Америкада суратга олинаётган ўзбек фильми

15:56 23 Ноябрь 2022 Жамият
249 0

Кинематография агентлиги буюртмасига биноан Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси томонидан Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири, мамлакат мадҳияси муаллифи Абдулла Орипов ҳақида бадиий фильм тасвирга олинмоқда. Бу ҳақда киностудия хабар берди.

Бадиий фильмни яратиш ғояси Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган бўлиб, ҳозирда фильмнинг съёмка жараёнлари бўлиб ўтмоқда. Ижодий гуруҳ Ўзбекистондаги тасвирга олиш ишларини якунлаб, АҚШда суратга олиш ишларини давом эттиришмоқда.

— Замонавий техникалар билан хорижда фильм суратга олиш имкониятини яратиб бергани учун Президентимизга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Бу Давлатимиз раҳбарининг кино соҳасига, киноижодкорларга қаратаётган алоҳида эътиборидан далолат беради. Ўзбек киноижодкорларининг Голливудда ўз қаҳрамонлари ҳақида фильмлар яратишини тасаввур қилиш қийин эди, энди эса бу ҳақиқат. Шунингдек, ушбу лойиҳани амалга оширишда ёрдам ва кўмак кўрсатаётган Ўзбекистон Кинематография агентлигига алоҳида миннатдорчилик билдираман, – деди “Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси” ДУК раҳбари, фильм сценарий муаллифларидан бири Фурқат Усмонов.

Фильм режиссёри Музаффархон Эркинов Голливудда фильмнинг қайси эпизодлари суратга олинаётгани ҳақида батафсил тўхталиб ўтди:

— Абдулла Орипов ҳаётининг сўнгги ойлари АҚШда ўтган. У Техас штатининг Хюстон шаҳрида яшаган. Шу сабаб шоирнинг қизи Мавлуда Орипова хонадонида, шунингдек, шоир сайр қилишни жуда яхши кўрган Тинч океани соҳилларида эпизодлар суратга оляпмиз. Биз бу эпизодларни Голливудда суратга олдик. Фильмда шоирнинг набираси ҳам ўз образини ўзи гавдалантирмоқда, — дея шарҳлайди Музаффархон Эркинов.

Суратга олиш ишлари АҚШнинг Хюстон, Лос-Анжелес ва Нью-Йорк шаҳарларида олиб борилмоқда. Фильмда Абдулла Ориповнинг кексалик даврини Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, Сурхондарё театри актёри Қудратилла Бурхонов, шоирнинг рафиқаси Ханифа Мустафоева ролини эса Ўзбекистон халқ артисти Гулчеҳра Жамилова ижро қилмоқда. Бундан ташқари кинокартинада "Дўстлик" ордени соҳиби, шоир Шодмонқул Салом, маҳоратли ёш актриса Райҳон Асадова ва бошқа маҳоратли актёрларни ҳам кўриш мумкин.

Фильм бош продюсери Фирдавс Абдухолиқов, сценарий муаллифлари Минҳожиддин Мирзо, Муқаддас Усмонова ва Фурқат Усмонов, постановкачи режиссёр Музаффархон Эркинов, постановкачи оператор Равшан Мирзакамолов.

Фильм премьераси йил якунига режалаштирилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?