчи), патила, юмшоқ шчётка, ипак ип, зар ип, ингичка игна, арганза мато, спирт, аммиак, тозаланган сув, пахта ўрамидан фойдаланилди. Сабр-тоқат, қунт ва малака талаб қиладиган, ўн босқичдан иборат реставрация ишлари натижасида бутадор тўн асл ҳолига келди. Натижада у яна музей экспонатлари қаторидан ўрин олди.

Айтиш жоизки, бу тўнни нафақат Абдулаҳадхон, балки Амир Олимхон ҳам тантанали тадбирларда кийиб чиққан.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?